Ўзбекистон | 19:34 / 09.02.2022
10528
8 дақиқада ўқилади

“Гап серверларда эмас, платформалар давлат органларимиз билан ҳамкорлик қилсин” — Шерматов

Ўзбекистон расмийларининг ижтимоий тармоқларга нисбатан асосий талаби серверларини олиб келиш эмаслиги маълум бўлди (ваҳоланки, қонунда шундай ёзилган).

Ўзбекистонда 2021 йил 16 апрелдан «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги қонуннинг 27-1 моддаси талаби билан хорижий интернет платформаларига ўзбекистонликларнинг шахсий маълумотлари сақланадиган серверларини олиб келиш талаби қўйилган эди. Ҳозирча бирорта платформа бу талабни бажармади, бунинг ортидан Ўзбекистонда бир қанча ижтимоий тармоқларга кириш чеклаб қўйилди.

Яқинда Kun.uz билан суҳбатлашган АКТ вазири Шерзод Шерматов бу ерда асосий масала серверларни олиб келишда эмаслигини билдирди. Шерматовга кўра, хорижий ижтимоий тармоқларда содир этилган ҳуқуқбузарликни вақтида аниқлаш учун ушбу платформалар Ўзбекистондаги ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиши керак.

«Биз қайси давлат моделида кетамиз деганда, умумий стратегияни келишиб олишимиз керак. Шимолий Кореями ёки бошқами…

Бу савол оғир савол, менга қолса БААнинг йўли ёқади. Чунки интернет ва бошқа ҳамма шароитлари бизнес учун яратилган. Лекин Facebook'да ёки бошқа тармоқда кимдир ноқонуний иш қилса, полиция дарров уни топади ҳамда унга чора кўради ёки Дубайдан чиқариб юборади. У ер парламентар, демократик давлат эмас, монархия. Шундоқ бўлса ҳам ҳеч ким монархия экан, демократия йўқ экан деб, тўполон қилиб чиқмаяпти. Лекин бизнес ва одам учун ҳамма шароитлар бор. Бизнинг қанча тадбиркорлар ҳам у ёққа бориб яшаётганини кўргансиз.

Айтмоқчи бўлганим, бизнес учун ва одамлар яшаши учун ҳамма шароитни қилиб беришимиз керак, бу аниқ нарса. Лекин, кимда-ким ноқонуний ҳаракат қиладиган бўлса ёки конституцион тузумга қарши ҳаракат қиладиган бўлса, уни топиш ва жазолаш имконияти бўлиши керак. Тушуняпсизми? Нимага уларда (БАА ҳукуматида) [бунақа имконият] бор, бизда йўқ?

Худди шуни ўрганиб, секин-секин катта ижтимоий тармоқлар билан мулоқот олиб бориб, шунга келишишимиз керак. Чунки, ҳозирда қўшниларимизда бўлаётган воқеаларни ўзи бунга янада эътибор қаратади… Масалан, террористик гуруҳларни ўзаро координация қилиш фаолияти бўлсаю, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган уни тополмаса. Бу нима деган гап? [Тополмаслигининг] сабаби ўша крипто қилинган ижтимоий тармоқда бунга имконият бўлмаса. Ёки Ўзбекистон жуда кўп миллат ва дин вакиллари яшайдиган давлат. Бу ерда миллатлараро низо қўзғатиш жуда осон. Мана Қирғизистондаги воқеалар мисол.

Эртага худди шунга ўхшаган тўполон ёки бошқа нарса қилиши мумкин. Бизни ҳуқуқни муҳофаза қиладиган органларимиз уни эгасини топиб чора кўрадиган даражада бўлиши керак. Мана шунинг учун ҳам тегишли қонун нормалар, ҳаммаси ишлаб чиқарилиши керак. Уни ҳаммаси керакмас, бизда ҳаммаси ўзбошимчалик билан кетиши керак, дейдиган одам хато қилган бўлади. охирги бўлаётган ўзгаришларни ўзида ҳам.

Ундан ташқари, яна битта катта ёмон нарса бор – ўзи умуман биз шахсий маълумот деган нарсани қадрини пасайтириб қўйдик. Исталган жойда сизни ҳамма паспорт маълумотларингиз ётибди. Исталган жойда сизни номингиздан кредитлар олиб ётганлар бор, бошқалар бор. Яъни, шахсий маълумотни ҳимояси тўғрисидаги қонун ўзи керак, у ҳимоя қилиниши шарт. Чунки, фирибгарлар томонидан борган сари сизнинг шахсингиздан фойдаланиб, хизматдан фойдаланиш ҳолатлари кўпайиб кетмоқда.

Шундай фирибгарлардан кимдир зарарланса, у ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органга мурожаат қилади. Фирибгарни қаердан топишади, у платформалар билан контакт йўқ. Нима қилиш керак? Жабрланувчилар кўпайиб кетяпти, улар бўйича нима чора кўриш керак? Шунинг учун ҳам у қонун керакмас, деган фикрдан мен йироқман.

