Жаҳон | 15:20 / 04.10.2017
20409
5 дақиқада ўқилади

Қўшнилари уни танишмади

1 октябрь куни Лас-Вегасда мусиқа фестивалига йиғилган кишиларни ўққа тутиб, 59 кишини ўлдирган ва 500дан ортиқ кишини жароҳатлаган Стивен Пэддокнинг шахсий ҳаёти Мескит шаҳридаги қўшнилари учун ҳам сирли бўлган.

Уларнинг баъзилари Пэддокни кўришмаган ҳам. 

Мескит шаҳри Лас-Вегасдан 145 км масофадаги шаҳарча бўлиб, у ерда асосан ёши ўтган кишилар истиқомат қилишади. 

"Мен уни танимаганман. Мен уни кўрмаганман ҳам", деган ўз номи сир қолишини илтимос қилган қўшнилардан бири.

"Бу уй ҳамиша сокин бўларди. Биз уларни "снегирлар" (қишни иқлими иссиқ бўладиган ҳудудларда ўтказувчилар) деб ўйлардик", дея маълумот берган яна бир қўшни.

Пэддок эрталаб ҳаммадан олдин турган ва жўнаб кетган, қўшнилар у билан гаплашишининг имкони бўлмаган. Боғдаги ишларни боғбонлар бажаришган. Курьерлар унга пиццани эшик ортидан узатишган. Пэддок шаҳарчадаги тадбирларда ҳеч қачон иштирок этмаган.

Пэддок одамови бўлган ва ўзи билан яшаб келган 62 ёшли Мэрил Дэнлидан бошқа ҳеч ким билан гаплашмаган.

Айни вақтда унинг қўшнилари уйлари эшикларига "Биз уни танимаймиз" ёзуви туширилган тахтачаларни осиб ташлашган.

Фото: Reuters

Пэддок отишма олиб борган меҳмонхона хонасида, унинг Мескитдаги уйида ва Невададаги у билан боғлиқ яна бир биноларда ўтказилган тинтувлардан кейин жами 47 дона қурол топилган. Меҳмонхонадан топилган 12 дона қуролга уларнинг тез отиш даражасини автомат даражасигача оширадиган махсус қурилмалар ўрнатилган.

Сойли милтиқ (винтовка), сочма ўқли ов милтиғи ва тўппончаларни Пэддок 20 йил давомида Невада, Юта, Калифорния ва Техас штатларида сотиб олган.

Пэддок кўп йиллардан буён кўчмас мулк савдоси билан шуғулланадиган фирмада бошқарувчи бўлган. У казиноларда кўп вақт ўтказган. 

У тез-тез кирадиган Starbucks кафеси ходимаси уни ўта қўполлиги учун яхши эслаб қолган. Пэддок Дэнли хоним ўзи учун буюртма қилишига йўл қўймаган ва унинг учун ўзи буюртма бериши, унинг учун пул тўлаши ҳақида айтган.

“У ҳамроҳини оғиз очгани қўймасди”, - дея эслайди Starbucks ходими.

Пицца таомлари тарқатувчи Domino‘s тармоғи курьерлари кейинги бир неча ой ичида Пэддокка 14 марта пицца келтиришган. Улар Пэддокни хушмуомала киши сифатида эслашган, у хизматчиларга яхшигина чойчақа бериб турган.

Икки йилдан буён Пэддок билан яшаб келган Дэнли Лас-Вегасдаги ҳужум вақтида АҚШда эмасди, у бир ҳафта илгари саёҳатга чиқиб кетган, 1 октябрь куни Филиппинда эди. Уни тергов саволларига жавоб бериши учун сешанба оқшомида Лос-Анжелесга келтиришди.

Суд материалларига кўра, Пэддок 1977 йили турмуш қурганди. 1979 йили у хотини билан ажрашган, бир йил ўтиб ажрим Лос-Анжелесда расмийлаштирилган.

5 йил ўтиб у яна уйланади, аммо 1989 йилда яна ажрашади. 

Суд материалларида ажримга икки томон бир-бирини тушунмагани сабаб сифатида келтирилган.

Daily Mail нашри Стивен Пэддок Лас-Вегасда тунги концерт ташрифчиларини ўққа тутган Mandalay Bay меҳмонхонаси хонасида олинган суратларни эълон қилди. Ушбу суратларда полда унинг жасади ва қуроллар ётганини кўриш мумкин.

Фоот: Daily Mail

1 октябрь куни кечқурун Стивен Пэддок исмли шахс Лас-Вегасда Route 91 мусиқа фестивали қаршисида жойлашган Mandalay Bay меҳмонхонасининг 32-қаватидан оломонни ўққа тутди. 59 киши ҳалок бўлди, 500 дан ортиқ киши яраланди. Бу АҚШда қурбонлар сони бўйича энг йирик отишма деб баҳоланди.

Лас-Вегас шерифи Жозеф Ломбардо CNN эфирида маълум қилишича, Пэддок одамларни ўққа тутишни бошлашдан олдин меҳмонхонадаги хонасига кўп сонли видеокамералар ўрнатиб қўйган. У жами 9 дақиқа давомида ўқ ёғдирган. 

Шерифнинг сўзларига кўра, ҳозирда терговчилар ўқотарни йўқ қилиш операциясида қатнашган полициячилар таққан камералардаги ёзувларни ўрганмоқда. «Бундан ташқари, биз фожиа юз берган ҳудудга ўрнатилган камералардаги видеоёзувларни ҳам ўрганиб чиқяпмиз», — деган у.

Мавзуга оид