Жамият | 22:27 / 17.10.2017
17671
8 дақиқада ўқилади

«Ўргимчак тўри»даги ёлғон ёхуд фуқаронинг асоссиз эътирози

Фото: Wealth Magnate

Бугунги ривожланган давр шиддати шу даражага етдики, интернетда «шов-шув» бўлган (тўғрироғи бўлдирилган) бирор хабар асосли ёки асоссизлигидан қатъи назар, муҳокама мавзусига айланиб кетмоқда. Аммо ушбу хабарни ўқиётган ёки юкланган видеороликни томоша қилаётганларнинг барчаси ҳам унинг ортидаги асосий мақсадни англай олармикан?! Албатта, йўқ.

Ҳозирда ҳар бир инсон қўлида «жаҳон кўзгуси» бор: унга шундоққина нигоҳ ташлаш орқали дунёнинг қайси мамлакатида нима ҳодиса юз бераётганлигини кўриб, билиб олаверади, ёлғони ҳам, рости ҳам ичида. Интернетга юкланган битта маълумотни бутун дунё аҳли кўриш имкониятига эга экан, бу Ер шарининг қайсидир нуқтасига бормай туриб, ўша ҳудуд ҳақида хулоса қилиш мумкин деганидир. Айни шу жиҳат мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, ҳар бир фуқарога давлат, ҳукумат даражасида қаратилаётган эътиборни жаҳон ҳамжамияти нигоҳига тескари қилиб кўрсатишни истаганлар учун қўл келмоқда.

2017 йил мамлакатимиз аҳолиси учун унутилмас йил бўлаяпти. Негаки, йил бошидан буён ҳозирги кунга қадар давлат ва жамиятимизда юз берган туб бурилишлар, иқтисодий-ижтимоий юксалишлар, оламшумул бунёдкорлик ишлари, ҳар бир соҳанинг ривож топиши, ҳаёт фаровонлиги нафақат биз, балки дунё ҳамжамияти томонидан ҳам юксак баҳоланмоқда. Албатта, буларнинг барчаси юртимизда инсон шаъни олий қадрият, унинг муносиб турмуш тарзи эса давлат сиёсати даражасидаги эзгу мақсад эканлигидан далолатдир. Фуқаролар мурожаати бўйича қабул қилинган меъёрий ҳужжатларда Президентимиз томонидан белгилаб берилган кўплаб кўрсатмаларнинг ижросини таъминлаш, қолаверса, «Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак», деган халқчил тамойилни ҳаётимизга тадбиқ қилиш мақсадида амалга оширилаётган эътирофли ишлар негизида ҳам ана шу улуғвор ният мужассам, аслида.

Мурожаатларга муносабат тубдан ўзгаргани сабаб халқимиз давлат органлари ва мансабдор шахслар фуқаролар ва жамият олдида масъул эканлигини, халқ манфаати устуворлигини ўз ҳаётларида яққол ҳис қила бошлади. Бу Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг «Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида»ги фармонида мурожаатлар билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга оид қўйилган вазифанинг амалда таъминланаётгани натижасидир.

Мурожаат ортида инсон манфаати мужассам бўлади. Маълумотларга кўра, йилнинг ўтган муддатида Кармана тумани ҳокимлигига фуқаролар томонидан 714 та мурожаат келиб тушган бўлса, уларнинг аксарияти ижобий ҳал қилинган.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 28 декабрдаги «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони асосида ташкил этилган Халқ қабулхоналари фаолияти ҳам аҳоли мурожаатларининг тез ечим топишига хизмат қилмоқда.

Бундан ташқари, Президентимизнинг 2017 йил 8 августдаги «Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори доирасида барча туман ва шаҳарларда ҳокимлик, прокуратура, ички ишлар ва давлат солиқ хизмати ҳудудий органлари раҳбарлари бошчилик қиладиган комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича 4 сектор самарали фаолият кўрсатмоқдаки, бу фуқаролар учун янада қулайлик яратаяпти.

Бугун фуқаро бирор масала юзасидан қайга бормасин, унинг дарду ташвиши эшитилаяпти, муаммоси имкон қадар жойида ҳал қилиб берилаяпти. Аммо...

Аммо кўтараётган масаласи асоссизлигини ўзи билган ҳолда қанча кўп мурожаат қилсам ишим ҳал бўлиб кетади, деган фикрга борувчилар ҳам топилади. Ёки юқорида таъкидлаганимиздек, интернет тармоғида юртимиздаги ижобий ўзгаришлар қолиб, нохолис ахборотлар тарқатаётган айрим сайтларга ёлғон маълумот тақдим қилувчилар бу орқали омма эътиборини ўзларига тортишни исташади.

