Ўзбекистон | 16:30 / 15.10.2017
81162
2 дақиқада ўқилади

Андижон - Тошкент рейслари бекор қилиниб, поездлар пахта теримига сафарбар этилди

Тошкент—Андижон—Тошкент йўналишида ҳаракатланувчи поездлар қатнови номаълум муддатга қадар йўловчиларга хизмат кўрсатишни тўхтатди. Бу ҳақда вазиятдан бохабар манба Kun.uz’га маълумот берган. Унинг айтишича, поездлар водий вилоятларидан ҳашарчиларни Тошкент вилояти ва унинг атрофидаги ҳудудларда етиштирилган пахта ҳосилини йиғиб олиш учун ташишга сафарбар қилинган. 

Вазиятга аниқлик киритиш мақсадида, Kun.uz мухбири Тошкент шаҳридаги Марказий вокзали тезкор маълумот бериш хизмати билан боғланди.

«Қатнов қачон қайта тикланишини билмаймиз, чунки пахтага одам ташиб келтирилмоқда», дея жавоб қайтарди оператор. 

Kun.uz​ манбасининг хабарига кўра, шу кеча-кундузда водийдан 32 минг нафар теримчи Тошкент вилояти ҳудудига олиб келинган. Улар орасида уюшмаган ёшлар, коллеж ҳамда тиббиёт ходимлари ​бор.

Андижон вилоятидаги манбанинг маълумот беришича, айни пайтда Андижон шаҳридаги вокзалдан теримчилар чиққан икки эшелон поезд белгиланган манзилга жўнаб кетган. Маълумотларга кўра, 14 октябрь куни Андижондан йўл олган ҳашарчилар Тошкент вилоятининг Бўка ва Бекобод туманларида пахта теришга киришган.

Рейслар бекор қилинишидан олдин шу йўналишга чипта олганлардан 15 октябрь куни соат 08:00гача чипталарни топшириш сўралган. Акс-ҳолда чипталар пули қайтариб берилмаслиги айтилган.

Бу вақтда, Андижон-Тошкент йўналишида қатновчи таксичилар йўл кира нархини кескин кўтаришган. Айрим жойларда йўловчи ташиш нархи бир киши учун 80 минг сўмгача кўтарилган, бу эса одатий белгиланган бозор нархидан икки баравар қиммат дегани.

Мавзуга оид