Керак бўлса [қонун талабини] модернизация қилиш керакдир, лекин ўша платформалар ҳам бизнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларимиз билан ҳамкорликни йўлга қўйиши керак. Улар ҳам буни тушунади. Чунки нимага Дубайда бунақа ҳамкорлик бор-ку, бизда йўқ?

Бу нарса бутун дунёда бўлаётган муаммолар. Шунинг учун мана ДХХ томонидан ишлаб чиқилган «Киберхавфсизлик тўғрисида»ги қонун ҳам… Бу нарсалар барибир керак.

Мана ҳозир OLX'да савдо платформасида ҳам кунига нечталаб шунақа фирибгарликлар кўпайган. Жабрланганлар норози бўлиб, органларга айтяпти, пулимни ечиб олганларни топиб бер, деяпти. Булар чора кўриши керакми ёки йўқми?» – дейди вазир.

Шерматов Kun.uz мухбирининг гигант IT-компаниялар ўз серверларини барибир Ўзбекистонга олиб келмайди деган фикрига қуйидагича муносабат билдирди.

«Сервер нуқтайи назаридан ҳам эмас, энди серверини олиб келган ҳам. Масалан, YouTube ва Facebook компанияларини бизда CDNи бор. Сервер керак бўлса, олиб келади ҳам. Бу ерда асосий масала сервер ҳам эмас, асосий масала эртага ҳамма ташкилотлар бир-бири билан… керак бўлганда қонуний чора кўришга имконияти бўлиши керак.

CDN олиб келиш, аслида уларга фойда ҳам. Масалан, телефонингизда YouTube'ни кўрсангиз тез очади. Чунки, Ўзбекистонда уни CDNи турибди, у бўлишидан олдин у секин очиларди. Худди шу видеоларни бизда CDNи йўқ бошқа платформаларда кўрсангиз «загрузка»си секин бўлади. барибир, «kesh» қиладиган (вақтинчалик маълумотларни сақлайдиган) серверлар қўйилган. Операторлар бу нарсани қўйишга ҳаракат қилади.

Айтмоқчи бўлганим, техник имконият йўқ дейиш осон нарса. Мен эртага у серверини олиб келсин, ҳам демайман. Лекин, керак бўладиган бўлса ўша kesh серверлар бизда бор. Гап у ерда серверда ҳам эмас, гап ҳалиги айтган масала: Сизнинг ҳуқуқингизни кимдир буздими, сиз ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органга мурожаат қилганда улар ўша фирибгарни топиши керак, лекин ҳозир тополмаяпти.

Топиш учун улар билан [хорижий ижтимоий тармоқлар] ўзаро муносабат йўлга қўйилиши керак. Бунинг учун у томондан ҳам гаплашилиши керак. Ҳозир, масала шу «гаплашиш» ва бир фикрга келиш ҳақида кетяпти.

Ҳар хил мессенжер ва компаниялар бор. Мана бошида Facebook ва Google'дан ҳам бизга солиқлар бўларкан, деган шов-шувлар бўлганди. Ҳозир шу компанияларнинг ўзи ихтиёрий равишда рўйхатдан ўтиб, ҚҚС тўлаяпти. Яъни улар билан секин-секин гаплашилса, қолган нарсаларига ҳам келишилади. Бизнинг мақсадимиз, ҳозир ҳаётда хавфсиз яшаётганингиз каби интернетдаги ҳаётимиз ҳам шундай бўлиши керак», – деди АКТ вазири Шерзод Шерматов.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йил 16 апрелдан кучга кирган “Шахсга доир маълумотлар тўғрисида”ги қонуннинг 27-1 моддаси талаби асосида «Ўзкомназорат» ўша йили 2 июлдан бошлаб TikTok, Twitter, Skype, WeChat ва Вконтакте тармоқларига чеклов қўйганди.

Чекловга мазкур тармоқлар Ўзбекистон фуқароларининг шахсига оид маълумотларни Ўзбекистон ҳудудида жойлашган серверларда сақламаётгани сабаб бўлмоқда.

Шунингдек, 2021 йил 3 ноябрь куни юқоридаги важ билан Telegram, Facebook, Instagram, YouTube ва Одноклассники тармоқлари ҳам блокланди ва бу жамиятда кескин резонанс уйғотди. Шу куннинг ўзида бу ҳаракат президент билан келишилмаган ҳолда, Вазирлар Маҳкамаси топшириғи асосида қилингани айтилди ва тармоқларга уланиш тикланиб, қатор масъуллар ишдан олинди.

Кўплаб мутахассислар ва IT тадбиркорлар Ўзбекистон ҳукуматининг бу талаби узоқни ўйламасдан, интернет технологияларини тушунмайдиган одамлар томонидан ишлаб чиқилганини, бу IT келажагига болта урушини айтиб келаётганига қарамай, ҳукумат муаммога кўз юмиб келмоқда. Бундан ташқари, ҳозирга қадар қонун талабини бирорта хорижий интернет платформаси бажаргани ҳақида маълумот берилмаган.

Шерзод Шерматов билан тўлиқ интервю:

Мавзуга оид