Kun.uz “Бизнес класс” лойиҳаси бу гал Nike компанияси ҳақида ҳикоя қилади. Халқимиз орасида “Найк” номи билан танилган бренд аслида “найки” деб талаффуз қилинади.
Қарийб 60 йил аввал америкалик университет битирувчиси сифатли спорт оёқ кийимлари яратишни орзу қилади ва ўшанда у бошлаётган иши 60 йилдан сўнг, қарийб 50 млрд долларлик дунёнинг энг катта бизнесларидан бирига айланиб кетишини тасаввур ҳам қилмаган бўлса керак. Келинг, ушбу компаниянинг келиб чиқиш тарихига назар ташлаймиз.
1962 йилда Фил Найт исмли талаба Стенфорд университетини битиради. Биламизки, ушбу университет бугун дунё миқёсида энг нуфузлиларидан бири. Бунга Фил Найт каби муваффақиятга эришган битирувчилар сабаб бўлгани табиий. Лекин ўтган асрнинг 60-йилларида яхши даромад топиш учун Стенфорд университетини тамомлаш етарли бўлмаган. Сизда, албатта, яхши ғоялар бўлиши керак.
Фил университетда югуриш спорти билан шуғулланарди. Югуришда орттирган тажрибалари орқали Найт университетдаги бизнес дарсларининг бирида қуйидаги мавзуда чиқиш қилади: “Япон камералари немис маҳсулотларини суриб чиқарди. Япон пойабзаллари ҳам Америка бозорини немис брендлари “Adidas” ва “Puma”дан тортиб ола биладими?”


Унинг бу чиқиши университет саҳнасидагина қолиб кетмади. Стенфордни битирар экан, Фил ўз ғояси ҳақида жиддий бош қотира бошлайди. Унинг дастлабки мақсади япон оёқ кийимларини АҚШ бозорига олиб келишдан иборат эди. Бу пайтга қадар у бирорта сифатли япон оёқ кийимларини кўрмаганди. У кўрганлари америкаликлар Иккинчи жаҳон уруши пайтида қўшма штатларга олиб келган эски оёқ кийимлар эди.
Лекин бу нарса Филни тўхтатиб қола олмади, аксинча ўзи каби оддий америкаликлар учун номаълум бўлган япон пойабзаллари АҚШда муваффақият қозонишига ишонди. У япон компаниялари билан алоқага киришиши ва уларнинг маҳсулотларини Америкада сотиш бўйича келишувга эришиши керак эди. Буларнинг барчасида Фил Найтнинг тажрибаси йўқ эди. Лекин бир ишга чин дилдан киришар экансан, бундай баҳоналар сенга кулгили эшитилади.
1962 йилнинг ноябрида у Японияга оддий турист сифатида йўл олади ва уларнинг пойабзал ишлаб чиқариш саноатини яқиндан билиб олишга ҳаракат қилади. Кобе шаҳрида “Onitsuka Tiger” компаниясига тегишли оёқ кийимлар дўконига кўзи тушади. Ушбу пойабзалларнинг сифати Филни ҳайратда қолдиради ва уларни Америкага импорт қилишни мақсад қилади. У япон компанияси асосчиси Киачиро Онитсука билан учрашувда ўзини америкалик пойабзал сотувчиси сифатида таништиради. У Онитсукадан маҳсулотининг АҚШдаги сотувчиси бўлишни сўрайди ва эксклюзив сотиш ҳуқуқини қўлга киритади. У биринчи гал 12 жуфт оёқ кийимларни олиб кетади ва ўз шаҳрида югуриш треклари атрофида ўз машинаси орқа багажида сотади.













