Жаҳон | 16:15 / 04.07.2024
10185
15 дақиқада ўқилади

Омадсиз спортчи ташкил этган компания — жаҳонга машҳур Nike қандай пайдо бўлганди?

Бугун дунёдаги спорт кийимлари ва жиҳозлари ишлаб чиқарувчи йирик компаниялар орасида Nike ҳам бор. Бу компанияни 1960-йилларда енгил атлетика билан шуғулланиб, спортда омади чопмаган йигит ташкил этади. У аввалига кроссовкаларни Япониядан олиб келиб сотади. Сўнг Американинг ўзида корхона ташкил этади. Айни дамда Nike дунёдаги энг қиммат спорт кийимлари ишлаб чиқарувчи компания ҳисобланади.

Nike компаниясининг тарихи 1957 йилда 19 ёшли талаба Фил Найт ва Билл Бауэрманнинг танишувидан бошланади. Фил спортнинг югуриш тури билан жиддий шуғулланар, Билл эса мураббий эди.

Ўша пайтларда АҚШ бозорида атлет спортчилар киядиган спорт оёқ кийимлари тури унча кўп эмасди. Спортчилар учун тайёрланган яхши оёқ кийим қиммат, арзонлари эса чидамсиз эди.

Фил спортчи сифатида унча муваффақият қозона олмайди ва омадсизликка учрайди. Сўнг у енгил атлетика билан шуғулланишни тўхтатди ва спорт оёқ кийимлари савдоси билан шуғулланишга қарор қилади. Унга Японияда тайёрланган Tiger кроссовкаси ёқиб қолганди.

1962 йил Фил отасидан озроқ пул олади ва Японияга жўнайди. Собиқ спортчи у ерда Tiger кроссовкалари ишлаб чиқариладиган корхонага боради ва улардан 300 жуфт буюртма беради. Мақсад кроссовкаларни АҚШда сотиб фойда кўриш эди.

Кўп ўтмай Япониядан Onitsuka Tiger деб номланган кроссовкалар етиб келади. Фил уларни сотиб яхши фойда кўради.

Компаниянинг ташкил этилиши

1964 йилда Филнинг ишига унинг мураббийи Билл ҳам қизиқиб қолади ва улар шерикликда ишлашга қарор қилишади. Икки шерик ўзлари ташкил этган компанияга Blue Ribbon Sports деб ном беришади.

Фил Найт ва унинг мураббийи Билл Бауэрман
lookatme.ru

Шундан сўнг улар Япониядан кроссовкалар олиб келиб сотишда давом этишади. 1966 йилда Фил ва Билл спорт оёқ кийимлари сотувчи биринчи савдо дўконини очишади.

Шундан сўнг компания японларга ўз кроссовкаларини буюртма қила бошлайди. Биринчи кроссовка Cortez деб номланган бўлиб, унинг дизайнини 1968 йилда Бил тайёрлаб беради.

Японлар Филга ўз брендини танласа кроссовкаларни ўша номда тайёрлаб беришларини айтишади. Фил Blue Ribbon Sports номини танлайди ва японлар спорт оёқ кийимларини шу номда тайёрлаб беришади.

1971 йилда Фил ва Билл Япониянинг Nissho Iwai Corporation (2004 йилда номи Sojitz деб ўзгартирилган) савдо уйидан молиявий ёрдам олади. Ўша йилдан бошлаб компания номи Nike брендидан фойдалана бошлайди.

1971 йилда компания ишлаб чиқараётган кроссовкаларига янги рамз тушира бошлайди. Янги рамзни Портленд университетида дизайнерлик йўналишида таҳсил олаётган талаба Кэролин Дэвидсон чизиб беради. Ўшанда компания унга 35 доллар гонорар берган.

Кейинчалик, компания ривожланиб кетгач, 1983 йилда Фил Найт Кэролин Дэвидсонни компания офисига таклиф этиб, унга компания рамзи туширилган, бриллиантлар билан безатилган олтин узук совға қилади.

Кэролин Дэвидсон
logodesignblog.net

1972 йилда Nike Moon кроссовкаси тайёрланади. Компания Канада бозорига ҳам кириб боради. 1972 йилда ўтказилган ёзги олимпиада ўйинлари арафасида компания бир нечта таниқли спортчилар билан ҳамкорлик шартномалари имзолайди.

