Ўзбекистон | 12:30 / 26.09.2017
34731
16 дақиқада ўқилади

«Буюк вазифа». Зафар Ҳошимов таассуротлари

Ўзбекистонлик таниқли тадбиркор, «Korzinka.uz» супермаркетлар тармоғи раҳбари Зафар Ҳошимов телеграмдаги каналида ўз фаолиятининг илк йиллари ҳақида ҳикоя қилди

Фото: president.uz 

Буюк вазифа

1994 йил.

Куз кунларининг бирида Англияда магистратура босқичидаги таҳсилимни тамомлагач, кўзга кўринган Британия компанияларидан бирига мени ишга таклиф қилишди. Компания офиси марказий Лондоннинг - Mayfair номли машҳур гўшасида жойлашган бўлиб, унинг дунёнинг кўплаб мамлакатларидаги бир қанча офислари, ваколатхоналари ҳамда шўъба корхоналари бор эди. Ўша вақтда компания ҳисобидаги активлари қаторида Ўрта Ер денгизи ҳавзаларида суюлтирилган табиий газни сақловчи ва ташувчи энг йирик порт терминали ҳам ўрин олган эди. Шу тариқа, компания газ ва нефть маҳсулотлари бозорида, айниқса, Шарқий ҳамда Марказий Европада муҳим роль ўйнар эди. Ушбу даргоҳ менга бегона эмас, зеро амалиётимни айнан шу ерда ўтаб, ундан олган хулосаларим асносида диплом ишимни ёзган эдим. 

Шу ерда муҳим бир жиҳатни таъкидлаб ўтмасам бўлмайди. Буюк Британия ва Ғарб мамлакатларининг аксариятида компаниялар ўзларининг бизнес вазифаларини ҳал этиш мақсадида университетларга академик ёрдам сўраб мурожаат қилишади. Бу каби амалиётлар ўта самарали усул саналади. 

Мазкур ҳамкорликлар доирасида университетлар ўқитувчиларнинг илмий раҳбарлиги остида ўз битирувчилари ҳамда талабаларини компаниялар олдида турган муаммоларни ўрганиш ва ҳал этиш учун юборишади. Мазкур лойиҳалардан бирида менга етакчилик мақоми насиб этганди. Берилган вазифани у қадар қийин, деб бўлмасада, керакли жавобларни топишим учун жуда кўп маълумотларни ахтаришимга тўғри келди. Лойиҳа доирасида компания раҳбарияти, ходимлари ҳамда уларнинг асосий ҳамкорларидан интервьюлар олиш, бизнес жараёнларни ўрганиш, ечимларнинг йўлларини таклиф этиш ва татбиқ қилиш, ҳисоботлар тайёрлашим лозим бўлди.

Бир текис кетаётган кунларимнинг бирида мени тўсатдан бош ижрочи директор ҳузурига таклиф қилишди. Ўша вақтга бориб ўзимизга топширилган лойиҳани муваффақиятли топшириб бўлганимиз сабабли таклиф мен учун ғайриоддий туюлар эди. Барчаси кутилганидек яхши ўтган, айниқса бундай юқори даражадаги раҳбарларда ишимизга қандайдир саволларга ўрин қолмаган деб билар эдим. 

Мени сут қўшилган машҳур инглиз чойи ва қаймоқли ширинликлар билан қарши олган (мен эса талаба сифатида бундай сийловдан воз кечмаслигим аниқ эди) компания директори бўлажак режаларим билан қизиқа бошлади. Мен унга йўлимга кўз тикиб ўтирган ота-онам, оилам ва яқинларим олдига, ватанимга қайтишимни айтдим. Ўша кузда ўғлим Умид Ҳошимов 2 ёшга тўлганини ҳам қўшимча қилдим. 

