11:20 / 05.10.2017
43994

Муҳожирлар «қабристони»дан репортаж

Фото: Getty

Сизнинг исмингиз Симон, Бангладешнинг кичик қишлоқларидан бирида яшайсиз. Бир куни олдингизга ёшликдан сизга яхши таниш бўлган бир одам келади ва чет элдан иш таклиф қилади. Унинг айтишича, сиз аввалдан анча иқтидорли ва қобилиятли бўлгансиз, у сизни билади ва янги ташкил қилаётган канцелярия ишида сиздан умид қилмоқда. У барча масалаларда сизга тиргак бўлади: барча ҳужжатларни расмийлаштириш, паспорт ва тиббий кўрик, транспорт бўйича муаммоларни ҳал қилиш, ҳатто агар сизга кредит керак бўлса, у ерда ҳам қарашиб юборишга тайёрлигини айтади. Таклиф қилинаётган маош – 400 доллар – бу сиз шу пайтгача ҳаётингизда кўрган пуллардан ҳам кўп. 

Албатта, сиз аҳмоқ эмассиз, бундай воқеаларни кўп эшитгансиз. Лекин у эски дўстингиз. Болаларингиз бирга мактабга боради. Ўзи маҳаллий ҳокимиятда яхши жойда ишлайди. У шунчаки ёрдам бермоқчи. Янги ҳаёт, молиявий мустақиллик, оилангиз келажаги учун жуда зарур. Бошқа вариант борми? Фақат қишлоқда қолиш ва шу ерда қариб, йўқ бўлиб кетиш.

Хуллас, шартномага имзо чекдингиз. Ҳужжатларни тўлдириш, бир нечта семинарлар ва суғурта учун бироз пул керак бўлади. Қандайдир жамғармангизни оласиз, тузатишга имкон топа олмай келаётганингиз ташландиқ ерингизни арзонроққа пуллайсиз, балки қариндош-уруғлардан ҳам озгина қарз ҳавола қиласиз – ахир келажакдаги маошлар ёрдамида буларнинг ҳаммасини қоплаш имкони бўлади сизда. Бу ахир ҳаётингизни ўзгартириб юборадиган қадам. Ваъда қилинган маош билан яқин ойларда уйга пул жўнатишни бошлашингиз аниқ, бу ҳаракатларнинг барчаси болаларингизнинг келажаги учун.

Фото: Getty

Афсус, Доҳа аэропортидаёқ «ерга тушасиз». Қўлингизга ишчилар кийимини тутқазиб, эртага эрталаб, соат 6да қурилиш майдонида бўлишингиз кераклигини айтишгандаёқ, ҳаммасини тушунасиз. Ҳа, сиз офисда ўтириб ишлаш учун эмас, стадион қуриш учун бу ерга келгансиз. 400 доллар ҳақидаги гапларингизга ҳам ҳайрон бўлишади, аслида маошингиз нари борса 200 долларни ташкил қилади. Ишга кириш учун йиғин сиз аввал рози бўлганингиздек, 200 доллар эмас 2000 долларни ташкил қилади, бунинг устига Доҳага училган рейс чиптасига ҳам қарздор бўлиб қолдингиз. Паспортдан айриласиз, мамлакатни тарк эта олмайсиз. Хуллас, ҳали биринчи иш куни бошланмасдан, компанияга икки йиллик маошингиз миқдорида қарздор бўлиб улгурдингиз. 

Кунига ўн икки соат, ҳафтасига олти кун. Ўзингизни эксплуатациянинг марказида ҳис қилишингизни бошлашингиз ҳамоно, аксинча, бахтли бўлиш учун ҳам сабаблар топила бошлайди, ахир сизга маошлар вақтида бериляпти. Турли меҳнат лагерларида орттирган янги танишларингизнинг айтишича, улар икки, уч ой, ҳатто олти ойлаб қўллари пул кўрмаган пайтлар бўлар экан.

Бу беқарорлик ва эвфемизм дунёси. Бирга ишлаётган шеригингиз ҳозиргина адёл остида ҳушидан кетади, уни олиб чиқиб кетишади, тамом уни бошқа кўрмайсиз. Қайсидир савдо марказига кирмоқчи бўлсангиз, бақувват хизматчи йўлингизни тўсади ва бу ерда «оилавий ҳудуд» эканини айтиб, келган жойингизга қайтариб кузатиб қўяди. Аслини олганда сиз бу ерда ишчи ҳам эмас, шунчаки иш кучисиз, қулсиз холос. Аслини олганда сиз бу ерда стадион эмас, қабристон қурмоқдасиз. Муҳожирлар қабристони.

Иштирокчилар ёки гувоҳларсиз аниқ сюжетни тасвирлаш қийин. Шунинг учун ҳам Симон образига мурожаат қилинди. У шунчаки образ, ундай одам йўқ. Унинг ҳикояси аслида ҳеч қачон содир бўлмаган. Аммо бу воқеалар содир бўлади ва содир бўлмоқда. Аслида 2-3 миллион Симон бор. Унинг ҳикояси кеча содир бўлди, бугун ҳам содир бўлмоқда, эртага ҳам бўлади.

