Жамият | 12:45 / 17.10.2017
12154
2 дақиқада ўқилади

Фарғонада синфдош дўстининг 50 минг доллар пулини ўмармоқчи бўлган шахс ушланди

Фото: KUN.UZ

Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармасининг хабарига кўра, олинган тезкор маълумот асосида бошқарма ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан ҳамкорликда содир этилиши режалаштирилган босқинчилик жиноятини олдини олиш мақсадида тадбир ўтказилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси ИИВ матбуот хизмати хабар бермоқда.

Қувалик тадбиркор Ю.А. ҳалоллиги ва одамларга ишонувчанлиги сабабли йиллар давомида йиғиб келаётган 50 минг АҚШ доллари миқдоридаги пуллари борлигини синфдоши А.Т.га айтади. А.Т. эса дўстининг пулларини қандай қилиб бўлса ҳам қўлга киритиш режасини тузади. Бу ғараз ишига шериги С.А.ни ҳам жалб қилади. Режани амалга ошириш белгиланган куни тунда Ю.А.нинг хонадонига девор орқали тушаётганларида вилоят ИИБ ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар тезкор ходимлари томонидан А.Т. ва С.А.лар жиноят устида қўлга олиндилар.

Суриштирув ишлари давомида жиноий гуруҳ аъзоларидан аёллар калготкасидан ясалган қора рангли ниқоб, бир дона қалпоқ, икки дона арқон ашёвий далил сифатида олинди. 

Муқаддам Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 165-моддаси ва 277-моддаси билан икки маротаба судланган, 1962 йилда туғилган Т.А. ҳамда муқаддам Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 190-моддаси билан икки маротаба судланган 1978 йилда туғилган С.А.ларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, уларнинг бошқа жиноятларга алоқадорлиги ўрганилмоқда. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид