16:20 / 05.10.2017
10601

ОАВ: ИШИД ўз тарафдорларининг 80 фоизини интернет орқали ёллайди

ИШИД террорчилик ташкилоти интернетдан фойдаланган ҳолда ўз тарафдорларининг 80 фоизини ёллайди. Бу ҳақда il Messaggero газетаси Италия ички ишлар вазири Марко Миннитига асосланиб хабар бермоқда.

"ИШИД интернетни ўзининг асосий қуролига айлантган биринчи террорчилик ташкилотига айланди. Бутунжаҳон тармоғи радикаллашув ва диний ақидапарастликка кириб бориш жараёнида ҳал қилувчи роль ўйнайди. Бу ишларнинг 80 фоизи жангарилар ва тарафдорларни жалб қилиш учун интернет орқали амалга оширилади. Интернетдан фойдаланиш ташкилотнинг таъсир доираси кўлами ҳақида тасаввур уйғотишга имкон беради", - дея вазирнинг Луисс Рим университетида киберхавфсизлик бўйича бўлиб ўтган форумдаги нутқидан иқтибос келтиради газета.

Аввал терроризмга қарши кураш бўлими бошлиғи бўлиб ишлаган Миннити интернетнинг террорчилик мақсадларида фойдаланилиши муаммосини "жуда мураккаб ва жиддий", деб ҳисоблайди, уни ҳал қилиш эса жуда қийин. "Шу боис, халқаро миқёсда фойдаланувчиларнинг барча ҳуқуқ ва кафолатларига риоя этган ҳолда тармоқни мониторинг қилиш ҳамда назоратни таъминлаш учун энг йирик халқаро провайдерлар билан ҳамкорлик қилиш зарур", - деди вазир.

Форумда шунингдек, дунёда хакерлик ҳужумларининг умумий зарари йилига 445 миллиард долларни ташкил этиши ҳам айтилди. 2020 йилга бориб эса бу кўрсаткич 3 трлн. долларга етиши мумкин.

Top