Жамият | 22:00 / 24.10.2017
78097
7 дақиқада ўқилади

Адолатдан умид. Ўғилни кутаётган бахтсиз ота ҳасрати

Kun.uz таҳририятига ҳар куни юзлаб мурожаатлар келиб тушади. Ўқувчилар айрим масалаларда ўз муносабатини билдириб мактуб йўлласа, яна бошқалари мавжуд муаммолардан батафсил сўзлайди. Ана шундай мурожаатлардан бирини ўқувчиларга ҳеч қандай тузатишларсиз ҳавола этишга қарор қилдик.

ИЛТИМОСНОМА

Мен Аҳмедов Султонбой 27.09.1956 йилда Тошкент шаҳрида туғилганман. Нафақадаман. Муқаддам судланмаганман. 4 нафар фарзанднинг отасиман.

1. Аҳмедов Собитхон - 1979 йилда туғилган;

2. Аҳмедов Одилжон - 1981 йилда туғилган;

3. Аҳмедов Қодирхон - 1986 йилда туғилган;

4. Аҳмедов Комилжон - 1991 йилда туғилган.

Жиноят ишлари бўйича Наманган вилоят суди томонидан 2005 йил 12 август куни Жиноят кодексининг бир қатор моддалари билан айбли деб топилган Ш.К. Нишанов, У.М.Масудов ва ўғлим бўлмиш О.С.Аҳмедовнинг қилган жинояти бўйича ҳукм ўқилди. Суд ҳукмига кўра 1981 йилда туғилган, жиноят ишининг асосий айбланувчилари, муқаддам 3 маротаба судланган Ш.К.Нишанов ва 1977 йилда туғилган, муқаддам 2 маротаба судланган У.М.Масудов жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми “и”, “п” бандлари, 164-модда 4-қисми а, в бандларига асосан 19 йилга озодликдан маҳрум этилган.

Мазкур жиноят иши воқеасида воқеа содир этилган пайтда иштирокчи бўлиб қолган, аниқроғи жиноят воситаси сифатида ўғлимнинг машинасида содир этилгани учун айбли деб топилган 1981 йилда туғилган Одилжон Аҳмедов жиноят кодексининг 28-97 моддаси 2-қисми “и”, “п” бандлари, 164-моддаси 4-қисми “а” “в” бандлари, 189-моддаси 3-қисми, 209-моддаси 1-қисми билан айбли деб топилиб, 16 йилга озодликдан маҳрум этилди.

Бу ерда ўғлим Одил Аҳмедовнинг айби ўртоқлари томонидан содир этиладиган қотиллик жиноятини амалга оширишларини билмаган ҳолда, уларнинг чақириғига биноан дўстларининг олдига автомашинасида боргани ва танишлари томонидан кейинчалик унинг машинасида ўғлимнинг қаршилигига қарамай бир инсоннинг умрига зомин бўлган танишларининг кирдикорларини ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига вақтида етказмаганида бўлди. Жиноят натижасида етказилган 3 миллион сўмлик зарар ҳар уч судланувчидан ундириш ҳукмда кўрсатилган бўлсада, жиноят ишининг икки асосий иштирокчилари томонидан қопланмагач, ўғлимнинг ўша пайтдаги нархи олти миллион сўмлик автомашинаси давлат эгалигига ўтказилгач, ана шу машина ҳисобидан қопланди.

Бу ҳам майли. Бироқ мени қийнаётган нарса воқеанинг асосий иштирокчилари бўлган, муқаддам 3 марта судланган икки судланувчи Ш.К. Нишанов ва У.М.Масудов 19 йилга озодликдан маҳрум этилган бўлсада бугунги кунда озодликка чиқиб, ўз оиласи олдига қайтди. Бироқ, ўзи билмаган ҳолда жиноятга алоқадор бўлиб қолган ўғлим, икки набирамнинг отаси, 16 йилга озодликдан маҳрум этилган Одил Аҳмедов ҳанузгача жазони ижро этиш муассасасида жазо ўтаб келмоқда.

Ҳозирда ўғлим Тошкент вилояти Олмалиқ тумани Бўстон қишлоғидаги УЯ 64/38 сонли жазони ижро этиш муассасида жазо ўтамоқда.