Масалан, яқинда «Озодлик» радиосининг «Фейсбук» ижтимоий сайтидаги саҳифасида эълон қилинган карманалик Қобил Нуриллаевнинг мурожаати кўринишидаги видеоролик кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлди. Видеороликда «жабрланувчи» уй-жойи тортиб олинаётганлигини иддао қилади. Аслида, ҳолат қандай бўлган эди?!

Кармана тумани ҳокимининг 2012 йил 8 апрелдаги 356-Қ-сонли қарорига кўра Навоий шаҳрининг Навоий кўчасини М-37 халқаро миллий автомагистрал йўлига туташтириш учун лойиҳалаш ва қуриш мақсадида «Арғун» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидан 3,4 километр узунликдаги ер майдони танланган.  Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 9 апрелдаги «2012 йилда умумий фойдаланиладиган автомобиль йўлларни ва хўжаликлараро қишлоқ автомобиль йўлларини таъмирлаш дастурлари тўғрисида»ги 103-сонли қарорига асосан янги йўл қурилиши муносабати билан туман ҳокимининг 2012 йил 12 июлдаги 612-Қ-сонли қарори билан фуқаро Қобил Нуриллаевнинг отаси Муҳиддин Нуриллаевга тегишли 637 кв.метр ер майдони давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун захирага олинади.

Кармана тумани ҳокимининг 2013 йил 27 июлдаги 440-Қ-сонли қарорига асосан фуқаро Муҳиддин Нуриллаевга уй-жойи давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун бузилишга тушганлиги муносабати билан «Янгиариқ» қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудидан якка тартибда уй-жой қуриш учун 0,06 гектар ер майдони ажратилади ҳамда холис баҳоловчи томонидан 51.525.722 сўм деб белгиланган компенсация маблағи тўлаб берилади.

Бироқ шундай бўлишига қарамасдан фуқаро Мухитдин Нуриллаев уй-жойини ихтиёрий равишда бузиб олмайди. Натижада, Кармана тумани ҳокимлиги томонидан 2014 йилнинг апрель ойида унинг уй-жойини мажбурий тартибда буздириш тўғрисида фуқаролик ишлари бўйича Кармана туманлараро судига даъво аризаси киритилган. Суднинг 2014 йил 24 апрелдаги 1-684/14-сонли ҳал қилув қарорига асосан эса ушбу даъво аризаси тўлиқ қаноатлантирилган.

Кейинчалик Қобил Нуриллаев давлат эҳтиёжи учун олиб қўйилган ушбу ер майдонига ўзбошимчалик билан ноқонуний равишда пойдевор қуриб олади. Бу, албатта, ноқонуний қурилиш эди. Уни мажбурий тартибда буздириш бўйича Кармана тумани ҳокимлиги томонидан фуқаролик ишлари бўйича Кармана туманлараро судига даъво аризаси киритилади ҳамда фуқаролик ишлари бўйича вилоят судининг 2016 йил 27 июнь куни 2-2-16-сонли ҳал қилув қарорига асосан даъво аризаси қаноатлантирилади. Суд қарорида фуқаро Қобил Нуриллаев томонидан 100 кв.метрда ноқонуний равишда қурилган 51.8 метр узунликдаги пойдеворни мажбурий туртибда буздириш белгиланганлигини кўриш мумкин.

Фуқаро ўз мурожаати асоссизлигини, хатти-ҳаракати ноқонунийлигини билган ҳолда «шов-шув» кўтариб, ўз мақсадига етишга интилди, «ўргимчак тўри»ни яна битта ёлғон билан бойитди.

Бир сўз билан айтганда, мамлакатимизда ҳар бир мурожаат эътиборда. Ҳаттоки, туман раҳбарлари «Нима муаммонгиз, қандай масалангиз бор?» дея фуқаронинг хонадонигача кириб бормоқда. Шундай экан, кўксимиздаги виждон аталмиш ғурурни сақлаб қолайлик, жонажон Ўзбекистонимизни ёмонотлиқ қилишга уринаётганларнинг тегирмонига билиб-билмай сув қуймайлик. Бизнинг бундай хатти-ҳаракатимиз жаҳон майдонида Она Ватанимиз шаъни учун доғ бўлиши мумкинлигини тоза юрак, теран ақл билан ўйлаб кўрайлик.

Руслан САБУРОВ.

Мавзуга оид