Ўзбекистонлик таниқли тадбиркор, «Korzinka.uz» супермаркетлар тармоғи раҳбари Зафар Ҳошимов телеграмдаги каналида ўз фаолиятининг илк йиллари ҳақида ҳикоя қилди

Фото: president.uz 

Буюк вазифа

1994 йил.

Куз кунларининг бирида Англияда магистратура босқичидаги таҳсилимни тамомлагач, кўзга кўринган Британия компанияларидан бирига мени ишга таклиф қилишди. Компания офиси марказий Лондоннинг - Mayfair номли машҳур гўшасида жойлашган бўлиб, унинг дунёнинг кўплаб мамлакатларидаги бир қанча офислари, ваколатхоналари ҳамда шўъба корхоналари бор эди. Ўша вақтда компания ҳисобидаги активлари қаторида Ўрта Ер денгизи ҳавзаларида суюлтирилган табиий газни сақловчи ва ташувчи энг йирик порт терминали ҳам ўрин олган эди. Шу тариқа, компания газ ва нефть маҳсулотлари бозорида, айниқса, Шарқий ҳамда Марказий Европада муҳим роль ўйнар эди. Ушбу даргоҳ менга бегона эмас, зеро амалиётимни айнан шу ерда ўтаб, ундан олган хулосаларим асносида диплом ишимни ёзган эдим. 

Шу ерда муҳим бир жиҳатни таъкидлаб ўтмасам бўлмайди. Буюк Британия ва Ғарб мамлакатларининг аксариятида компаниялар ўзларининг бизнес вазифаларини ҳал этиш мақсадида университетларга академик ёрдам сўраб мурожаат қилишади. Бу каби амалиётлар ўта самарали усул саналади. 

Мазкур ҳамкорликлар доирасида университетлар ўқитувчиларнинг илмий раҳбарлиги остида ўз битирувчилари ҳамда талабаларини компаниялар олдида турган муаммоларни ўрганиш ва ҳал этиш учун юборишади. Мазкур лойиҳалардан бирида менга етакчилик мақоми насиб этганди. Берилган вазифани у қадар қийин, деб бўлмасада, керакли жавобларни топишим учун жуда кўп маълумотларни ахтаришимга тўғри келди. Лойиҳа доирасида компания раҳбарияти, ходимлари ҳамда уларнинг асосий ҳамкорларидан интервьюлар олиш, бизнес жараёнларни ўрганиш, ечимларнинг йўлларини таклиф этиш ва татбиқ қилиш, ҳисоботлар тайёрлашим лозим бўлди.

Бир текис кетаётган кунларимнинг бирида мени тўсатдан бош ижрочи директор ҳузурига таклиф қилишди. Ўша вақтга бориб ўзимизга топширилган лойиҳани муваффақиятли топшириб бўлганимиз сабабли таклиф мен учун ғайриоддий туюлар эди. Барчаси кутилганидек яхши ўтган, айниқса бундай юқори даражадаги раҳбарларда ишимизга қандайдир саволларга ўрин қолмаган деб билар эдим. 

Мени сут қўшилган машҳур инглиз чойи ва қаймоқли ширинликлар билан қарши олган (мен эса талаба сифатида бундай сийловдан воз кечмаслигим аниқ эди) компания директори бўлажак режаларим билан қизиқа бошлади. Мен унга йўлимга кўз тикиб ўтирган ота-онам, оилам ва яқинларим олдига, ватанимга қайтишимни айтдим. Ўша кузда ўғлим Умид Ҳошимов 2 ёшга тўлганини ҳам қўшимча қилдим.