Ўтган ҳафтада Human Rights Watch ташкилоти Қатардаги меҳнат муҳожирлари учун яратилаётган шароитлар ҳақида ҳисобот тайёрлади. Маълум бўлишича, ишчиларнинг иссиқда ва намлик шароитида меҳнат қилишлари билан боғлиқ шароитлар ҳал қилинмаган. Ташкилотнинг аниқлашича, юзлаб меҳнат муҳожирлари қурилиш объектларида вафот этишмоқда, аммо айнан қанча одам ўлаётгани ва бу ҳодисалар қандай сабаблар билан юзага келаётгани ҳақида билишнинг имкони йўқ – Қатар ҳеч қачон буни айтмайди ва ҳатто ишчиларнинг касаллик ёки ўлим варақалари ҳам юритилмайди. Расман қайд этиладиган ўлимлар ҳам асосан «номаълум сабабларга кўра», «табиий ўлим» ёки «юрак хуружи» деб ёзилади, худдики шаҳарнинг нариги томонида содир бўлаётган ўлимлардек. Ҳа, одам ўлди. Бўлиб туради. 

Human Rights Watch бир неча йиллардан буён бунга қарши курашиб келади. Мамлакатнинг ташқи назоратдан қочаётгани, ислоҳотлар фақат қисман ва баъзи ерлардагина амалга оширилаётгани ҳақида эътиборни жалб қилишга уринади. Лекин фойдасиз – ҳа, Қатарда яна битта воқеа содир бўлибди, ҳа чатоқ бўлибди. Стадионлар Қатардаги илк катта лойиҳалар эмаслиги туфайли, одатий тусга кириб улгурган, балки шунинг учун ҳам, ЖЧ-2022 лойиҳасидаги салбий оқибатлар омма эътиборини етарлича жалб қила олмаяпти. 

Фото: Getty

Яна бир сабаб, албатта, биз Қатардаги офатлар ҳақида етарлича маълумотга эга бўлмайсиз, қурбонлар асосан ривожланмаган давлатлардан келадилар, бошқалар учун ҳам маълумотларни қўлга киритиш деярли имконсиз.

Ўтган йилнинг мартида БМТ вакиллари Қатарга ташриф буюришди. Мақсад соҳадаги тараққиётга баҳо бериш, меҳнат шароитларини текшириш ва одатга кўра, елкани қоқиб қўйиш. Улар тасодифан непаллик ишчи билан гаплашиб қоладилар ва кутилмаганда у барча масалада рост гапларни айтиб юборади. Шу заҳотиёқ у ишдан бўшатилади ва биринчи самолёт билан Непалга жўнатиб юборилади. Кейин эса, кимдирнинг ақлига, у бечоранинг энди иш берувчиси йўқлиги, бемалол қамаш ҳам мумкин экани келиб қолади. Самолётдан тушиши билан уни қамоққа олишади.

Бу воқеаларни шунчаки хунук капитализмнинг ёвуз қоидаси таркибига қўшиш ва хотиржам бўлиш мумкиндек. Ахир азалдан бой одамлар камбағалларни ишлатган. Аммо ЖЧ-2022 ни фақат меҳнат шартномаларининг бузилиши ўлароқ очиқлаш ҳам етарли бўлмайди, бунинг учун вазиятга бироз яқинроқдан назар ташлаш керак бўлади. 

Эллик йиллар олдин бутун Қатар аҳолисини мана шу қурилаётган стадионлардан бирига жойлаштириш имкони бўларди. Ҳозирда Қатар аҳолиси 2.6 миллионни ташкил қилади ва уларнинг 90 фоизи меҳнат муҳожирларидир. Маҳаллий аҳоли учун энг катта хавф ҳам шу – сон жиҳатидан бир неча баробар устун бўлган ва асосан кучга тўлган эркаклардан ташкил топган муҳожирлар бирлашиши мамлакатда беқарорликни келтириб чиқариши мумкин. Шунинг учун ҳам ҳар қандай формадаги уюшқоқ меҳнат аҳолида қўрқув уйғотади ва муҳожирларга бўлган норозилик, дискриминацияга шароит яратади.

Аксарият жамоат жойлари – бозорлар, савдо марказлари ёки парклар «оилавий ҳудуд» деб белгиланган ва бундай ҳудудлар асосан маҳаллий аҳоли ва ғарбдан келган меҳмонлар учун ишлайди. Қуролланган қоровуллар бу ҳудудларни қўриқлаб турадилар ва кўриниши жанубий осиёликка ўхшаган одамларни у ерларга киритмасликка ҳаракат қиладилар. Мамлакатнинг баъзи ҳудудларида муҳожирлар яшаши мумкин эмас. Ҳатто бир неча йил олдин Қатар жума кунини алоҳида «оилавий кун» деб белгилаб, ўша кунлари муҳожирларнинг иш жойидан ташқарига чиқишларини тақиқлаш ҳақида қарор чиқармоқчи бўлганди. 

Фото: Getty

Албатта, бу глобал замонда пулларни назорат қилиш қийин. Агар айниқса, катта шаҳарда яшасангиз, атрофингиз тўла Qatar Sainsbury's тармоғида харид қиласизми, British Airways'да учасизми, Barclays Bank'да ҳисоб очасизми, барибир, билвосита Қатарни молиялаштираётган бўласиз. Неймарнинг голларини олқишлаб ҳам, Европа Чемпионлар Лигасини томоша қилиб ҳам, албатта. Бундан қайтариш ниятида эмасмиз.

Албатта, ҳеч ким булардан воз кечмайди. Жаҳон чемпионатини кутамиз, ундан завқ оламиз, ахир футболни севамиз, шундайми? Бу ерда энг аҳамиятлиси, атрофимизда бўлаётган ҳодисаларни дунёдаги воқеаларга боғлай олиш, ўша ракурсда қараб, таҳлил қила олишдир. Бу дегани, эртага Мбаппенинг чиройли голидан сўнг, унинг нархларини ҳисоб-китоб қилаётганда, эртага қамалиш учун самолётга қадам қўяётган Симонни ҳам тасаввурда пайдо қила олиш. Ҳеч бўлмаса.

Independent материали асосида Қ.Асланов тайёрлади

Top