Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё раҳбарлари ўртасида маслаҳатлашувлар ўтказиш ташаббуси билан чиқди
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё раҳбарлари ўртасида мунтазам равишда маслаҳатлашувлар ўтказиш ташаббусини билдирди. Бу ҳақида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Халқаро Пресс-клубнинг навбатдаги сессияси вақтида маълум қилди.
«Мен барчани Президентимиз томонидан олға сурилган аҳамиятли ташаббусга эътибор қаратишини сўраб қоламан. Бу ерда фақат Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари ўртасида маслаҳатлашувлар ташкил этилиши кўзда тутилган. Бунинг учун ҳеч қандай янги ташкилот тузиш мақсад қилинмаган. Бундан ташқари, қандайдир уставлар, қарорлар қабул қилиниши ҳам режага киритилмаган. 1990-2000 йилларда Марказий Осиёда Иқтисодий иттифоқ, ташқи сиёсий иттифоқ тузиш учун ҳаракатлар бўлган эди. Бироқ бу режалар амалга ошмади. Сабаби, айрим ҳал этилмаган масалалар мавжуд бўлган бир вақтда тўсатдан бориб, қандайдир шартномалар тузиб бўлмайди. Шу сабабли, минтақада йиғилиб қолган муаммоларни, долзарб масалалар устида аввал ўтириб, ҳеч бир мажбуриятсиз, ҳужжатларсиз ёки ташкилотлар иштирокисиз ўзаро фикр алмашиш керак. Давлатлараро ишончни кучайтириш керак. Ундан сўнг, биз амалий ишларга ўтишимиз мумкин. Президентимиз ташаббуси эса мана шундай майдонни яратиб беради», дея қайд этди Абдулазиз Комилов.
Ташқи ишлар вазирининг таъкидлашича, мазкур ташаббуснинг амалга ошиши натижасида Марказий Осиёдаги раҳбарлар очиқ-ойдин фикр алмашиб, мураккаб масалаларга ҳамжиҳатликда ечим топишади.
«Бундай тажриба ҳозирча ҳеч қаерда кузатилмаган. Маслаҳатлашув учрашувларини Ўзбекистонда ёки бошқа мамлакатларда ўтказиш мумкин. Барча эзгу ишлар - яхши қадамдан бошланади. Ўйлаймизки, биз келажакда ушбу тажрибани янада ривожлантирамиз», дея қўшимча қилди ТИВ раҳбари.
Мавзуга оид
17:25 / 15.11.2024
2050 йилга бориб Марказий Осиё музликларининг учдан бир қисми эриб кетиши мумкин
17:42 / 14.11.2024
Марказий Осиё табиий офатлар туфайли ялпи ички маҳсулотининг 6 фоизини йўқотиши хавфи бор
20:54 / 11.11.2024
Қозоғистон баҳорда Марказий Осиё давлатларидан 11 миллиард куб метр сув олади
16:34 / 08.11.2024