Жаҳон | 14:20 / 23.10.2017
5219
3 дақиқада ўқилади

2018 йилнинг мартида Ҳиндистон Ойга космик кемасини чиқаради

Фото: Fotolia

Ҳиндистон космик тадқиқотлар ташкилоти (ISRO) келгуси йилнинг март ойида "Чандраян-2" космик кемасини Ойга олиб чиқишни режалаштирмоқда. Викрам Сарабхаи номидаги Космик марказ (VSSC)да шу ҳақида хабар берилди. 

VSSC директори К.Сиваннинг маълум қилишича, ISRO декабрь ойидан сунъий йўлдошлар сериясини ишга тушириш билан шуғулланади. Ҳиндистон 31 августдан, яъни  ISRO IRNSS-1H сунъий йўлдошининг  муваффақиятсизлигидан кейин буён бундай ишларни тўхтатиб қўйган эди. Декабрнинг иккинчи ярмида Ҳиндистон Cartosat-2 навигацион йўлдошини 30 нанойўлдош билан бир вақтда ишга туширишни режалаштирмоқда, ундан кейин эса IRNSS — 1A'ни алмаштириш бўйича иккинчи уриниш амалга оширилади. 

"Бу икки парвоз ҳам Шрихарикот (космодром)нинг биринчи майдонидан амалга оширилади, зеро иккинчи майдон уч GSLV ракетасини ишга тушириш билан банд бўлади", - дейди Сиван Times Of India'да.

ISRO мазкур миссия доирасида 2008 йилда Чандраян илк ой миссияси доирасида фойдаланилган PSLV ўрнига GSLV Mk-II ракета ташувчисидан фойдаланишни режалаштирмоқда. Юкнинг умумий оғирлиги - орбитал қурилма, қўниш модули ва ой ровери - 3250 килограммни ташкил қилади. 

"Чандраян-2" лойиҳаси Ҳиндистоннинг ой дастурининг давоми ҳисобланади. 2008 йилнинг октябрида "Чандраян-1" қурилмаси биринчи марта Ойга чиқарилган. Бу қурилма ой орбитасида 312 кун ишлаган, шу билан бирга унинг юзасига зарб зондини йўллаган. ISRO "Чандраян-2" миссияси доирасида ой юзасининг минералогик ва элементар таркибини ўрганишда давом этади. Дастлаб бу миссия қўниш модули учун жавобгар Россия иштирокида амалга оширилиши кўзда тутилганди, бироқ 2013 йилда барча таркибий қисмлар Ҳиндистоннинг ўзига тегишли бўлиши тўғрисида қарор қабул қилинди. 

Шундай бўлса-да, миссия барибир Россия иштирокини четлаб ўта олмайди. Ноёб изотоп кюрий-244 дунёда фақат икки мамлакатла ишлаб чиқарилади - Россия ва АҚШ. 

Лола Раҳманбаева
Тайёрлаган Лола Раҳманбаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид