Чимнинг таъми қандай ёхуд Бабаянга бағишлов
Миллий терма жамоамиз ҳамма нарса ўзига боғлиқ бўла туриб, имкониятни бой берди. Тўғри, ҳисоб бўйича ютқазмади, лекин амалда шармандали мағлуб бўлди. «Шармандали» деганимнинг боиси ўз уйида тўп сура туриб, рақибга етарли босим ўтказа олмади, футболчиларнинг кўзи ёнмади, ҳатти-ҳаракатларида шиддат, шижоат етишмади. Иккинчи бўлимнинг катта қисми ўтиб, ўйин ўз якуни томон яқинлашиш арафасида футболчиларимиз белидан балчиққа ботган эшак аравадек имиллаб юришини кўрган шарҳловчи Константин Генич ҳам «ўйин суръатидан Ўзбекистонга ғалаба сув ва ҳаводек зарур деган таассурот уйғонмайди», дея ҳайратини яширмади.
Ўйлайманки, барча эҳтиросларни жиловлаб, дўппини бир четга олиб қўйиб фикр юритиш пайти келди. Чунки, орадан бир-икки кун вақт ўтди, оз-моз совугандек бўлдик. Шундай экан, келинг ҳаммамизни бирдек безовта қилаётган бош мураббий масаласини кўриб чиқамиз.
Тўғри, футболда биздан «бир-икки кўйлак ортиқ йиртган» мамлакатларда мағлубият ёки инқироз (ҳозирги ҳолатимизни шу сўз яхшироқ ифодалайди) учун кимнидир айбдор қилишмайди, балки бутун тизим қайта кўриб чиқилади. Лекин қандай қарорга келинишидан қатъи назар, аввало бош мураббий қайд этган натижалар чуқур таҳлил ва тафтиш қилинади. Кўп ҳолларда мураббийни алмаштириш биз билган ўша тизимли ва таркибий ўзгаришларнинг ажралмас қисми бўлади. Истаймизми йўқми, терма жамоа натижалари учун асосий жавобгарлик бош мураббий зиммасида.
Бош мураббий рисолада қандай бўлиши керак? Унинг шахсиятига қандай талаблар қўйилади? Бизнинг муҳтарам Самвел Бабаян бу талабларга нечоғлик жавоб беради? Қайси омиллар бўйича унинг кучли ва кучсиз жиҳатларига баҳо бериш мумкин?
Ижозатингиз билан, бу ерда мен чайналиб мағзаваси чиқиб кетган масала - тактик ўйин сифатига эътибор қаратмоқчи эмасман. Чунки Бабаян «услуби»да ва жамоасида тактика умуман кўзга ташлангани йўқ. Йўқ нарсани эса муҳокама қилиб ҳам бўлмайди.
Биринчи омил. Ғолиблик руҳияти
Бу Бабаян «услуби»даги энг заиф элемент бўлса ажабмас. «Йигитларимиз» (киноя учун узр) ватан шаъни учун ёнишлари, жонларини жабборга беришлари керак бўлган дамларда майдонда мақсадсиз тошбақадек судралиб юришди. Боксчиларимизни эсланг, азизлар! Ҳатто улар мағлуб бўлган жангларда ҳам улар ҳақиқий жасорат кўрсатишди. Ишонсангиз, Жанубий Корея билан учрашув якунланиб бораркан, Ҳасанбой Дўсматов ва Исроил Мадримов мағлуб бўлган бокс жанглари кўз ўнгимда кино лентасидек ўтиб турди. Шаҳрам Ғиёсовнинг финал жангини эса гапирмаса ҳам бўлади. Қоним қайнади! Худди севимли қаҳрамонимиз каби телевизорни ойнадан улоқтиргим келди. «Онамдан қолган тошойна қани» дея ҳайқиргим келди. Барча ишқибозлар шундай ҳолда ўтиришганига шубҳам йўқ. Футболчиларимизга жангчи қони, жангчи руҳи очиқчасига етишмади.
Мадримов, Ғиёсов, Дўсматов, Холдоров каби боксчиларимиз ҳақида гапирганда улуғ аждодлар тўғрисида ҳам сўз очиш мен учун асло ортиқча эҳтиросга берилиш ҳисобланмайди. Чунки, бу йигитлар, зарра бўлсаки шак-шубҳасиз, замонамиз Темурлари, Мангубердиларидир. Уларга бошим ерга теккунича таъзимдаман.
Анзур Исмоилов берган интервью эса миллий терма жамоамиз руҳиятини яққол очиб берди. Учрашув дуранг ҳисоб билан якунланиб бораркан, жамоа шармандаларча кейинги ўйин - плей-офф тўғрисида хаёл сура бошлади. Биз Эрондек ҳар бир ўйинда ҳаёт-мамот учун кураша олмадик. Бизда мудом имконият борлиги оёғимизга тушов бўлди. Бугун ютмасак, эртага ютамиз ва барчасини жойига келтириб оламиз, деган хомхаёл бизни юпатиб келди ва натижада эътиборни ҳар бир алоҳида ўйин учун максимал даражада жамлай олмадик. Сурияни менсимасдан майдонга чиқдик ва жазоландик, Эрондан қўрқдик, Марчелло Липпи деса оёғимиз қалтиради. Аслида эса биз ҳамма рақибни бирдек кўришимиз ва барча ўйинларга бирдек - финал ўйинидек ўта жиддий муносабатда бўлишимиз керак эди.