1974 йилда Blue Ribbon Sports АҚШда, Ню-Ҳэмпшир ўзининг биринчи фабрикасини очади. Ўша йили компания 5 млн долларлик оёқ кийимлари сотади. 1976 йилда савдо ҳажми 14 млн, 1977 йилда эса 28 млн долларни ташкил этади.

1977 йилда компания Мэн штатида, Тайван ва Жанубий Кореяда корхоналар очади. Шундан сўнг Nike кроссовкалари Осиё, Европа ва Жанубий Америкада сотила бошланади.

Компания номининг ўзгариши

1978 йилда компания номи Nike, Inc деб ўзгартирилади. Янгича дизайн, ишга инновацион ёндашув туфайли 1970-йилларнинг охирида Nike Америкада савдо ҳажми бўйича немисларнинг Adidas компаниясини ортда қолдиради.

1979 йилда Nike АҚШ спорт оёқ кийимлари бозорининг ярмини эгаллайди. Ўша йилдан бошлаб компания спорт кийимлари тайёрлай бошлайди.

1980 йилда биринчи марта компания ўз акцияларини савдога чиқаради. Сотилган акцияларнинг пулини Европада ишлаб чиқаришни кенгайтиришга йўналтиради.

Билл Бауэрман компания корхонасида
alamy.com

Шунингдек, Орегонда компания учун янги бош офис қурилади. Ню-Ҳэмпширда янги фабрика очилади ва унинг ёнида илмий тадқиқот лабораторияси ташкил этилади. Ўша пайтда Nike компаниясининг 80 фоиз маҳсулотлари Тайван ва Кореяда тайёрланарди.

1981 йилда компания Хитойда ва Ирландияда ўз фабрикаларини очади. Мао Цзедун вафотигача (1976 йил) ёпиқ мамлакат бўлган Хитой 1980-йиллар бошларида ташқи дунё учун очилган ва хорижлик сармоядорларни жалб қилиш мақсадида ўнлаб шаҳарларда эркин иқтисодий зоналар ташкил этган эди.

Nike компанияси бу имкониятдан фойдаланади ва жуда катта бозорга эга бўлган Хитойга биринчилардан бўлиб кириб боради. Бироқ АҚШ ва Европада ишлар орқага кетади ва 1983 йилда савдо ҳажми пасаяди.

Шу сабабли 1984 йилда компания АҚШдаги учта фабрикани ёпишга мажбур бўлади. Ўша йили компания машҳур баскетболчи Майкл Жордан билан шартнома имзолайди ва Air Jordan кроссовкаларини ишлаб чиқара бошлайди.

Машҳур баскетболчи Майкл Жордан Air Jordan кроссовкалари билан
myspace.com

Шундан сўнг АҚШ ва Европада савдо ҳажми ортади ва 1986 йилда компания дунё бўйлаб илк бор 1 млрд долларлик маҳсулот сотишга муваффақ бўлади. Шундан сўнг савдо ҳажми кескин ўсишда давом этади, 1990 йилда 2 млрд, 1991 йилда эса 3 млрд долларлик маҳсулот сотилади. Ана шу кўрсаткичлар билан Европа бозорида Nike компанияси Adidas’дан сўнг иккинчи ўринни эгаллайди.

1990-йиллар ўрталарида савдо ҳажми муттасил ошиб бораверади ва 5 млрд долларга етади. Шунинг 60 фоизи АҚШда, қолгани бошқа жойлардаги савдо кўрсаткичлари эди.

Ўша пайтларда Nike АҚШ бозорида 30 фоизлик улуш билан биринчи бўлади. Иккинчи ўринда 20 фоизлик улуш билан яна бир рақобатчи Reebok, учинчи ўринда Adidas жойлашганди.

1997 йилда савдо ҳажми 9 млрд долларга етади. Шундан қарийб 1 млрд доллар соф фойда эди. Кейинчалик компанияда савдо ҳажми тўхтовсиз ошиб борди ва сўнгги йилларда 50 млрд долларга етди.

Nike компаниясининг Жанубий-Шарқий Осиёдаги фабрикаларидан бири
dailymail.co.uk

Шуъба корхоналар

Nike компанияси оёққа туриб келар экан, бошқа йирик компаниялар каби кичик рақобатчиларнинг бир қанчасини сотиб олади. Жумладан, 1988 йилда Cole Haan компанияси харид қилинади. Бу компания 2012 йилда сотиб юборилган.