Ушбу ҳукм ўқилган пайтда ўғлим эндигина 24 ёшга тўлган, биринчи фарзанди туғилганига эндигина йигирма кун бўлганди. У туғилганда эса ўғлим ҳибсда бўлган, аниқроғи туғилган фарзандини ҳам кўрмаганди. Мана шу воқеага ҳам 12 йилдан ортди. Ушбу ўтган вақт давомида  набирам 8-синфда ўқимоқда. 12 йилдан бери у отасиз улғаймоқда.

Биринчи фарзандим Аҳмедов Собитхон 2010 йилда бевақт вафот этди. Ўғлимнинг онаси, менинг турмуш ўртоғим эса бу воқеаларга чидай олмай 2,5 йил олдин яъни 2014 йилнинг мартида оламдан ўтди. Жазони ўтаётган ўғлимга онасини сўнгги манзилга кузатиш ҳам насиб қилмади. Ёшим катта бўлиб қолиб, куним учинчи ўғлимга қолди. Тўртинчи ўғлим ҳали ёш эди.

2017 йил июль ойида 2 нафар фарзанди бўлган учинчи ўғлим Қодирхон Аҳмедов ҳам бахтсиз ҳодиса туфайли вафот этди. Уч ўғлимнинг болалари яъни 8 невара ва 4 келин менинг зиммамда қолиб кетди. Бу айтишга осондир. Бироқ, менинг ҳолатим фақат ўзимга аён. 2 нафар фарзанди ва жуфти ҳалолини қабрга қўйиш, 1 нафари 12 йилдан ортиқ оиласи даврасида бўлмай жазо ўтаб қайтишини кутиш нақадар оғирлигини бошидан ўтказгангина ҳис қилади.

Муқаддам 3 марта судланган икки судланувчи Ш.К. Нишанов ва У.М.Масудов 19 йилга озодликдан маҳрум этилган бўлсада озодликка чиқиб, ўз оиласига қайтса-ю, 16 йилга озодликдан маҳрум этилган ўғлим Одил Аҳмедов нега оиласи, фарзандлари бағрига қайтмаётгани мени қийнайди.

Тўғри, ўғлим жиноятга шерик бўлиб қолди. Буни инкор этмайман. Насиб қилиб озодликка чиқса келгуси юриш-туришини йўлга солиб, қайтиб йўлдан адашмаслигини зиммамга оламан. Қолаверса, ўзи ҳам кўришгани борганимизда тавбасига таянганини айтиб, бошқа бундай ишларга аралашмасликка ваъда бермоқда.

Зеро, 12 йил жазони ижро этиш муассасида умрини ўтказган ўғлимнинг келгусида озодликка чиқиб, ҳаёт кечиришини кўриш менга насиб қилишига, оиласини сақлаб қолишимга саломатлигим ёмонлашаётгани туфайли кўзим етмай қолмоқда.

2017 йил 29 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёев ташаббуси билан Жазони ижро этиш муассасаларида жазо ўтаётган маҳкумларни афв этиш ҳақидаги материалларни тайёрлаш бўйича махсус комиссия тузилганини билиб хурсанд бўлдим. Негаки фармонда “Қонунни бузган, бироқ ўз қилмишининг ҳуқуққа хилофлигини англаган ва тузалиш йўлига ўтганини қатъият билан намоён қилган шахсларга жамият ва ўз оиласи даврасига қайтиш имконининг берилиши, ўзбек халқининг кечиримлилик, раҳмдиллик ва бағрикенглик каби азалий қадриятларининг рўёбга чиқарилиши ҳисобланади”, деб кўрсатиб ўтилибди.

Юқоридагиларни ҳисобга олиб, ўғлим О.Аҳмедовни жазони ижро этиш муассасидан озод этиб, келгусида тузалиш йўлига кириб, юртига сидқидилдан хизмат қилиб, нафи тегадиган инсон бўлиши, қолаверса, кексайиб қолганимда менга қараб туриш учун оиласи, фарзандлари даврасига қайтишига қонуний ёрдам беришингизни бутун оила аъзоларимиз номидан сўраймиз. Агар қонун ҳужжатларида жазони бошқа муқобил жазо тури орқали оиласи даврасида ўташ белгиланса ҳам розимиз. Фақат фарзандимиз ўз уйига қайтса бўлди.

Ҳурмат билан,

О.Аҳмедовнинг отаси, пенсионер С.Аҳмедов​

PS: Хат ортидаги воқеа тафсилотларини ҳам суриштирмадик, ўйлаймизки, тегишли идора вакиллари отахоннинг илтимосини ўрганиб чиқади ва бунинг натижасини маълум қилади.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид