Нима бўлганди?

2025 йил 1 январга ўтар кечаси Янги Орлеанда Ford F-150 Lightning русумли электр пикап ҳайдовчиси француз кварталидаги Бурбон-стритда янги йилни нишонлаётган одамларни босиб кетди — бу шаҳардаги доимо одамлар билан гавжум бўладиган ва сайёҳлар орасида машҳур марказлардан ҳисобланади. Шундан кейин ҳайдовчи машинадан чиқиб, атрофдагиларни ўққа тута бошлаган. Полиция жавобан ўқ узган, отишма вақтида ушбу шахс ўлдирилган.

Сўнгги маълумотларга кўра, Жабборнинг ўзи билан бирга жами 15 киши ҳалок бўлган, камида 35 киши яраланган.

Полиция ҳайдовчи ҳаракатини қасддан амалга оширгани ва максимал даражада зарар етказишга уринганини қайд этган. Федерал қидирув бюроси Янги Орлеандаги оммавий қотилликни террорчилик акти сифатида текширмоқда — машинадан ИШИД байроғи топилган — ва унинг эҳтимолий шерикларини қидирмоқда.

Бурбон-стрит ҳудудидан қўлбола портловчи қурилма ҳам топилган ва зарарсизлантирилган.

Аммо ҳозирча ИШИД ҳам, бошқа ташкилот ҳам ушбу ҳужум учун жавобгарликни ўз зиммасига олмаган.

Ҳужум қилган шахс ҳақида нималар маълум?

ФҚБ ҳайдовчининг шахсига аниқлик киритган: бу 42 ёшли Шамсуддин Жаббор бўлиб, у Техас штати Бомонт шаҳрида туғилиб ўсган.

2004 йил августида Жаббор АҚШ ҳарбий-денгиз кучларини тайёрлаш марказига ўқишга кирган, аммо бир ой ўтиб дастурни тарк этган.

2007 йил мартидан 2015 йил январига қадар Жаббор АҚШ армиясида кадрлар тайёрлаш бўйича мутахассис ва ахборот технологиялари соҳаси мутахассиси сифатида хизмат қилган. 2009 йил февралидан 2010 йил январига қадар Жаббор Афғонистонда командировкада бўлган.

Унинг укаси, 24 ёшли Абдур New York Times газетаси мухбирига Шамсуддин нима иш қилишини билмасдан, армияга кетганини айтади.

2015 йилдан 2017 йилгача Жаббор Жоржия штати университетида ўқиб, компютер ахборот тизимларида бизнес бошқаруви бўйича диплом олади.

Талабалар газетасига берган интервюсида у фуқаролик ҳаётига мослашиш қийинчиликлари ҳақида гапирган. Хусусан, ўқишга тўлов қилиш учун фахрийлар стипендиясини олиш йўлидаги бюрократиядан ҳамда армия жаргонларидан қутула олмаётганидан нолиган.

Фаол хизматдан бўшаганидан кейин ҳам, 2015 йилдан 2020 йилга қадар армия захирасида қолган. Times нашри ёзишича, Жаббор 82-ҳаво-десант дивизиясининг 1-бригада жанговар гуруҳида ахборот технологиялари гуруҳини бошқарган. Бу бўлинма «Иблис бригадаси» деб аталган.