Жамият | 14:06 / 09.09.2017
65836
6 дақиқада ўқилади

Намунавий уйларнинг сифатсиз қурилишига сабаб нима?

Фото: od-press.uz

Кейинги йилларда халқимиз турмуш шароити яхшиланиб, шаҳар ва қишлоқ ўртасида фарқ қисқарди. 2009 йилдан буён қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар асосида қад ростлаб келаётган уйлар бунга исбот.

Бу замонавий уйларда яратилган шароитларни кўриб, ҳайратингиз ошади. Айниқса, катталар, болаларга алоҳида хоналар, уй бекалари учун қулай ва шинам ошхона киши ҳавасини келтиради. Атрофи ҳам обод, барча зарур инфратузилма объектлари қишлоқ кўркига-кўрк бағишламоқда. Лекин... 

Сир эмаски, мазкур уйлар борасида одамларни фақат бир масала ўйлантиради. У ҳам бўлса, қурилиш сифати. Бу бўйича аҳолида эътироз жуда кўп. Негаки, уйларни қуриш жараёнида сифатсиз маҳсулот ишлатиш, нуқсони билан эгасига топшириш каби ҳолатлар борлигини инкор этиб бўлмайди. Савол туғилади: қурилиш жараёнида сифат кўрсаткичлари қандай мезонлар асосида ўлчанади? Уйнинг ҳолатини ким назорат қилади?

Таъкидлаш керакки, сифат масаласини оширишда уч тизим назорати йўлга қўйилган. Уй, аввало, техник назоратдан ўтади. Буни «Қишлоқ қурилиш инвест» инжиниринг компанияси назоратчилари амалга оширади. Иккинчиси — муаллифлик назорати бўлиб, уни лойиҳани амалга оширган институт бажаради. Сўнг Республика архитектура ва қурилиш давлат қўмитаси давлат назоратини амалга оширади. Шунингдек, уй-жой эгаларининг ҳам назорати жорий этилган. Журнал юритилиб, унда уй-жой эгаларининг таклиф-эътирозлари инобатга олинади. Буларнинг барчаси жамланиб, шу тариқа шартнома имзоланади.

Қаранг, уй-жойнинг сифатини нақд уч ташкилот назорат қилмоқда. Шунга қарамай, улар орасида сифатсиз қурилаётганлари анча. Нима учун? Буни қандай тушуниш мумкин? Ё барча уй ҳам сифат назоратидан ўтмайдими? Ёки назорат қиладиганлар устидан ҳам назорат керакми? Уй эгаларининг назорати-чи? У қўштирноқ ичидагими?

Ҳа, бу текшириш аслида йўққа ўхшайди. Ахир, агар уй эгаси уйнинг сифатини назорат қилса, унинг таклифлари, хоҳиш-истаклари инобатга олиниб, пировардида ҳеч қандай эътироз туғилмаса, у ҳолда хонадон топширилганидан кейин шикоят қилиб юрармиди? Шунга ҳожат қолармиди? Назаримизда, йўқ…  

Яқинда Миллий матбуот марказида «Қишлоқ қурилиш банк» вакиллари иштирокида матбуот анжумани ўтказилди. Унда журналистларни қизиқтирган асосий масала сифат хусусида бўлди. Бу бўйича кўплаб саволлар берилди. Таассуфки, банк маъмурияти фақат молиялаштирувчи ташкилот ҳисобланиб, қурилиш сифати масаласи «Қишлоқ қурилиш инвест»га тегишли эканини қайта-қайта такрорлади. Хуллас, аксарият масалаларда масъулият улар гарданига юкланди.

