07:40 / 28.08.2017
6807

Шавкат Мирзиёев Жаҳон сайёҳлик ташкилоти бош котибини қабул қилди

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 27 август куни Самарқанд шаҳрида “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали ва “Жаҳон тамаддуни тарихида Марказий Осиё Ренессанси” халқаро анжуманида иштирок этиш учун мамлакатимизда бўлиб турган БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилоти бош котиби Талеб Рифаини қабул қилди. 

Ўзбекистон Жаҳон сайёҳлик ташкилотига 1993 йилда аъзо бўлган. 2004 йилдан Самарқанд шаҳрида ушбу ташкилотнинг Буюк ипак йўли бўйича минтақавий офиси фаолият юритмоқда. Ҳамкорлик натижасида ўтган даврда Ўзбекистоннинг туризм соҳасидаги салоҳиятини рўёбга чиқариш ҳамда жаҳон туризм бозорида тарғиб қилишга қаратилган ўнлаб муҳим лойиҳалар амалга оширилди. 

Учрашувда туризм соҳасидаги амалий ҳамкорликни янада мустаҳкамлашнинг истиқболли йўналишлари муҳокама қилинди. 

Ўзбекистон ва Марказий Осиё минтақаси бўйлаб саёҳатларни оммалаштириш бўйича ўзаро мувофиқлаштирилган чора-тадбирлар кўриш, туризмнинг янги турларини ривожлантириш ва харидоргир туризм маҳсулотлари ишлаб чиқиш, халқаро андозаларга жавоб берадиган замонавий инфратузилма яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. 

Талеб Рифаи Президентимиз Шавкат Мирзиёевга самимий қабул учун чин дилдан миннатдорлик билдирди ҳамда Ўзбекистонда туризм соҳасини иқтисодиётнинг стратегик тармоғи сифатида ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларга юксак баҳо берди. 

Рифаи Жаҳон сайёҳлик ташкилоти Ўзбекистонда туризмни ривожлантиришга доир дастур ва лойиҳаларни фаол қўллаб-қувватлаш ва уларда иштирок этишга тайёр эканини таъкидлади.

Top