Жамият | 18:32 / 22.09.2017
37303
3 дақиқада ўқилади

МХХ ноқонуний валютафурушларга тўсиқ қўймоқда

Фото: Fotolia

Ўзбекистонда валюта сиёсатини ва молиявий бозорни такомиллаштириш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш давом этмоқда. Амалга оширилаётган ислоҳотларнинг асосий мақсадларидан бири - юридик ва жисмоний шахсларнинг хорижий валютани сотиб олиш ва сотиш ҳамда валютасини ўз хоҳишига кўра тасарруф этиш ҳуқуқларини тўла амалга оширишни таъминлашдир.

Шу билан бирга, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари турмуш даражасини оширишда валюта сиёсатини либераллаштиришнинг салбий оқибатларини камайтиришга имкон берувчи барча томонлама ижтимоий қўллаб-қувватлов манзилли чора-тадбирларини амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бироқ, мамлакатда 2017-2021 йилларда Ўзбекистонни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Стратегия доирасида Давлат раҳбари томонидан қўйилган вазифаларни амалга оширишга тўсқинлик қилаётган, шунингдек валюта соҳасини тартибга солишнинг бозор механизмларини жорий этишга халақит бераётган салбий ҳолатлар ҳамон мавжуд. Уларнинг бири - «қора» валюта бозорининг мавжудлиги, у нафақат мамлакатнинг молия-хўжалик фаолияти асосларини заифлаштиради, инфляцияни тезлаштиради, балки оддий фуқароларни ҳам «талайди».
 
Бу ҳолатга қарши курашиш учун Миллий хавфсизлик хизмати томонидан қатор тадбирлар амалга оширилмоқда, унинг давомида ноқонуний валютафурушларни аниқлаш бўйича мунтазам рейдлар ўтказилмоқда, банк тизимидаги шубҳали транзакциялар кузатиб борилмоқда.

Куни кеча МХХ тезкор ходимлари Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ходимлари билан биргаликда Навоий вилоятида бир неча валютафурушларни қўлга олдилар.

«Махсус амалиёт давомида Зарафшон шаҳри фуқароси Ўткир Исрофилов қўлга олинди, у фуқаро «А.Б.»га бир доллар учун 8150 сўмлик курсда 2,5 минг АҚШ долларини 20 миллион 375 минг сўмга сотган. Бундан ташқари, текширув вақтида қўлга олинган шахснинг ёнидан 3522 доллар, 41 400 Россия рубли, 72 500 Қозоғистон тангеси, 1 000 Беларусь рубли, 360 евро, 100 Хитой юани ва 94,1 млн. сўм аниқланган», - дея қайд этди ҳуқуқ-тартибот идораси вакили.
 
Тезкор ходимлар яна бир ноқонуний валютафурушни Навоий шаҳри машинасозлик заводи олдидаги автомобиль тураргоҳида қўлга олишди. Аввал судланган Завқиддин Бозоров шериги Анис Худойқулов билан фуқаро «Х.С.»га бир доллар учун 8250 сўмлик курс бўйича 3,5 минг долларни 28 миллион 875 минг сўмга сотишга уринишган.

Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ушбу ҳолатлар бўйича Ў.Исрофилов, А. Худойқулов ва З.Бозоровларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 177-моддаси (валюта қимматликларини қонунга хилоф равишда олиш ёки ўтказиш) билан ишлар қўзғатди.

Мавзуга оид