Бир саркарда дарё ортидаги душманни таслим қилиш учун дарё устига кўприк қурдирибди. Қўшинлари билан кўприкдан ўтгач, кўприкни ёқишга буйруқ берибди, токи бирор жангчи орқага қайтиш, чекиниш ҳақида хаёл қилмасин, дебди. Бизнинг «саркарда»нинг бутун цикл давомидаги фикру зикри эса ўша «кўприк»да бўлди, рақибларимиз тўплаган очколарни ҳисоб-китоб қилиш билан банд бўлди. Жамоага ҳам ана шундай номард ва қўрқоқ руҳиятни сингдирди.
Кўзи ёнган йигитлар, жонини жабборга берганлар мендан хафа бўлмасин. Денисов, Нестеров ва Аҳмедов, афсуски сизларни ксерокс ёки инкубатор машинасига солиб кўпайтириб бўлмайди. Афсус!
Иккинчи омил. Жисмоний тайёргарлик
Корейс жамоаси мураббийи бизни аяди. Ўлганнинг устига чиқиб, сакрагиси келмади. «Жамоангиз иккинчи бўлимда чарчагандек кўринди» деди. Ҳаллослаб қолиб, ўйин охирини ўрмалаб-сўрмалаб ўтказди, демади. Раҳмат унга.
Мен бир нарсани ҳеч тушуна олмадим. Нега ушбу циклдаги деярли барча учрашувларда ўйиннинг охирги 15-20 дақиқасида чарчаб қолиш ва натижада концентрацияни йўқотиш яққол кўзга ташланиб турганига қарамасдан, ўйинчиларимиз жисмоний тайёргарлик устида тер тўкишмади? Мураббий нега шу камчилигимиз тўғрисида бош қотирмади? Нега? Нега? Нега?
Учинчи омил. Хатоларни тан олиб, улар устида ишлаш
Ҳа, мураббий шахсияти шу ерда ҳам панд берди. У аввал бошдан нимани тўғри деб ҳисоблаган бўлса, ўша фикрида қаттиқ туриб олди. Деярли барча чизиқларда, айниқса ҳужумчи ва дарвозабон хусусида ўзини оқламасада, доим бир хил қарорни қабул қилаверди.
Бу мураббийда ижодкорлик ҳисси деярли ўлик эди. Таркиб ва тактикада вариативлик, ҳар хиллик қилишдан қўрқди ёки унинг қайсарлиги бунга йўл қўймади.
Баҳонабозлик бўйича эса у рекорд қўйган бўлса ажабмас. Мағлуб бўлганимизда мавжуд баҳоналарнинг ҳаммасини бирма-бир қўллай олди. Ноқулай об-ҳаво, сифатсиз чим, нохолис ҳакам, ва ҳоказо. Лекин ҳеч қачон мураббий ва жамоа айбдор бўлмади. Хитой билан меҳмондаги учрашувдан кейин журналистлар саволларига жавоб берар экан, безбетларча барча саволга тўтидек «биз мағлубиятга лойиқ эмасдик» дея жавоб қайтараверди. Ўз характерини, боладек хархашаларини кўрсатишга хитойликлар олдида уялмади ҳам.
Тўртинчи омил. Холислик
У холислик қила олмади. Одам ажратди. Бу унинг деярли барча қарорларида аниқ-тиниқ кўриниб турди. Мухлис ва мутахассислар орасида «Сергеев» мавзуси бежизга классикага айлангани йўқ. Қизиқ, Абдухолиқовда ўйин амалиёти йўқ экан, «Жей-Лига»да мунтазам ўйин амалиётига эга Фозил Мусаев нега бир дақиқа ҳам ўйнамади? Тўхтахўжаев, Кримец, Жепаров ва Ҳошимов қайси каромати учун терма жамоада доимий «прописка»га эга бўлишди? Мураббий бу саволларга жўяли жавоб топиб бера олгани ҳам йўқ.
Демоқчи бўлганим, мураббий нафақат профессионал, балки шахсий фазилатлар ҳам эгаси бўлмоғи зарур. У мардона, очиқ, оптимистик ва кучли руҳият эгаси бўлсин. Жамоада ҳам худди шундай руҳиятни шакллантира олсин.
Азизлар, жаҳон чемпионатига чиқа олмаганимиз аламли, албатта. Лекин жамоамиз шундай ўйин билан жаҳон чемпионати тўғрисида хаёл суриши унданда аламли эмасми? Мен ишонаманки, сиз миллат жамоаси бу ўйини билан жаҳон чемпионатига чиқиши тарафдори эмассиз. Биз ўз ўрнимизни, ҳурматимизни биладиган халқмиз. Бизга музқаймоқ ейиш учун жаҳон биринчилигига борадиган жамоа керак эмас. Биз бировнинг олдида уятли, тил қисиқ бўлишга ва оқибатда орқа эшикдан, хайр-хўшни насия қилиб қочиб қолишга ўрганмаганмиз.
Раҳимберди Мамаюсупов
Мавзуга оид
18:15 / 24.10.2024
ФИФА рейтинги. Ўзбекистон сўнгги 8 йилдаги энг яхши натижасини қайд этди
16:51 / 16.10.2024
Ўзбекистоннинг ЖЧ-2026га бориш имконияти кескин ошди – We Global Football
21:06 / 15.10.2024
ЖЧ-2026 саралаши. Ўзбекистон 10 киши қолган БААни пеналтидан киритилган гол эвазига мағлуб этди
14:53 / 15.10.2024