1994 йилда Canstar Sports, Inc. компанияси сотиб олинади. Бу компания ўша пайтда дунёдаги конки ва хоккей ўйини билан боғлиқ спорт жиҳозлари ишлаб чиқарувчи энг йирик компания эди.

Nike 1994 йилда Canstar Sports, Inc. компаниясининг номини Bauer деб ўзгартиради ва 2008 йилда уни сотиб юборади.

2003 йилда Converse, Inc. компанияси сотиб олинади. Бу компания ҳанузгача Nike таркибида қолмоқда. Компания умумий савдосининг 5 фоизини Converse бренди остида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар сотуви ташкил этади.

Converse, Inc. компанияси ҳам Nike таркибида
converseshoes.by

2008 йилда компания Британиядаги бир спорт кийимлари ишлаб чиқарувчи Umbro PLC компаниясининг 100 фоиз акцияларини 290,5 млн фунт стерлингга сотиб олади.

Бироқ Umbro PLC компаниясини муваффақиятли ривожлантириш режаси амалга ошмайди. 2012 йилда уни Iconix Brand Group компаниясига сотиб олинган пулнинг ярмига сотиб юборишади.

2004 йилда Фил Найт Nike раҳбарлигидан кетади ва компания ижрочи директори лавозимини Уилям Перес эгаллайди. Ўшангача Уилям Перес S.C. Johnson & Son компаниясини бошқарганди.

Nike маҳсулотлари қаерларда тайёрланади?

Бугун Nike дунёдаги йирик спорт кийимлари ва буюмлари ишлаб чиқарувчи компания ҳисобланади. Дунёнинг элликка яқин давлатларида компаниянинг қарийб 500 та фабрикаси (шуъба корхоналари) бор.

Nike ишлаб чиқараётган спорт оёқ кийимлари асосан қуйидаги давлатларда тайёрланади:

  • Ветнам – 44 фоиз
  • Индонезия – 30 фоиз
  • Хитой – 20 фоиз

Nike ишлаб чиқараётган спорт кийимлари ва буюмлари қуйидаги давлатларда ишлаб чиқарилади:

  • Ветнам – 20 фоиз
  • Хитой – 20 фоиз
  • Камбоджа – 16 фоиз

Қолгани бошқа давлатларда.

Nike ишлаб чиқараётган турли маҳсулотларнинг 40 фоизи АҚШда сотилади. Бу давлатда компаниянинг ўзига тегишли қарийб 350 та савдо дўкони бор. Яна 700 дан ошиқ савдо дўконлари дунёнинг бошқа давлатларида жойлашган. Компания умумий савдосининг 40 фоиздан ошиқроғи ана шу савдо дўконлари ҳиссасига тўғри келади.

Nike савдо дўконларидан бири
kharkov.karavan.com.ua

Бундан ташқари, дунёда компания маҳсулотларини сотувчи минглаб савдо дўконлари бор ва савдо кўрсаткичларининг қолган қисми улар ҳиссасига тўғри келади.

Маълумотларга кўра, компания умумий савдосининг 40 фоиздан ошиғини Шимолий Америка, 28 фоизини Европа ва Африка қитъалари ҳамда Яқин Шарқ минтақаси, 14 фоизини Осиё-Тинч океани региони ва Жанубий Америкадаги савдолар ташкил этади.

Nike шаънига танқидлар

Компания Хитой, Ветнам, Индонезия ва Мексикада корхоналар очгандан сўнг жуда кўп танқид эшитиб келади.

Танқидчилар компаниясини юқоридаги давлатларда ташкил этилган корхоналарда ишчилар оғир шароитларда ишлаётганига эътиборсизликда айблашади.

Танқидчиларга кўра, Nike раҳбарияти Хитой, Ветнам, Индонезия ва Мексикада ишчилар ҳақ-ҳуқуқлари топталишини олдиндан билса ҳам фойда кетидан қувиб, уларда корхоналар очган.

Улар йиғган маълумотларда юқоридаги давлатлардаги аксарият корхоналарда ишчилар 48 соат ўрнига 70-80 соат ишлашга мажбурланаётгани айтилади. Уларга иш ҳақи сифатида бир соат учун 20 центдан тўланмоқда.

Nike‘нинг Жанубий-Шарқий Осиёдаги корхоналаридан бири
alamy.com

Маълумотларга кўра, биргина Ветнамда Nike маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи корхоналарда қарийб ярим млн одам меҳнат қилади. Уларнинг асосий қисмини аёл-қизлар ташкил этади.

