Жаҳон | 08:37 / 02.07.2024
6225
2 дақиқада ўқилади

Туркия шаҳарларида суриялик мигрантларга қарши норозилик намойишлари бўлиб ўтмоқда

Барчасига суриялик мигрантлардан бири 5 ёшли қизчага шаҳвоний тажовуз қилиб, уни видеога олиб тарқатганидан бошланган. Асосан Сурия билан чегарадош шаҳарларда жаҳл отига минган турклар суриялик қочқинларни уришган, уларга тегишли автомобилларни ёқиб, дўконларни тошбўрон қилишган.

​​​​​​​Фото: Reuters

Мудҳиш воқеа Қайсари шаҳрида содир бўлган. Энг аввало 1 июлга ўтар кечаси Қайсарида тартибсизликлар уюштирилган. Жаҳл отига минган турклар кўчаларда суриялик мигрантларни тутиб уришган. Фуқаролар суриялик мигрантлар тўпланган геттоларга бостириб киришган. Уларга тегишли автомобилларни ағнатиб, ёқишган. Дўконларига ҳужум қилишган. Уйлар ва дўконларга ўт қўйилган. Ўт ўчирувчиларнинг машиналарини ўраб олиб, воқеа жойига киритишмаган.

Ҳукумат норозилик намойишларни бостириш учун қўшимча кучлардан фойдаланган.

Суриянинг мухолифатчи кучлар назорати остидаги шимолий қисмларида ҳам бунга жавобан норозиликлар бўлиб ўтган. Улар шаҳарларда осиғлиқ турган Эрдўған суратлари ва Туркия байроқларини йиртишган, ёқишган ва топташган. Турк ҳарбийларига ҳужумлар қилишган. Ҳаттоки бир жойда Kirpi ҳарбий машинасини эгаллаб олишган.

Масалан, Суриянинг Африн шаҳрида кўча жангларида 7 киши ҳалок бўлгани ва 25 киши яралангани маълум қилинмоқда.

Туркия Сурия шимолидаги қуролланган мухолиф гуруҳлар назорати остида бўлган ҳудудларда мобил интернет алоқасини тўлиқ узиб қўйган, деб ҳабар беради Sky News Arabic.

Туркия армияси аксил турк исённи бостириш учун Сурия шимолига қўшимча кучлар жўнатган. Чегарадаги барча ўтказиш дарвозалари ёпилган. Барча давлат хизматчилари ва ҳукумат мулозимларига шимолий Сурияни зудлик билан тарк этиш буюрилган.

Сурияликларнинг эътирозидан хабар топган туркларнинг бир гуруҳи чегарадаги Ўнчупинар дарвозаси томонга йўналган. Улар Сурияга кириб, ўша ерда сурияликларнинг таъзирини бериб қўйишга ҳаракат қилишган.

Сурияликларга қарши рейдлар Ҳатай, Анталия, Ғозиантеп, Кўня, Қайсари каби шаҳарларда бўлиб ўтган. Ҳатайнинг Райҳонли шаҳрида минглаб маҳаллий аҳоли кўчага тўпланиб, “Мамлакатда мигрантларни кўришни истамаймиз”, деб бақиришган.

Мавзуга оид