17:00 / 09.10.2017
38224

Қишга тайёргарлик: жойларда кўмир ва кўмир-брикетнинг нархи қанча?

Фото: Telegraf.uz

Куз-қиш мавсуми кириб келиши билан республиканинг олис туман ва шаҳарларида истиқомат қилувчи аҳоли эҳтиёжидан келиб чиқиб, «Ўзбеккўмир» АЖ белгиланган режага асосан, ҳудудий кўмир етказиб бериш марказларига ва унинг филиалларига кўмир ҳамда кўмир-брикет маҳсулотларини тарқатишни бошлайди.

Ўзбекистон Республикаси товар-хомашё биржасига кўмир ҳажмлари қўйилиши Иқтисодиёт вазирлиги томонидан тасдиқланган кўмир ресурслари ва уларни тақсимлаш баланси ҳамда Давлат демонополизация қилиш ва рақобатни кучайтириш қўмитаси томонидан тасдиқланган жадвал билан назарда тутилган ҳажмлар доирасида амалга оширилади. Бунда бошланғич нархлар сифатида Молия вазирлиги томонидан тасдиқланадиган Декларация қилинган нархлар реестрига мувофиқ нархлар қўлланилади.

Kun.uz'га маълум бўлишича, 2017 йилда жойларга етказиб берилган кўмирнинг 1 тоннаси 156,600 сўм, кўмир-брикетнинг 1 килограмми эса 238 сўм этиб белгиланган. Айни пайтда Ўзбекистоннинг барча вилоятларига маълум график асосида етказилган кўмир маҳсулотлари ижтимоий объект, бюджет ҳисобидаги ташкилот ва идоралар, шунингдек, аҳолига сотиш бошланган.

Kun.uz мухбири билан суҳбатлашган «Андижон кўмир етказиб берувчи» унитар корхонаси мутасадди вакилининг берган маълумотига кўра, жорий йилнинг октябрь ойи кесими вилоятга 15 минг 401 тонна кўмир, бундан ташқари, 2 минг 400 тонна кўмир-брикет маҳсулоти етказиб берилган. Вакилнинг айтишича, мазкур кўрсаткич ноябрь ойида ўсиши кутилмоқда.

Шунингдек, «Самарқанд кўмир етказиб берувчи» унитар корхонаси берган маълумотга кўра, октябрь ойининг ўзида 16,1 минг тонна кўмир ҳамда 12,9 минг тонна кўмир-брикет бюджет ҳисобида фаолият юритувчи хўжаликларга, хусусан, ижтимоий объектларга етказиб берилган. Корхона расмий вакилининг айтишича, 1 ноябрга қадар аҳолига 80 минг тонна, шундан 57 минг тонна кўмир ва 23 минг тонна кўмир-брикет етказиб бериш режалаштирилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, «Ўзбекенерго» ДАК электр станциялари, бюджетдан молиялаштириладиган ташкилотлар ва аҳолидан ташқари, кўмирнинг барча истеъмолчиларга реализация қилиниши биржа савдолари орқали амалга оширилиши назарда тутилган. Бунда биржа савдоларида кўмир қазиб олиш корхоналари сотувчи, кўмирдан ўз эҳтиёжлари учун фойдаланувчи истеъмолчилар харидорлар бўлади. Биржа савдоларида харид қилинган кўмир қайта сотилиши мумкин эмас.

Top