Сўзларимни диққат билан тинглагач, фирманинг асосий сармоядори ҳамда президенти мен билан гаплашмоқчи эканлигини айтиб унинг офиси томон бошлади. Шу вақтга қадар мен уни фақатгина бир марта кўриб саломлашган бўлсам, шахсан суҳбатлашмаган, бунинг устига, ҳеч қачон офисига бормаган эдим. 

Офис, албатта, ҳашаматли: классик интерьерга эга, бежирим пардозланган, деворлар қизил дарахтдан қилинган, нафис ганчкор шифт ва карнизлар билан безалган, улкан антик глобус, шинам курсилар ҳамда бой малларанг чармдан қилинган Честерфильд диванлари билан жиҳозланган эди. Аммо уларнинг ичида айнан ўша қизил дарахтдан ишланган қопламадан ясалган йирик камин ажралиб турарди. Катта синфлардаги жамиятшунослик дарсларида капитализм қурилиши тўғрисидаги мавзуларни ўрганганимизда монополист-империалистларнинг офисини айнан шундай тасаввур қилган эдим. Ўша пайтларда капиталистлар бизга ҳаддан ортиқ «қонхўр», ишчилар синфи ва деҳқонлар меҳнатини эксплуатация қилувчи жоҳиллар сифатида таърифланган эдилар. Фикримча, буларнинг барчаси биз, ўша даврдаги совет ўқувчиларида капиталистларга нисбатан умумий нафрат уйғотиш мақсадида гапирилган эди. Бошқа тенгдошларимни билмадиму, аммо ушбу ҳикояларни тинглаганим сари менда ғазаб ўрнига, у зодагонларнинг ҳаётига қизиқиш кучаяр, бир марта бўлсада уларнинг ҳаёт тарзини ўз кўзим билан кўргим келар эди. Нимагадир қаттиқ қизиқсам, бахтга қарши, одатда, атроф-муҳитдан бутунлай узилиб қоламан. Айнан шу сабабли ҳатто яқинларим ҳам баъзан кесатиб, мени Цезар, деб аташарди. Бу болаликдан қолган одатим. Менимча, барча яқинларим ушбу хусусиятимдан хабардор ва ундан ҳар вақт жафо чекишган. Айни дамда мушоҳадага чўмиб ўтирганимда ҳам директор хонадан чиққани, офис хўжайини билан ёлғиз қолганимизни сезмай қолгандим. 

- Ҳаддан зиёд ҳашамдор ва баландпарвоз пардозланган, тўғрими? – дея сўради менинг ҳайратимга сабабчи бўлган офис соҳиби нигоҳимни илғаб олиб. 

- Йўқ, аксинча, умрим бино бўлиб кирган офислар ичида энг чиройлиси шу бўлса керак, сэр, - жавоб бердим. 

- Мен учун бу интерьер жуда оғирлик қилади. Бунинг устига чангга аллергиям бор. Аксирмаслигим учун буларнинг барчасини ҳар куни артиб туриш кераклигини тасаввур қилаяпсизми? (Жилмайди) Ўзимга қолса, ҳаммасини янгидан қилдирган бўлар эдим, бироқ офис ҳам тарихнинг бир бўлаги. Бу бизнинг шахсий мулкимиз бўлишига қарамасдан, listed building саналади, (давлат томонидан қўриқланадиган тарихий архитектура намуналари рўйхатига қиритилган бино), биз шаҳар раҳбарияти руҳсатисиз деворга бир дона мих ҳам қоқа олмаймиз. 

- Нега офисингизни ўзгартирмадингиз, ахир бинода бошқа оддийроқ офислар ҳам борку, - бехосдан оғзимдан чиқиб кетган саволдан бироз уялдим.

- Биласизми, бу бинодаги энг яхши офис, - лўнда қилиб жилмайиб жавоб берди сармоядор. 

Берган аҳмоқона саволимдан янада кўпроқ хижолат тортдим. 

