14:40 / 31.08.2017
41108

Тошкентда Ислом Каримов ҳайкали очилди

Фото: Ўзбекистон 24

31 август куни Тошкент шаҳридаги Оқсарой қароргоҳида Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов ҳайкали очилиш маросими ўтказилди.

Очилиш маросимида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев, Биринчи Президентнинг турмуш ўртоғи Татьяна Каримова, бош вазир Абдулла Арипов ва унинг ўринбосарлари, вазирлик ва идораларнинг раҳбарлари ва ходимлари, парламент ва жамоатчилик вакиллари қатнашди.

ЎзА хабарига кўра, мажмуага ташриф буюрган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади.

«Ислом Каримов миллатнинг ҳақиқий етакчиси сифатида она халқини, гўзал ва бетакрор Ўзбекистонни жонидан ҳам ортиқ севар, унинг манфаатларини ҳимоя қилиш ва рўёбга чиқаришни ўз ҳаётининг бош мақсади, деб билар эдилар, деди давлатимиз раҳбари. У киши ўзининг «Элим деб, юртим деб, ёниб яшаш керак», деган ғоясига бир умр амал қилиб, келажак авлодлар учун буюк ибрат мактабини яратдилар. 

Бугундан бошлаб ушбу мажмуа бутун халқимиз учун қутлуғ ва табаррук қадамжо бўлиб қолади, албатта», дея президент сўзларини келтирган ЎзА

Мусиқа садолари остида Шавкат Мирзиёев ва Биринчи Президент рафиқаси Татьяна Каримова Ислом Каримов ҳайкалини очди. Ҳайкал пойига гул қўйилиб, унинг хотирасига ҳурмат бажо келтирилган. 

Маросимда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси М.Аҳмедов, Ўзбекистон Фанлар академияси академиги Ш.Каримов, Ўзбекистон халқ артисти Г.Мельникова, Тошкент шаҳридаги “Чилонзор” маҳалла фуқаролар йиғини раиси О.Муталов, ФИФА рефериси, “Эл-юрт ҳурмати” ва “Буюк хизматлари учун” орденлари соҳиби Р.Эрматов, Биринчи Президентимизнинг рафиқаси Татьяна Каримова Ислом Абдуғаниевич Каримов ўз халқини чексиз муҳаббат билан севгани, ўзининг сўнгги кунларига қадар бутун ҳаётини Ўзбекистонга хизмат қилишга бағишлагани, унинг сўнмас хотираси миннатдор юртдошларимизнинг, бутун халқимизнинг қалбида абадий сақланиб қолишини таъкидлади. 

Top