Спорт | 12:00 / 28.09.2017
32163
10 дақиқада ўқилади

Тур ҳисоби. Энди «ПСЖ» чемпионлик учун асосий даъвогар

27 сентябрь оқшомида Европа Чемпионлар лигасида гуруҳ босқичининг 2-тур учрашувлари давом эттирилди. «ПСЖ» «Бавария»га 3та гол урди, Неймар ва Кавани энди биргаликда жамоага ёрдам келтира олишини намойиш этишди. «Трибуна» чоршанба оқшомидаги ўйинлар шарҳини тақдим этади.

А гуруҳи
Москвада ЦСКА қуролсизлантирилди

Жозе Моуриньо ўйин олдидан руслар жамоаси ҳақида илиқ фикрлар билдирган бўлсада, бу жамоа 26-дақиқага келиб 3 гол ўтказиб бўлганди. Иккинчи бўлимда Мхитарян тўртинчи голни урди, ўйин охирида Кучаев биргина жавоб қайтарди - 1:4.

Ўйинда икки гол урган Ромелу Лукаку Игорь Акинфеевдан 2014 йилги жаҳон чемпионати учун қасос олгани ҳақида гапирди. Ўшанда гуруҳда Россия ва Бельгия ўйнаган, ҳужумчи гол ура олмаганди.

Энди «МЮ» гуруҳда 6 очко билан етакчилик қилмоқда, Москва жамоасида 3 очко мавжуд.

«Бенфика» учун даҳшатли кеча

ЦСКА ва «Манчестер Юнайтед»нинг рақиблари ўзаро баҳсда илк очколар учун жангга чиқишди. «Бенфика» ўтган турда ўз майдонида «армиячилар»га ютқазганди, «Базель» эса «Олд Траффорд»га сафар қилиб, йирик ҳисобда мағлуб бўлди (0:3). Статистика португалияликлар устунроқ эканини кўрсатарди, лиссабонлик «бургутлар» ҳали Швейцариядан бўлган жамоаларга ютқазмаганди.

Лекин қачондир биринчи мағлубият ҳам рўй беради. «Бенфика»ни Базелда даҳшат кутмоқда эди, бу ЦСКА учун «Манчестер Юнайтед» тайёрлаган даҳшатдан ҳам даҳшатлироқ бўлиб чиқди. Руй Витория шогирдлари бутунлай тор-мор этилди - 0:5. Жамоанинг асосий ҳимоячиларидан бири Андре Алмейда қизил карточка олди ва кейинги ўйинларда ёрдам бера олмайдиган бўлди. Португалиялик футболчи ўзига ишлатилган қўполликка ҳакам эътибор қаратмаганидан кейин ғазабга минди ва рақибининг оёғини узиб ташлашига бир бахя қолди. Ўйин қаҳрамони 19 ёшли Димитри Оберлин бўлди. У ўз туғилган кунида дубль қайд этди, шунингдек пенальти ишлаб берди.

 

B гуруҳи
«ПСЖ» бир тану бир жон

«ПСЖ»нинг собиқ мураббийи Карло Анчелотти ва унинг француз клуби тарбияланувчиси бўлган шогирди Кингсли Коман Париждан нохуш ҳиссиётлар билан қайтадиган бўлди. «Бавария» бу ўйинда фаворит ҳисобланмас эди, немисларни Мбаппе – Неймар – Кавани учлиги кутиб турарди, қолаверса мюнхенликлар Мануэль Нойерни йўқотган. Унинг ўрнини Свен Ульрайх боса олмаяпти. Анчелотти жамоанинг руҳини кўтаришга ҳаракат қилди, «Бавария»нинг Чемпионлар лигасидаги тажрибасини эслатди.