Офис хўжайинининг ўқишимни қандай тамомлаётганим, Британия олий ўқув юртидаги таълим сифати ва бу ерда ўтказган вақтимга муносабатим бўйича берган саволи орага чўккан ноқулай сукунатга барҳам берди. 

Шундай катта лавозимдаги одам менга ҳаддан ташқари кўп вақт ажратаётгандек туюлгани учун иложи борича қисқа-қисқа жавоблар билан чегараланишга қарор қилдим. Саволларга қатъийлик билан, Британия олий ўқув юртларидаги таълим сифатига ҳавасимни яширмасдан жавоб берардим. 

- Менга ўзингиз, ҳаётингиз ва оилангиз ҳақида сўзлаб беринг, - деди у. 

Энди оғиз жуфтлашим билан:

- Келинг, яхшиси, бу ҳақда биргаликда тушлик қилиб суҳбатлашамиз,- дея таклиф билдирди.

- Бажонидил, аммо кўп вақтингизни олиб малол келишни истамасдим...

- Ҳаммаси жойида, мен тушлик қилишим керак, барибир. Бунинг устига, сизни биз таклиф қилганимизни унутманг. Қайси таомларни хуш кўрасиз? 

- Менга фарқи йўқ, хинзир гўштидан бўлак ҳамма нарсани тановвул қилишим мумкин.

- Яхши, унда Ливан ресторанига борамиз. 

Ҳалиям мавжудми ёки йўқ, билмадиму, биз «Грин Парк» бекати рўпарасидаги, «Ритц» меҳмонхонаси қиясида жойлашган «Фахретдин» ресторанига бордик. Менимча, Ливан ошхонасига бўлган меҳрим айнан ўша пайтда уйғонган бўлса керак. Ланч чоғида у мендан яна бир бора университетни битиргандан кейинги режаларим хусусида сўради. Мен эса яна бир бор оилам бағрига қайтмоқчилигим, ҳали кичкина ўғлим борлигини такрорладим. У эса бу ҳеч қандай мушкулот туғдирмаслиги, аксинча, истасам оилам билан бирга Лондонга кўчиб ўтишим мумкинлигини айтди. 

- Мен сизга компаниямизда лавозим таклиф қилмоқчи эдим. Биласизми, оламнинг қайсидир бурчагида, масалан, сиз яшаётган жойда бу каби таклиф кимлар учундир умри давомидаги энг яхшиси бўлиши мумкин. Ҳаётимизда бундай имконият бир марта бўлади. 

Унинг сўзлари қайсидир даражада бироз менга тегиб кетди:

- Балки шундайдир, аммо сиз мен туғилган жойларни унчалик яхши билмасангиз керак, деб ўйлайман. Унинг тарихи ҳақида гапириб ўтирмайман, истасангиз қизиқиб кўришингиз мумкин. Аммо айни вақтда бу улкан иқтисодий имкониятлар, саводли аҳолига эга, атиги уч йил аввал мустақилликка эришган янги давлат саналади. У ерда қандай имкониятлар борлигини тасаввур ҳам қила олмайсиз. Ҳозирча қатъиян айта олмасамда, аммо кейинги «катта сакраш» айнан менинг ватанимда бўлиш эҳтимоли юқори. Сизнинг ўрнингизда бўлсам, у ерда ҳосил бўлаётган имкониятларга бироз қизиқиб кўрган бўлардим. Аммо агар бунга қизиқиб кўрсангиз, ишончингиз комил бўлсинким, Ўзбекистонда сиз елкадош, ҳамкор ёки шунчаки дўстга эга бўлишингиз аниқ. 

У мени диққат билан тинглар эди. Мен нутқимни тугатдим. Орага кичик сукунат чўмди. 

- Бу ерда анор қайласига қорилган жуда мазали товуқ жигарини тайёрлашади. Татиб кўришингизни тавсия қиламан, - деди. 

