09:35 / 21.09.2017
8270

Устаси фаранг “тарғиботчи”

Фото: KUN.UZ

Фарғона вилоят ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда “Транспорт воситалари ҳуқуқ тарғиботчиси” масъулияти чекланган жамияти раҳбарининг кирдикорлари фош бўлди, дея хабар қилмоқда вилоят божхона бошқармаси ахборот хизмати.

Жорий йилнинг август ойида вилоят божхона бошқармасига тезкор маълумотнома келиб тушди. Унда И.Қ. раҳбарлик қилаётган ташкилотда иш топиш истагида бўлган фуқароларни бир ярим ой давомида ўқитиб, кейинчалик божхона тизимига ишга жойлаштиришни ваъда қилиб, пул талаб қилаётганлиги қайд қилинган эди. Мазкур маълумот асосида Миллий хавфсизлик вилоят бошқармаси, вилоят прокуратураси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги департаментнинг тезкор тергов гуруҳи билан ҳамкорликда тадбир ўтказилди.

Тадбир давомида маълум бўлишича, фуқаро И.Қ. “Транспорт воситалари ҳуқуқ тарғиботчиси” масъулияти чекланган жамиятини ташкил қилиб, мўмай даромадга эга бўлиш мақсадида фирибгарлик билан шуғулланган. Фуқароларга ташкилотга божхона брокери сифатида ишга олишини тарғиб қилган. Тарғиб қилишга қилгану, аммо божхона брокери нима вазифа бажариши бўйича ҳаттоки ўзи тушунчага эга бўлмаган.

Дастлаб “устамон” раҳбар хоналарни жиҳозлаш мақсадида иш излаб келган фуқаролардан уларни алдаб, 200 минг сўмгача бўлган пул маблағларини олмоқчи бўлади. Режани амалга ошириш мақсадида вилоят божхонаси рўпарасида жойлашган Фарғона магистрал каналлар бошқармаси биносининг 4 қаватидаги битта хонани ижарага олади. Бу ердаги мутасаддилар бепарво бўлгани ҳолда, уларни ким эканини  ва нима иш билан шуғулланишини суриштирмайди. Ҳатто ижара шартномаси ҳам тузилмайди.

Кўр кўрни қоронғуда топади, деганларидек, И.Қ. фуқаро А. ва З.ларни ҳам ўз сўзига ишонтиради. Муқаддам Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг бир неча моддалари билан судланган фуқаролар Т., Б.ларнинг қўйнини пуч ёнғоққа тўлдиради, уларга сохта гувоҳномалар тайёрлаб беради. И.Қ.нинг гапларига ишонган бу кимсалар шаҳар ва туманларда фаол тарғибот ишларини олиб боришади.

Шу тариқа улар 2017 йилнинг август ва сентябрь ойларида ушбу гуруҳ ишга кириш истагида бўлган 30дан зиёд фуқаролардан 100-200 минг сўмгача пул йиғиб келган. Бу пулларни И.Қ. ўз харажатларига ишлатиб юборган.

Фирибгарликда устамон бўлган И.Қ. бошчилигидаги жиноий гуруҳнинг кирдикорлари қисқа муддатда фош қилинди. 

И.Қ. муқаддам Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 168, 165, 211-моддалари билан 12 маротаба судланган. 2015 йилда Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг  165-моддаси билан айбли деб топилиб, 5 йилга озодликдан маҳрум қилинган. 2017 йилнинг июнь ойига қадар Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳрида жазони ўтаб, суднинг қарорига мувофиқ, жазони ахлоқ тузатиш ишларига алмаштирилган. Афсуски, фуқаро ўз қилмишларидан тегишли хулоса чиқармаган.

Айни вақтда мазкур ҳолат бўйича жиноий иш қўзғатилган бўлиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Маъсуджон Сулаймонов

Top