Жамият | 01:25 / 07.10.2017
55694
4 дақиқада ўқилади

Автобус ҳалокати: оқибатлар эмас, сабаблар билан курашайлик

Фото: РИА "Новости"

Бу жума оқшоми Ўзбекистон учун яна бир мудҳиш ҳодиса билан тарихга кирди. Россиянинг Владимир областида автобуснинг йўловчи поезди билан тўқнашуви натижасида 17 ўзбекистонлик ҳалок бўлди. Президент Шавкат Мирзиёев топшириғи билан ҳалок бўлганлар ва жабрланганларни Ўзбекистонга олиб келиш, уларга ва яқинларига кўмак кўрсатиб бўйича ҳукумат комиссияси тузилиб, айни дақиқаларда Россияга учган Мудофаа вазирлигига тегишли махсус борт Термизга қўнди. Боиси аварияда жабрланганларнинг аксарияти сурхондарёликлар экан...

Ёдингизда бўлса, 22 июнь куни ҳам худди шундай бахтсиз ҳодиса содир бўлган, Қозоғистон ҳудудида 50 нафар ўзбекистонликни олиб кетаётган автобус ҳалокатга учраган эди. Ўшанда бахтсиз ҳодисада 9 нафар ўзбекистонлик вафот этди. Орада Россия ва Қозоғистон ҳудудида ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари бўлган транспорт воситаларида яна кўплаб катта-кичик бахтсиз ҳодисалар рўй берди. Аммо бу каби ишларда Ўзбекистон ҳукумати фақатгина оқибатлар билан курашиб, ҳалок бўлган ва жароҳатланганларни Ўзбекистонга олиб келиш, уларнинг оилалари ва яқинларига кўмак кўрсатиш билан кифояланмоқда. Нима учун бу каби ҳодисаларнинг сабаблари ўрганилиб, уларни барвақт аниқлаш ва бартараф этиш чоралари кўрилмаяпти? Яна ўнлаб, юзлаб ўлимлар бўлиши керакми амалий ҳаракатга ўтиш учун?

Эътибор берган бўлсангиз, ҳар икки ҳолатда ҳам 50 нафар атрофидаги ўзбекистонликлар Россияга Қозоғистон автобусида кетаётганда ҳалокатга учради. Улар айнан Қозоғистон автобусида Россияга етиб олиш арзонга тушгани сабабли ҳам шу йўлни танлашган. Демак, Ўзбекистон ҳукумати айни шу масалани синчиклаб ўрганиши ва фуқаролар учун энг оптимал ечимни топиши шарт!

Шунингдек, бу бахтсиз ҳодиса Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги таклиф этаётган вариантлар ҳам ҳали мукаммал эмаслигини кўрсатмоқда. Вазирлик мутахассислари Россияга Қозоғистоннинг автобусларида кетишни маъқул кўраётганлар ўртасида ижтимоий тадқиқотлар ўтказиб, улар учун муқобил таклифларни ишлаб чиқиши керак.

Яна бир гап. Модомики, Ўзбекистон фуқаролари Қозоғистон орқали Россияга кетишни маъқул кўраётган экан, Қозоғистон ҳукумати билан ҳам бу йўналишда ҳамкорликни йўлга қўйиш керакдир. Чунки маълумотларга кўра, ҳалокатга учраган «Мерседес-Бенц 0303» маркали автобус 1990 йили фойдаланишга топширилган. Германияда бундай автобуслар ишлаб чиқарилиши 1993 йилдаёқ тўхтатилган. «Ишлаб чиқарилганига 24 йилдан ортиқ вақт бўлган транспорт воситасининг техник ускуналари эскирганига 15 йилдан ошган. Шу билан биргаликда, ҳайдовчиларнинг масъулиятини ошириш, уларга бўлган талабларни кучайтириш ҳам зарур...

Зеро, KUN.UZ маълумотига кўра, ҳодисада автобус ҳайдовчисининг айби катта. Йўл ҳаракати қоидаларига биноан, транспорт воситаси темир йўл устида бузилиб қолса, ҳайдовчи биринчи навбатда йўловчиларни ташқарига чиқариши ва уларни хавфсиз ҳудудга ўтказиши керак. Икки киши темир йўл бўйлаб қарама-қарши томонга имкон қадар узоқроққа бориб, қаршидан келувчи поезд машинистини фонар ёки бошқа восита орқали огоҳлантириши керак. Аммо автобус ҳайдовчиси бу ишларни қилмаган... Хуллас, юқоридаги гап: бахтсиз ҳодисаларнинг натижалари, оқибатлари билан курашиш ўрнига уларни келтириб чиқараётган сабабларни ўрганиш ва фуқаролар учун мақбул ечимларни топиш шарт. Акс ҳолда махсус бортлар парвози давом этаверади...

Санжар Саид

Мавзуга оид