Жаҳон | 19:30 / 08.10.2017
19565
3 дақиқада ўқилади

«Каталония — Испанияники». Барселона кўчаларида яна намойишлар

«Биз барчамиз биргамиз!», «Етар! Соғлом фикрлайлик», «Улар жамиятни парчалашди», «Биз кўпчиликмиз», «Каталонияни бўлиб ташлашларини истамаймиз» - бугун Каталониянинг Испаниядан мустақил бўлишини истаган минглаб кишилар шу шиорлар билан Барселона кўчаларига чиқишган.

Митинг ташкилотчилари маълумотига кўра, бугун кўчага чиққан намойишчилар сони 950 минг нафардан ошади. 

Барселона полицияси маълумотига кўра эса, митингда жами бўлиб 350 мингга яқин киши қатнашган.

«Миллатчилик ҳаракатлари Каталонияни чулғаб олган. Биз бу ерда бу тартибсизликни тўхтатиш учунмиз», — деган ёзувчи, адабиёт бўйича Нобель мукофоти лауреати Марио Варгас Льоса.

У Испанияни «озодлик ва қонунлар устивор» давлат сифатида ҳимоя қилишга чақирган.

«Уларнинг мустақиллик учун ҳаракатлари Испанияни бўлиб ташлашга қаратилган. Карлес Пучдемон (Барселона женералитети раҳбари), Ориол Жункерас (Каталония ҳукумати раҳбари ўринбосари) ва Карме Форкадель (Каталония парламенти спикери) 500 йиллик тарихни йўқ қилмоқчи бўлишгани учун жазоланиши керак», деган ёзувчи.

 

Фото: EPA

«Каталония фуқаролик жамияти» томонидан ташкил этилган митингни яна 50та турли ташкилотлар, шу жумладан бир қанча сиёсий партиялар - Миллий партия, «Фуқаро» партияси ҳам қўллаб-қувватлаган. Бундан ташқари, митингда каталон социалистлари фаол бўлишган.

© РИА Новости / Хавьер Луэнго

Каталониянинг Испаниядан алоҳида ажралиб чиқишини назарда тутувчи мустақиллик референдуми 1 октябрь куни ўтказилганди. Испания Конституцион суди референдумдан аввалроқ уни ноқонуний деб баҳолаган, референдум куни испан полицияси сайлов участкаларига бориш йўлларини тўсиб қўйган, натижада тинч аҳоли вакиллари билан тўқнашувлар рўй берганди.

Шундай шароитда ўтказилган референдум натижаларига кўра, 90 фоиздан ортиқ киши мустақилликни ёқлаган. Референдумда давомат 43,03 фоизни ташкил қилган.

Испания қироли Фелипе VI фуқароларга қилган мурожаатида Каталония ҳукумати рухсатсиз референдум ўтказиш орқали «бўйсунмаслик» ҳаракатини намойиш этиб, «Испания бирлигига дахл қилиш»да айблади.

© AP Photo / Francisco Seco

Испания бош вазири Мариано Рахой улар «қонуний ўзанга қайтмагунича» Каталония ҳукумати билан ҳеч қандай музокаралар ўтказилмаслигини айтди.

© AP Photo / Francisco Seco
Фото: EPA

Каталония парламенти 10 октябрь куни йиғилиш ўтказади. Унда женералитет раиси (Каталония ҳукумати) Карлес Пучдемон референдумнинг якуний натижаларини эълон қилиши кутилмоқда. Ушбу йиғилиш вақтида парламент мустақиллик декларациясини қабул қилиши истисно этилмаяпти.

Мавзуга оид