Ўзбекистон | 22:00 / 28.09.2017
13517
2 дақиқада ўқилади

Тошкентдаги автобусларда бепул Wi-Fi ишлайди

«Тошшаҳартрансхизмат» акциядорлик жамияти "Wi-Fi Bus" лойиҳасини ишга туширди. Лойиҳа Тошкент шаҳри автобусларини Wi-Fi орқали маълумот узатувчи интернет алоқаси билан таъминлашни кўзда тутади. 

Энди пойтахтимиз жамоат транспорти йўловчилари эшигида "Wi-Fi Bus" ёзуви мавжуд автобусларда Ziyonet.uz миллий маърифий-кўнгилочар портали хизматидан фойдаланишлари мумкин. 

«Тошшаҳартрансхизмат» АЖ маълумотларига кўра, йил охирига қадар пойтахтимиздаги элликта йўналишли автобус Wi-Fi алоқаси билан таъминланиши режалаштирилмоқда. Бугунги кунда базасида 4 минг 650 га яқин янгилик, маърифий ва кўнгилочар веб-захиралар мавжуд бўлган Ziyonet.uz порталига уланиш имконияти ўқув йили давомида, айниқса, йўловчилар оқимининг салмоқли қисмини ташкил этувчи талабалар, коллеж ва лицейлар ўқувчиларини хушнуд қилади. Бундан ташқари, мазкур янгилик келажакда шаҳар транспорти фаолиятини такомиллаштириш ҳамда пойтахтимиз аҳолиси ва меҳмонларига қулайлик яратиш учун замонавий ахборот тизимларини фаол жорий этишда қўл келади. Айни пайтда Wi-Fi орқали симсиз маълумот узатиш хизмати 2-, 38- ва 72-йўналишлардаги транспорт воситаларида ишга туширилган. 

Бундай имконият тобора долзарб аҳамият касб этмоқда, чунки Тошкентда шаҳар жамоат транспортидан ҳар куни 1,3 миллионга яқин йўловчи фойдаланади. Кунига 3,5 минг километр масофадаги йўналишларда деярли 25 минг рейс амалга оширилади. Кузатишларга қараганда, шаҳар жамоат транспортидан мунтазам фойдаланадиган йўловчи ўртача кунига ярим соатдан 2 соатгача вақтини автобусда ўтказади. Янги ускуна туфайли йўловчилар бу вақтни мазмунли ўтказиши, яъни таълим ва маърифий веб-захиралардан баҳра олишга сарфлаши мумкин. 

Мавзуга оид