Жаҳон | 20:15 / 18.10.2017
17794
2 дақиқада ўқилади

Air Berlin учувчисининг "найранги" йўловчиларни қўрқитиб юборди

28 октябрда тугатиладиган Air Berlin авиакомпаниясининг учувчиси хавфли манёври билан йўловчиларни чўчитиб юборди. Бу ҳақда Германия ОАВ хабар бермоқда.  

Бортида 223 йўловчи бўлган Airbus A330 учувчиси Дюссельдорф аэропортига қўнаётганда "найранг" кўрсатишга қарор қилган: у дастлаб қўниш полосаси устидан пастлаб учган, сўнгра кескин баландга кўтарилиб, аэропорт устида бир марта айлангачгина қўнган.

Шу тариқа учувчи авиакомпания ва йўловчилар билан "хайрлашишга" қарор қилган.

Бироқ учувчининг бу "хайрлашув манёври" йўловчиларнинг норозилигини келтириб чиқарган. Улар чўчиб кетишганини, баъзи йўловчилар эса ўзларини ёмон ҳис қилишганини айтишган. Йўловчилардан бири эса бу манёврни 2001 йил 11 сентябрь воқеаларига қиёслаган.

Авиакомпанияда таъкидлашларича, ушбу манёвр парвозларни бошқариш маркази билан олдиндан келишилган бўлган. Бироқ шунга қарамай, Федерал авиация агентлиги учувчининг хатти-ҳаракатлари юзасидан текширув бошлаган.

2017 йил августда Air Berlin банкротлик жараёнини бошлашини эълон қилганди. Шу вазият билан боғлиқ ҳолда компания 28 октябрдан ўз фаолиятини тугатади.

Мавзуга оид