Аммо «Бавария» мухлислари учун илк дақиқаларданоқ даҳшатли онлар бошланди. «ПСЖ» 2-дақиқадаёқ ҳисобни очди. Неймар тўпни рақиб жарима майдони томон олиб борди, немислар унга қарши ҳеч нарса қила олмади, унинг доҳиёна ҳаракатларини томоша қилиш билан банд бўлишди ва бразилиялик футболчи қанотдан очилган жамоадоши Дани Алвесга тўпни узатди ва тўп Ульрайхнинг оёқлари орасидан ўтди. «Бавария» парижликларнинг тезлиги қаршисида ожиз қолди. Мбаппе ва Кавани жуфтлиги танаффусга қадар яна бир гол уришди, ўйин охирида эса Неймарнинг ўзи ҳам гол урди. Эътиборли жиҳати, Кавани голларни нишонлаш чоғида «Олтин тўп»нинг навбатдаги соҳибини қучоқлаб, табриклади. «ПСЖ»да ҳаммаси жойида, бу жамоа турнир ғолиблиги учун асосий даъвогар.

«Андерлехт» - бошсиз чавандоз

«Андерлехт» гуруҳдаги учунчи ўрин учун рақибга қарши ўйинга мураббийсиз тайёргарлик кўрди. Мураббий Рене Вайлер ўтган ҳафтада истеъфога чиқарилди. Бунга фақат «Бавария»дан учралган мағлубият эмас, ички чемпионатдаги муваффақиятсиз старт ҳам сабаб бўлди. Жамоани ҳозирда жамоанинг собиқ футболчиси Николас Фрутас бошқариб туради.

Вайлернинг ишдан бўшатилиши ҳозирча фойда бермаяпти. Фрутас ва компания бирон яхши нарса ўйлаб топа олмади. «Селтик»ка қарши ўйинда бельгияликлар бир-бирини тушунмай ўйнашди. Шотландлар жуда осонлик билан дарвозани ишғол қилаверишди. Иккинчи гол урилган вақтда Оливье Дешахт тўпни рақибга топшириб қўйди, йирик ҳисоб Леандер Дендонкернинг хатоси ортидан содир бўлди. Ўсмир чоғида «Андерлехт» академиясига қабул қилинмаган Дедрик Боята «Селтик» футболчиси сифатида бу жамоага урилган голларни нишонлади.

 

C гуруҳи
Озарларнинг турнир тарихидаги илк голи

Бошқа ўйинлардан икки соат олдин бошланган «Қорабоғ» – «Рома» учрашуви чоршанба кунги дастурни очиб берди. Озарбойжон чемпиони Чемпионлар лигасидаги дебютини «Стэмфорд Бриж»даги 0:6 ҳисоби билан бошлаганди, энди жамоа турнирдаги илк уй учрашувини мағлубият билан якунлади. Гурбан Гурбанов шогирдлари Бокудаги Олимпийский стадионида бу турнирга муносиблигини кўрсатиб бериши керак эди.

Аммо ўйин бошиданоқ ҳаммаси ҳал бўлди. Римликлар иккита тезкор гол уришди. Аввалига марказий ҳимомячи Костас Манолас бурчак тўпидан кейин дарвозабон Ибрагим Шехични хатоси учун жазолади, кейин ҳимоячилар Эдин Джекога гол уришга қўйиб беришди. «Қорабоғ» бу ўйинда муносиб қатнашди, зарбалар нисбати 13га 15, тўпга эгалик қилиш кўрсаткичи - 45 фоизга 55 фоиз. Қолаверса, «Рома» ўйинни сусайтиргач, Максим Гоналон босим остида тўпни йўқотганида Педро Энрике озарларнинг Чемпионлар лигасидаги илк голини урди ва учрашувда минимал ҳисобдаги мағлубият қайд этилди.

Кечанинг энг зўр ўйини Мадридда

«Челси» «Атлетико»дан 2013/14 йилги ЕЧЛ чорак финали учун қасос олди. Ўшанда испанлар сафардаги 3:1 ҳисобидаги ғалаба эвазига ярим финалга чиққанди. Ўшанда испанлар дарвозасида ҳозирда Лондон жамоаси дарвозасини қўриқлаётган Тибо Куртуа турарди, голлардан бирини Диего Коста урганди. Кейинги уч мавсумни «Челси»да ўтказган Коста «Атлетико»га қайтди ва ўйинни «Ванда Метрополитано» стадиони трибунасидан кузатди.

