Спорт | 10:36 / 11.09.2017
8879
5 дақиқада ўқилади

«Арсенал»да «фуқаролар уруши». Венгер кетса, жамоа «МЮ» ҳолига тушмайдими?

Бугунги кунда «Арсенал» мухлислари орасида «фуқаролар уруши» авжига чиққан. Уларнинг ярми WengerOut байроғи остида ҳаракат қилаётган бўлса, қарши тараф мураббий ҳимоясига чоғланган. Иккинчи томон ҳам жамоадаги муаммоларни тан олса-да, бир неча йил олдин «Манчестер Юнайтед» билан содир бўлган ҳолат такрорланишидан чўчимоқда. 

Узоқ йиллик мураббий Алекс Фергюсон истеъфосидан кейин, манчестерликлар ҳалигача ўзларига келиб улгургани йўқ. То 2014 йилгача АПЛдаги энг ёмон кўрсаткичи 3-ўрин бўлиб келган жамоа, мана Фергюсондан кейинги тўрт йилдирки, ҳали ўша ўринга чиқа олмади. «МЮ» сўнгги 4 йилда атиги бир марта кучли тўртликдан жой ола билди холос. Фергюсоннинг сўнгги йилида «МЮ» катта фарқ билан Англия чемпиони бўлган ва кейинги йили 7-ўринга тушиб кетганди. Шундоғам, кучли тўртлик учун курашиб келаётган «Арсенал» бундан бадтар бўлиб кетмайдими?  

Йўқ. Буни рад қилиш учун бир қатор сабаблар бор. 

Биринчидан. Алекс Фергюсон бошқарувининг сўнгги 5-6 йилида деярли юлдуз футболчи сотиб олмаган. Робин ван Персидан ташқари. Янги мураббий келганда, жамоада тўп сураётган аксарият футболчилар катта футболда Фергюсондан бошқа мураббий кўрмаган ҳам эдилар. Балки мана шунинг учун ҳам, ўзгаришлар уларга кескин тарзда таъсир қилди. 

Бундай ҳолат «Арсенал»да рўй бермаслиги аниқ. Жамоа ҳар йили таркибга кучли футболчиларни қўшиб олишда давом этмоқда. Футболчиларга эътибор берсангиз, шаклланиши Венгер билан боғлиқ бўлмаган бир қатор яхши футболчиларни кўрасиз. «Арсенал» таркибидаги футболчилар 4 йил олдинги «МЮ»дагилардан кўра ўзгаришларга чидамлироқ, деб бемалол айтиш мумкин.

Иккинчидан. Мураббий фактори. Алекс Фергюсон Манчестерда шу қадар эътибор қозонган эдики, ўз ворисини ҳам ўзи танлади. Клуб раҳбарлари тўлиқ унга ишонди ва жамоага катта клубларда ишлаш тажрибаси бўлмаган Давид Мойесни олиб келишди. Мойес яхши тренер бўлиши мумкин, аммо юлдузлар билан ишлашда муаммоларга дуч келди. Футболчиларни ўзига ишонтира олмади, Фергюсоннинг ўрнини босиш учун кичиклик қилди. 

Айнан мана шу воқеа «Арсенал» учун ҳам тажриба вазифасини ўтаган бўлиши табиий. Мободо Венгер кетадиган бўлса, клуб раҳбарлари имкон қадар машҳур ва тажрибали мураббийни олиб келишга ҳаракат қилишлари турган гап. «Арсенал» «МЮ» босган йўлни босиб ўтмайди, чунки бу ишнинг риски катта эканлигини билиб бўлди. 

Учинчидан. Босим «Манчестер Юнайтед»даги каби эмас. Ниҳоят мана тўртинчи йилга келибгина, «Манчестер Юнайтед» мухлислари вазиятни реал қабул қилишга ўрганди, менталитет ўзгарди. Учинчи ёки тўртинчи ўринга ҳам рози бўлишни, лигадаги жуда кучли рақобат остида бундай натижалар учун ҳам хафа бўлмасликка кўника бошлади. Иккинчи ўринни ҳам муваффақиятсизлик каби қабул қилмай қўйишди. Мана шу ҳолатга келиш учун бир неча йил ўтиб кетди ҳам. 

«Арсенал»нинг янги мураббийида Мойес ёки Луи ван Гаал ҳис қилган босим бўлмайди. Худди Жозе Моуриньо келиши билан Фергюсон билан эмас, Мойес ёки Ван Гаал каби мураббийлар билан таққосланиб, унга осонроқ бўлганини эътиборга олсак, Венгернинг вориси ўша аср бошидаги енгилмас Венгер эмас, сўнгги йиллардаги Венгер билан таққосланади. 

Лондонликлар клуби ўтган йили 5-ўрин билан кифояланишди. Демак, янги мураббий учун мана шу атрофда бўлиш дастлабки йиллар учун қабул қилинарли натижа бўлади. Ҳатто трансферлар учун бир неча юз миллион сарфласа ҳам.  

«Манчестер Юнайтед» тажрибаси бу пасайишларнинг истисно эмас, табиий ҳолат эканини исботлаб бўлди. Яъни, энди нафақат «Арсенал» мухлислари, умуман, футбол жамоатчилиги ҳам «Арсенал»даги ўзгаришларни оддий қабул қилади, турли эсанкирашлар бўлмайди. Янги мураббий бемалол, бир икки йил босимлардан ҳоли тарзда ўз жамоасини қуриб олиши мумкин бўлади. 

Қаҳрамон Асланов

Мавзуга оид