13:56 / 15.09.2017
12912

Ҳиндистон мамлакатга қочиб ўтган роҳингя мусулмонларини депортация қилмоқчи

Фото: AP

Ҳиндистон ички ишлар давлат вазири Хансраж Гангарам Ахирнинг маълум қилишича, ҳукумат мамлакатда ноқонуний мақомда бўлиб турган роҳингя мусулмонларига “ишона олмайди”, ҳамда халқаро босимга қарамай, уларнинг депортацияси устида иш олиб боришда давом этади.

Ҳиндистонда БМТ томонидан рўйхатдан ўтказилмаган тахминан 40 минг роҳингя мусулмонларини депортация қилиш масаласи август бошидан бери муҳокама этилмоқда. Ҳукумат маҳаллий ҳокимиятларга мамлакат ҳудудида ноқонуний бўлиб турган барча хорижий фуқароларни аниқлаш ва депортация қилиш бўйича ишлар олиш боришни топширгани ҳақида хабар берганди. Муаммо Мьянманинг Ракхайн штатидаги можаро кескин тус олгач, янада оғирлашди.

Ҳиндистоннинг бу борадаги режалари БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Зайд Раад ал-Ҳуссайн томонидан танқид остига олинди. Деҳлининг жавоби эса тушунарсиз бўлди. Аввалига, ИИВнинг бошқа бир вакили Кирен Риджижу сешанба куни роҳингя мусулмонларини депортация қилиши бўйича якуний режалар ҳозирча йўқлигини маълум қилди. Бироқ унинг ҳамкасби Хансраж Гангарам Ахир янада кескин баёнотлар билан чиқиб, Деҳли танқидларга қарамай, роҳингя мусулмонларини депортация қилиш бўйича режаларга эгалигини тасдиқлади.

"Менга аниқлик киритишга имкон беринг, улар ҳиндлар эмас, улар – ноқонуний муҳожирлар. Биз уларга ишона олмаймиз", - дея Ахирнинг сўзларини келтиради IANS агентлиги.

Унинг сўзларига кўра, роҳингялар террорчилик ташкилотлари билан “баъзи алоқалар”га эга бўлиши мумкин, бироқ у ҳукуматда бу тахминни тасдиқловчи аниқ маълумотлар бор ёки йўқлигига ойдинлик киритмаган. "Уларда баъзи алоқалар бўлиши мумкин, шунинг учун биз бу ҳақда гапирмоқдамиз. Ҳукуматнинг фикрича, улар таҳдид уйғотади", - дея маълум қилган ИИВ вакили.

Унинг қўшимча қилишича, аввалги ҳукуматлар роҳингяларни мамлакатга “кичик сонда” киритишган, “бироқ энди ҳукумат уларни бу ерда қолдирмасликка қарор қилди”. “Уларни бу ерда ушлаб туриш – миллат манфаатларига хизмат қилмайди. Ҳукумат ҳеч қандай босимга қараб ўтирмайди”, - дея маълум қилган Ахир.

Бироқ, ҳукуматнинг режаларига Ҳиндистон Олий суди халақит бериши мумкин. Ҳозирги пайтда олий суд инстанциясида ҳукуматнинг роҳингяларни депортация қилиш бўйича режаларига қарши даъво аризаси кўриб чиқилмоқда. Суд ҳукуматдан ўз позициясини тақдим этишни сўради. Кутилишича, ҳукумат буни келаётган душанба куни амалга оширади.

Аввалроқ Малайзия бош вазири Мьянмадаги воқеаларни геноцид деб атаганди.

Мавзу
Мьянма фожиалари

Ўтиб бораётган ҳафта давомида Мьянмада истиқомат қилувчи кам сонли роҳингя жамоалари яшайдиган 2,600 дан ортиқ уйларга ўт қўйилди.

Барчаси
Top