Антонио Конте жамоаси ўйинда устунлик қилди ва танаффусга қадар ҳаммасини ҳал қилиб қўйиши мумкин бўлганди. Аммо «Реал»нинг собиқ ҳужумчиси Альваро Мората 3 голли вазиятни йўққа чиқарди, Эден Азарнинг зарбаси тўсинга тегди. Бўлим охирида эса Давид Луиснинг фолидан кейин белгиланган пенальтини Антуан Гризманн аниқ ижро этди. «Челси»нинг бахтига иккинчи бўлимда Мората гол ура олди. Ўйинга қўшиб берилган дақиқаларда эса «Челси» ҳужумчилари босим уюштириб, Миши Батшуайи ғалаба голини урди ва ҳакам голдан кейин ҳуштагини чалди.

«Атлетико» илк марта ўз майдонида Англия жамоасига ютқазди.

 

D гуруҳи
«Барселона» ўзи ура олмаса, рақиб ёрдам беради

«Спортинг» жорий мавсумда ҳали ютқазмаганди. «Барселона» билан ўйингача лиссабонликлар жамоаси 8 ғалаба ва 3 дуранг қайд этишди. Бу факт жароҳатлар туфайли кучсизланган каталонияликлар қаршисида яхши устунлик эди ва мезбон жамоа мухлислари натижага умид қила олишарди.

Ўйиндан аввал Жереми Матьё Лионель Мессини қандай қуролсизлантириш мумкинлиги ҳақида гапирди: «Мессига бир метр масофа яқин туриш керак ва диққатни йўқотмаслик керак», – дея «Спортинг»даги жамоадошларига маслаҳат берганди «Барселона»нинг собиқ футболчиси.

Мессини зарарсизлантиришди. Лиссабонликлар «Барселона» эркин ҳаракатланиш учун очиқ зоналарсиз қолиши учун барча ишни қилишди, ўйин зерикарли тус олди. Лионель гол ура олмади, аммо унинг ўрнига мезбонларнинг уругвайлик ҳимоячиси Себастьян Коатес ўз дарвозасини ишғол этиб берди. Тўп аввалига Луис Суаресга, кейин Коатесга тегиб дарвоза тўрига бориб тушди. Сейду Думбия «Спортинг» учун пеналти ишлашга ҳаракат қилди, аммо симуляция вақтида жароҳат олиб, майдондан чиқиб кетди.

Буффоннинг рекорди

«Олимпиакос» Чемпионлар лигасида янги мураббийи билан фақат бир тур ўтказа олди. Биринчи турдаги мағлубиятдан кейин клуб хўжайинлари Бесник Хасини ишдан бўшатишди ва жамоани Такис Лемонисга топширишди, Ламонис тўртинчи марта греклар жамоасига мураббий бўлмоқда. Лемонис «Ювентус» Гонсало Игуаинни асосий таркибда ўйнатмаслигини билганида омаддан умидвор бўлгандир.

«Олимпиакос» ўйинда натижа учун ҳаракат қилди ва 70 дақиқа давомида рақибга ҳеч қандай имконият бермади. Лекин майдонга Игуаин чиқиб келгач, греклар ҳимояда хатоларга йўл қўя бошлади, аргентиналик футболчи Лемониснинг қайтишига совға тайёрлади. У Марио Манджукичнинг заргарона пасидан кейин дарвозани ишғол этди. Туринликлар ўйин охирида яна бир гол уришди, Игуаин ва Пауло Дибала «Олимпиакос» ҳимоясини ёриб ўтишди, тўп охир-оқибат Манджукичга бориб тушди ва ҳисоб - 2:0. Бу ўйин туринликлар дарвозабони Жанлуижи Буффон учун Европа Чемпионлар лигасидаги 110-ўйин бўлди ва у италиялик футболчилар орасида турнирда энг кўп ўйин ўтказган футболчига айланди. 

Фото: Европа Чемпионлар лигаси 

Мавзуга оид