Тўғри, банк фақат молиявий томони учун жавобгар. Лекин кишини бир масала ўйлантиради. Нима учун бу икки ташкилот ҳар гал алоҳида-алоҳида матбуот анжумани ўтказади? Бу уйларнинг қурилишига асосий масъуллар этиб бириктирилган бўлса, журналистларга холис, атрофлича маълумотни бериш учун бу икки ташкилот бирлашиб тадбир ўтказиши ҳар томонлама тўғри эмасми? У масалада буни, бу масалада уни айблаб аравани олиб қочишдан мақсад не?  Модомики, бу икки ташкилот «бир-бири учун жавоб бермайдиган» экан, фуқаро уйнинг сифатига эътироз билдирмай, банкка ҳар ой рози бўлиб пул тўлаши учун биттаю битта йўли бор: у ҳам бўлса, қурилишни лойиҳалаштирувчи ҳам, молиялаштирувчи ҳам битта ташкилот негизида бўлиши керак. Буни амалга татбиқ этиш фурсати етди. Ана шунда одамлар норози кайфиятдан халос бўлади.  

Ўзингиз ўйлаб кўринг, уйнинг сифатидан норози бўлиб, банкда бошланғич бадални шакллантирган харидорнинг пулини қайтариб олганини ҳеч эшитганмисиз? Шундай ҳолатлар бўлганми? Бундай ҳол ҳали бирор марта ҳам қайд этилмаган бўлса керак. Қайтага, ҳали қурилиши битмаган уйга ҳар ой фоиз тўланади. Аслида бу ҳам фуқаронинг манфаатларига зид эмасми? Шу боис шартнома шартларини қайтадан кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ. Уни харидорга оғирлиги тушмайдиган, ҳақ-ҳуқуқлари поймол этилмайдиган тарзда тузиш керак.

Ахир қандай қилиб ҳали тугалланмаган уйга тўлов ундирилади? Белгиланган қоидага кўра, хонадон соҳиби уйнинг сифатидан қониқмай, уни қабул қилиб олишдан бош тортиши ҳам мумкин-ку?! Бунга юз фоиз ҳақли. Назаримизда, у азбаройи хонадон қийматининг муайян қисмини банкка олдиндан тўлаб қўйгани учун бундай қила олмайди. Пули «куйиб» кетишидан қўрқади. Демак, бир ташкилот иккала масалага ҳам масъул бўлиши шарт. Шунда одамлар қўлида ариза кўтариб, зир югуриб юрмайди...

Бугун дунёнинг айрим бурчакларида паноҳ излаб, бошпанасиз юрган одамлар оз эмас. Кўп давлатларда, ҳатто ривожланган мамлакатларда ҳам молиявий-иқтисодий инқироз ҳануз давом этмоқда. Оқибатда, уларнинг айримларида ипотека бозори бугун тўлиқ тикланмаяпти. Молия бозорининг бир қатор тармоқларида боқиманда қарзлар кўпайиб бораётгани катта муаммоларни келтириб чиқармоқда.

Шундай мураккаб шароитда мамлакатимизда уй-жой қуриш кўлами йилдан-йилга ошиб бормоқда. Ўтган йиллар давомида республикамизда жами 65 мингдан зиёд намунавий лойиҳалар асосида якка тартибдаги уй-жой қурилди. Биргина жорий йилда эса Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 21 октябрдаги «2017-2021 йилларда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастури тўғрисида»ги қарорига асосан, мамлакатимизда 15 мингта тураржой қурилмоқда. Айни пайтда уларнинг кўпи ўз эгаларига топширилди. 

Бу, албатта, ҳар биримизга чексиз фахр-ғурур бағишлайди. Чунки халқимизнинг турмуш даражаси йилдан-йилга ошиб, яшаш сифати юқорилаб боряптики, шундай уйлар қурилмоқда, уларни одамлар харид қилмоқда. Шундай экан, бу хайрли бунёдкорлик жараёнида, масъуллар зиммасидаги вазифага лоқайд қарашга ҳаққи йўқ. Акс ҳолда, одамларнинг уларга ишончи йўқолиши мумкин.


Манба: Оила даврасида

Мавзуга оид