12:43 / 07.10.2017
24302

Туркманистонда коррупцияга аралашиб қолган амалдорлар оммавий ҳибсга олинди

Фото: Хроника Туркменистана

Туркманистонда пайшанба, 5 октябрь кунги ҳукуматнинг кенгайтирилган мажлисида мамлакат иқтисодий жиноятлар билан кураш Давлат хизмати раҳбари Мамметхон Чақиев коррупцияда айбланган қатор амалдорлар ҳибсга олингани ҳақида маълум қилди. Бу ҳақда “Хроника Туркменистана” нашри мамлакат давлат телевидениесига таянган ҳолда хабар берди.

Саноат вазирлигининг “Türkmen Demir Önümleri” давлат корхонаси раҳбари Мардон Бобоев ўз қўлида ишлаганлардан, хусусан, 2012 йилнинг августидан 2017 йилнинг августига қадар давлат корхоналарини давлат нархи бўйича сотиб олиб, тижорий тузулмалар орқали оширилган нархларда сотиб, ноқонуний даромад олиб келган Даврон Аллақулиевдан пора олган. Тергов натижаларига кўра, Бобоев ва Аллақулиев жиноий жавобгарликка тортилган. Уларга тегишли автоуловлар ашёвий далил сифатида олиб қўйилди.

Фото: Хроника Туркменистана

Текширувлар Тўқимачилик саноати вазирлигининг қатор корхоналарида ҳам ўтказилди. Хусусан, Ахол вилояти бирлашма раиси ўринбосари Алланазар Ёзбердиев давлатга катта миқдорда зарар етказгани аниқланди.

Тошҳовуз шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги “Тошҳовузхизмат” корхонаси раҳбари Каримбой Матназаров ўз лавозимидан фойдаланган ҳолда тўқимачилик саноатига тегишли тайёр маҳсулотларни етказиб бериш учун шартномаларни имзолаган ҳамда фирибгарлик йўли орқали давлатга жуда катта миқдорда зарар етказган, дейилади хабарда.

Фото: Хроника Туркменистана

Ҳозирги кунда давлатга етказилган зарарни қоплаш бўйича ишлар олиб борилмоқда. 

Текширувлар, шунингдек, Темир йўл вазирлигида ҳам амалга оширилмоқда. Темир йўлининг Ашхобод бўлими станцияси раҳбари Тачмурат Қурбонмамедов станция ҳисобига келиб тушган хизматлар учун тўловлар бўйича даромадларни камайтириб кўрсатган. Натижада, давлат жуда катта зарар кўрди. Қурбонмамедов жиноий жавобгарликка тортилди. 

Фото: Хроника Туркменистана

Текширув Маданият вазирлигида ҳам бўлиб ўтди. Мери вилояти Мурғоб тумани маданият бўлими раҳбари Шотурди Мўмаев, бўлим ходимлари Шомуҳаммад Нурмуҳаммедов ва Қочмурод Ражабов ҳисоботларда маълумотларни сохталаштиришган ҳамда давлатга катта зарар етказишган. Уларга нисбатан жиноий иш қўзғатилди. Тергов давом этмоқда, дейилади матнда.

Top