Ўша куни қайтиб иш ҳақида гаплашмадик. Тушликдан сўнг хайрлашдик. У офисгача пиёда юриб кетди. Мен эса аввалига метронинг Виктория бекатигача, ундан тушиб электропоездда қадрдон Брайтонимга йўл олдим. 

Икки кундан сўнг компания раҳбари номидан у ердаги ташрифим ва мароқли суҳбат учун ёзилган ташаккурнома хати олдим. Бироз ўнғайсизландим. Менимча, биринчи бўлиб ўзим унга ёзиб, тушлик учун миннатдорчилик билдиришим керак эди. Шу сабабли дарров қабулхонасига қўнғироқ қилдим. Гўшакни жудаям хушмуомала ёрдамчи Барбара Надин олди. Ундан бошлиғи билан улаб бера олиши ёки шунчаки, учрашув ҳамда тушлик учун миннатдорчилигимни етказиб қўя олиш-олмаслигини сўраганимда:

- Бир дақиқа, агар унда вақт бўлса, ишончим комилки, сизни эшитишдан хурсанд бўлади. «Элиза» мусиқаси остидаги қисқа паузадан сўнг катта босснинг ўзи гўшакни олди: 

- Салом Зафар, Брайтонга яхши етиб олдингизми? Ҳаммаси жойида, деб умид қиламан. 

- Раҳмат, ҳаммаси яхши. Мен ажойиб тушлик ва суҳбатлашиш имкониятини тақдим этганингиз учун миннатдорчилик билдирмоқчи эдим. Хатингиз учун ҳам, албатта. 

-  Қўйсангизчи. Шарт эмас. Айтганча, ўйлаб кўрдингизми? Қолишни истамайсизми? 

-  Йўқ, сэр. Мен бу ерга ўқишга келгунимча бир қарорга келиб бўлганман.  

- Шундай дейишингизни билгандим. Тўғри қиласиз. Контактларимни биласиз. У ерга етиб бориб, биз учун қизиқ бўладиган бирор нима топсангиз, хабар беринг. Танишларимдан бири юртингизда ўз бизнесини очмоқда, у ерларни мақтаб гапирди. Балки сиз у ёки унинг компанияси ҳақида эшитгандирсиз? 

Хўжайин ўша компания номини айтди.

- Йўқ, мен анчадан буён у ерларда бўлмадим. Қайтганимда билиб беришим мумкин. Бирор қизиқ бизнес ғоя туғилиб қолса, сизга хабар бераман. 

- Келишдик. Омадингизни берсин. 

Энди бу воқеалар мен учун ўта ғаройиб ва эртакдек туюлмоқда. Йирик компания эгасининг ўзбекистонлик талабага қизиқиши. Мен ҳанузгача бу қандай ва нега содир бўлганини тўлиқ англай олмайман. Аммо бу мулоқот давоми ажойиб кўриниш олди. Айнан ушбу Британия компанияси 1994 йилнинг охирида мен билан ҳамкорликда қўшма бизнес очди ва дистрибьюторлик компаниясини яратди, улар консигнация орқали маҳсулотлар билан таъминлаш билан бирга менга насияга маҳсулот юборишни йўлга қўйишди. 

Бизнинг ўзаро самарали ҳамкорлигимиз 1997 йилгача, яъни Ўзбекистонда импорт ҳамда конвертация чекловлари ўрнатилгунигача давом этди. Унда сўнг эса ҳамкорларим бозоримизга қизиқмай қўйишди ва корхонани бир ўзимга қолдириб, ҳамкорликдаги бизнесимиздан чиқишди.

Лондонда иш таклиф қилишганида уни қабул қилганимда ҳаётим қандай бўлиши мумкин эди, деб тасаввур қилиш учун, охирги 20 йил ичида мен кўп бора ўша воқеага хаёлан саёҳат қилганман. Лекин бир нарсага ишончим комилки, гарчи шу йилларда қийин, ҳатто чидаб бўлмасдек туюлган, гоҳида эса ҳатто анча қўрқинчли лаҳзаларни бошимдан ўтказган бўлсамда, ўшанда уйга қайтишга қарор қилганимдан ҳеч ҳам афсусланмаганман. 

