Венесуэла мухолифати республика раҳбари Николас Мадуронинг сайловларда расман эълон қилинган ғалабасига рози бўлмаган ҳолда 17 август куни «Венесуэла ва бутун дунё кўчаларида» глобал норозилик намойишлари ўтказишга чақирди. «Бу хабар бугунги Венесуэлада ўзини танимаётган, оиласи ажратилишидан чарчаган, овоз берган ва 28 июлда қарор қилинган нарса ҳурмат қилинишини истаганлар учундир», - дейди мухолифат етакчиси Мария Корина Мачадо 12 август, душанбага ўтар кечаси.

Мачадо, шунингдек, одамларни ўзлари яшаётган шаҳарда фаол бўлишга ва намойишларга қўшилиш учун «таклиф қилмоқчи бўлган ҳар бир киши билан» видеони баҳам кўришга чақирди. Мухолифат етакчисининг хабари чоп этилганидан кейинги дастлабки тўрт соат ичида бир ярим миллион марта кўрилган.

Сайловда иштирок этиши тақиқланганидан кейин сайлов бюллетенида Мачадо ўрнига келган мухолифат номзоди Эдмундо Гонсалес Уррутиа алоҳида шундай деди: «Биз ғалаба қозондик, Венесуэла ғалаба қозонди. 17-куни кўришгунча». Иккала мухолифат етакчиси ҳам бир ҳафтадан кўпроқ вақт давомида яшириниб юрибди. Мачадо яқинда номаълум жойга олиб кетилган Венесуэла мухолифати вакиллари туфайли ўз ҳаётидан хавотирда эканини айтди, деб таъкидлади AFP.

АҚШ Мадурога президентликдан воз кечиш эвазига амнистия таклиф қилди

Оқ уй махфий музокаралар давомида Николас Мадурога амнистия эвазига Венесуэла президенти лавозимидан ихтиёрий равишда воз кечишни таклиф қилди, деб хабар берди The Wall Street Journal (WSJ) ўз манбаларига таяниб. Қўшма Штатларда Мадуро ва унинг юқори мартабали шериклари гиёҳванд моддалар савдоси ва хусусан, АҚШга кокаин олиб киришда иштирок этганликда айбланган.

WSJ суҳбатдошларининг таъкидлашича, Вашингтон Мадурога 2023 йилда Доҳадаги махфий музокаралар чоғида худди шундай шартларда амнистия таклиф қилган. Бироқ ўшанда Венесуэла раҳбари ҳокимиятдан муддатидан олдин воз кечиш шартларини муҳокама қилишдан бош тортган ва шундан бери унинг позицияси ўзгармаган. 9 август куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Мадуро Қўшма Штатлардан «Венесуэланинг ички ишларига аралашмасликни» сўради ва агар Вашингтон унга ҳурмат кўрсатса, у билан музокараларга очиқлигини таъкидлади.

Мадуро Венесуэла раҳбари этиб қайта сайланди

Венесуэлада президентлик сайловлари 28 июл куни бўлиб ўтди. Мамлакат ҳукумати назоратидаги сайлов комиссиясининг маълум қилишича, аввалроқ мамлакатни икки муддат президентлик лавозимида бошқарган Мадурони сайловчилар 51,2 фоизи қўллаб-қувватлаган. Бироқ халқаро кузатувчиларга сайловларда иштирок этишига рухсат берилмаган.