00:37 / 29.09.2017
11801

Байрам олдидан халқ таълими вазири иштирокида матбуот анжумани ўтказилди

Фото: Халқ таълими вазирлиги

Пойтахтимиздаги Миллий матбуот марказида 1 октябрь – «Ўқитувчи ва мураббийлар куни» умумхалқ байрами муносабати билан Халқ таълими вазирлиги томонидан «Таълим ва тарбия уйғунлиги – баркамол авлодни шакллантиришнинг муҳим омили» мавзусида матбуот анжумани ўтказилди, деб хабар беради вазирликнинг ахборот хизмати.

Тадбирда Халқ таълими вазири Улуғбек Иноятов, мутасадди бошқарма ва бўлим бошлиқлари, турли давлат мукофотлари билан тақдирланган устоз ва мураббийлар, «Йилнинг энг яхши фан ўқитувчи-2017» танлови ғолиблари, ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Халқ таълими вазири Улуғбек Иноятов ва бошқалар мамлакатимизда устоз ва мураббийларни ҳар томонлама рағбатлантириш, улар меҳнатига ҳақ тўлашни такомиллаштириш, таълим мазмунининг сифат ва самарадорлигини кўтариш мақсадида амалга оширилаётган ишлар ҳақида батафсил маълумот беришди.

Бугун республикамиздаги 9680 та умумтаълим мактабида жами 400 минг нафардан зиёд педагог кадрлар фаолият кўрсатади. Тизимдаги 4893 та мактабгача таълим муассасасида 56 825 нафар, 211 та «Баркамол авлод» болалар марказида 6108 нафар устоз ва мураббийлар фаолият кўрсатмоқда.

Фото: Халқ таълими вазирлиги 

Халқ таълими вазирлиги ўқитувчи ва педагоглар орасида энг илғор тажрибаларни аниқлаш ва уларни оммалаштириш масаласига алоҳида эътибор қаратиб келади. «Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси», «Йилнинг энг яхши директори», «Йилнинг энг яхши психологи», «Йилнинг энг яхши методисти», «Йилнинг энг фаол маънавият тарғиботчиси», «Йилнинг энг яхши чет тили ўқитувчиси» ва бошқа кўрик-танловлар орқали илғор, ташаббускор, ижодкор педагоглар  тажрибаси оммалаштирилмоқда.

Фото: Халқ таълими вазирлиги 
Top