Мен бу тарихни Ўзбекистон Президентининг Нью-Йоркдаги ватандошларимиз билан ўтказган учрашувини томоша қилиш асносида яна бир бор хотирладим. Шахсан мен учун бу учрашув ўта аҳамиятли бўлди, ундаги нутқлари орқали мамлакатимиз, Президентимиз, уларнинг ўтмишга, бугунги кунга ва келажакка бўлган муносабатлари ҳақида кўп саволларимга жавоб олдим, уларнинг мамлакатда янги туртки, ўсиш ва ва халқ фаровонлиги сари астойдил ва самимий харакат қилаётганларига гувоҳ бўлдим. 

Мен Нью-Йоркдаги бу учрашувни дарҳақиқат тарихий воқеа деб ҳисоблайман. Хорижда кўп ватандош дўстларим бор. Ҳатто ўша учрашувда ҳам улардан икки нафари қатнашди. Дўстим Нодир Зокиров ва ТошДУ математика факультетидаги курсдошим, оғайним Зоир Ибрагимов. 

Бугун эса Америка университетларидан бирининг магистратура босқичи талабасидан мактуб олдим. Унда талаба ўқишни тамомлаб, АҚШда қолишни истагани, лекин Президентимизнинг Нью-Йоркдаги ватандошларимиз билан учрашувини кўргач, Ватанга қайтишга қарор қилгани ҳақида ёзибди. У хатида хусусий секторда иш топмоқчи эканини айтиб, мени ижтимоий тармоқлардаги ёзувларим орқали танигани учун унга иш таклиф қила олишимни сўрабди. 

Мен «Албатта!», деб жавоб қилдим. Ҳозир HR директоримиз ўша йигит учун ишга жойлашиш масаласида расмий таклиф тайёрлаяпти. 

Азиз дўстлар, мамлакатимиз муҳим тараққиётлар ва ўзгаришлар остонасида турибди. Олдинда бизни улкан вазифалар ва муаммолар кутиб турибди. Бизнинг энг муҳим салоҳиятимиз – ўзимизнинг одамларимиз, ватандошларимиздир. Дунёнинг қайси бурчагида бўлмайлик, ҳар биримизнинг ҳиссамиз ҳамда иштирокимиз ҳозирда ўта муҳим аҳамиятга эга. Охирги қатор йиллар давомида мен илк марта келажакка улкан ишонч ва хайрихоҳлик билан боқаётган инсонларни: зиёлилар, талабалар, университет ўқитувчилари, олимлар ва тадбиркорларнинг нурли кўзларини кўриб қувониб юрибман! Айнан шу онлар бизнинг тарихий имкониятимиздир. Уни амалга ошириш ҳам ўз қўлимизда. 

Биз қилмасак, бу ишларни ким қилади? Ҳозир бўлмаса, қачон?

PS. Қайсидир вақт мобайнида ўша Британия компанияси хўжайини билан мулоқотни давом эттириб келдим. Мен уни университетда олган билимларимдан ҳам кўпроқ нарсани ўргата олган буюк устозим ва мураббийим, бизнес соҳасини ўзлаштиришимга асосий сабабчи бўлган шахс сифатида тан оламан. Бу инсон биз учрашган ўша дамларда 60 ёшдан ошган бўлишига қарамасдан, ўз ёшига нисбатан мислсиз қувват, ишонч ва барча янгиликларга очиқ шахс сиймосида доим кўз олдимда гавдаланади. Бахтга қарши, бир неча йиллар ўтиб, 2000-йилларнинг бошида у киши Альцгеймер хасталигига дучор бўлди ва бу касаллик уни ҳаётдан олиб кетди. Мен уни ҳар бир дуойимда тез-тез ёдга оламан...

Мавзуга оид