10:40 / 25.10.2017
10249

Nike минглаб ходимларининг ишсиз қолишига олиб келувчи янгилик жорий қилмоқчи

Фото: EAST NEWS

Nike ўз ишлаб чиқариш услубларида жиддий ўзгаришларни амалга оширмоқчи. Компания кроссовкалар ишлаб чиқарилишини тезлаштириш ва бу жараён билан боғлиқ харажатларни камайтириш мақсадида автоматлаштириш бўйича етакчи мутахассислар билан ҳамкорлик қилмоқда. Компания ўз ишлаб чиқаришини автоматлаштириб, ўз даромадини оширмоқчи, бироқ шу билан бирга минглаб осиёликлар ва бошқа давлатлардаги ходимларини ишсиз қолдириши мумкин.

Компания кроссовкаларини ишлаб чиқаришдаги технологик "портлаш" 2012 йилда юз берган. Ўшанда компанияда спорт пойабзалларини ишлаб чиқариш учун янги материал – Flyknit ишлатила бошланган. У кроссовкаларнинг устини чоксиз ва юмшоқ қилиб ишлашга имкон беради. Бу эса марафончилар ва бошқа спортчилар томондан ижобий қабул қилинган.  Бундан ташқари, бундай кроссовкалар елимланмайди, уларни махсус машина "тикади". Бунгача стандарт  кроссовка турли ўлчамдаги 200 та қисмдан иборат бўлган бўлса, энди у бир яхлит ҳолда яратилмоқда. Бу монолит эса робот томондан яратилади ва лазер билан қотирилади.

Бу материал яратилиши билан ишлаб чиқариш жараёни ўзгариши ойдинлашди. Nike бу йўлда автоматлаштириш соҳасида етакчи компания Flex билан ҳамкорлик қила бошлади. Бу ҳамкорликнинг натижаларидан бири Мексикада Nike’нинг энг йирик фабрикаси вужудга келиши бўлди. Бу фабрика арзон иш кучига эмас, балки автоматлашган ишлаб чиқаришга мослаб қурилди. Фабрикада алоҳида қисмлар бир-бирига лазер билан қотирилади. 

Компания учун бу ҳолат бир нечта муҳим натижаларга эга бўлади. Камроқ ишчи ва ишлаб чиқариш ҳажми ошиши ҳисобига даромад анча ошиши кутилмоқда. Шу билан бирга компания янги ғоялар ва дизайнерлик ечимларини пойабзалнинг ўзида амалга ошириши мумкин. Ҳозир муҳандислар столидан тайёр кроссовка пайдо бўлгунгача бир неча ой ўтади. Шу сабабли бозорга чиққан модель эскириб қолиши мумкин. Бироқ лазер қирқиш ва автоматик елимлаш эвазига бу вақт бир неча ҳафтагача камаяди. Компания истеъмолчиларнинг истакларига мос ҳолда моделлар қаторини тезроқ ўзгартириши мумкин бўлади. 

Бироқ бу масаланинг иккинчи томони ҳам бор. Компания турли миллатлар вакилларини иш билан таъминлаган энг йирик иш берувчи ҳисобланади. Охирги маълумотларга кўра, компания фабрикаларида 493 минг киши ишлайди. Энди улардан ҳар бири улар ўринларига роботлар келиши мумкинлигидан хавотирланмоқдалар. Ўз вақтида компания ўз ишлаб чиқаришини катта кўламларда ривожланаётган давлатларга кўчириб ўтказган илк компания бўлган. Охирги 20 йилдан бери компания ҳуқуқ ҳимоячилари томондан оғир меҳнат шароитларини яратганликда айбланиб келади. Энди мутахассисларнинг фикрича, компаниянинг ишлаб чиқаришини автоматлаштириши компания учун турли давлатларда сиёсий муаммоларни ҳам келтириб чиқариши мумкин. Ахир ҳеч қайси давлат минглаб одамлари ишсиз қолишини истамайди. Шу тариқа компания икки танлов орасида қолади: автоматлаштириш ёки иш ўринларини сақлаб қолиш. Компаниянинг ўзида таъкидланишича, ишлаб чиқариш ҳажмларининг ошиши автоматлаштиришни жорий қилишга ҳам, ишчиларни сақлаб қолишга ҳам ёрдам беради.

Кийим-кечак ва пойабзал ишлаб чиқариш соҳаси роботлар жадал кириб бораётган соҳалардан бири ҳисобланади. Октябрда Nike’нинг асосий рақобатчиси Adidas роботлар томондан яратилган кроссовкаларни сотишни бошлади. Компания Атлантада яна битта роботлаштирилган фабрика қурмоқчи. Шу билан бирга 3D-принтерлар роботларни таъқиб қилмоқда. Назарий жиҳатдан бундай принтерлар кроссовкаларни ҳеч қандай чокларсиз, яхлит ҳолда босиб чиқариши мумкин.

Top