Улар орасида 16 ёшга тўлмаган ўғил ва қиз болалар борлиги ҳам айтилади ва Nike раҳбарияти бу ҳолатга кўз юммоқда. 16 ёшга тўлмаган болалар меҳнатидан фойдаланиш Хитой, Индонезия ва Мексикадаги корхоналарда ҳам борлиги айтилади.

Реклама ва ҳомийлик шартномалари

Бошқа йирик компаниялар сингари Nike ҳам рекламага катта эътибор беради. Компания ҳар йили ўртача 3,5-4 млрд доллар маблағни рекламалар учун ажратади.

Бу пуллар интернет ва телевидениеда реклама роликларини намойиш этишга, таниқли спортчилар ва жамоаларга ҳомийлик шартномалари учун сарфланади. Шунингдек, компания турли йирик мусобақаларга ҳам ҳомийлик қилади.

Nike компаниясининг биринчи реклама ролиги марказий телеканалларда 1982 йилда пайдо бўлади. Ўшандан кейин компания “Энг яхши реклама” ролиги йўналишида икки марта Канн киновестивали, икки марта Эмми мукофотини қўлга киритади.

2000-йилларда, интернет оммалаша бошлагандан буён Nike интернет ва ижтимоий тармоқлар орқали компанияни актив реклама қилиб келади.

2015 йилда компания Миллий баскетбол ассоциацияси (МБА) билан 8 йиллик ҳомийлик шартнома имзолайди. Шартнома тугашидан аввал яна янгиланди.

Криштиану Роналду Nike маҳсулотларини реклама қилгани учун ҳар йил унга катта миқдорда маблағ тўлаб берилади.
xl.пт

Nike якка шахслар билан тузиладиган илк шартномани МБА юлдузи Майкл Жордан билан имзолаган ва машҳур баскетболчи фамилияси билан номланган кроссовкалар чиқарилганди. Бу ҳамкорлик ҳанузгача давом этиб келяпти ва Air Jordan кроссовкалари ҳанузгача савдога чиқарилмоқда.

Компания кейинчалик бошқа машҳур баскетболчилар Коби Брайнт, Жейсон Кидд, Винс Картер, Леброн Жеймс, Кевин Дюрант ва бошқалар билан ҳам ҳомийлик шартномалари имзолайди.

1990 йиллар бошларида Nike футбол бозорига ҳам кириб келади ва Ромарио, Эрик Кантона ҳамда Эдгар Давидс билан ҳамкорлик қила бошлайди.

2000-йиллар бошларида Роналдо (бразилиялик), Роналдинио, Тиери Анри, Дидие Дрогба, Андреас Иниеста, Кэйн Руни, Криштиану Роналду, Франческо Тотти, Златан Иброҳимович, Ҳарри Кейин, Эден Азар ва Килиан Мбаппе каби футболчилар билан ҳомийлик шартномалар имзолайди.

Майкл Жордандан сўнг компания Роналдиниони реклама ролиги юзига айлантиради. “Рони” суратга тушган реклама ролиги ўз вақтида Ютуб платформасида миллионлаб марта томоша қилинган эди.

Компания машҳур ўйинчилардан ташқари, Барселона, ПСЖ, Манчестер Юнайтед каби машҳур жамоалар , Бразилия, Франция, Англия, Португалия, ва Нидерландия терма жамоалари билан ҳамкорлик қилган.

Бундан ташқари, Nike машҳур теннисчилар Андре Агасси, Пит Сампрас билан 1980-йилларда, Рожер Федерер, Рафаэл Надал, Серена Уилямс ва Мария Шарапова кабилар билан 1990 ва 2000-йилларда ҳомийлик шартномалари имзолаган.

Машҳур теннисчи Роже Федерер Nike либосида
google.com

Бугунги кунда ҳам компания жуда кўплаб спорт клублари, спортчилар ва турли терма жамоалар билан ҳомийлик шартномаларига эга. Ана шу шартномаларга мувофиқ Nike ҳар йили уларга миллиардлаб доллар тўлаб беради.

Nike сўнгги йилларда

Дунёга машҳур Forbes нашрининг ёзишича, 2023 йилда Nike компанияси дунё бўйлаб 50,6 млрд долларлик маҳсулот сотган. Унинг 70 фоизи оёқ кийимлар, қолгани спорт кийимлари ва бошқа жиҳозлар бўлган. Шундан қарийб 6 млрд доллари соф фойда бўлган.

2023 йилда компаниянинг ўз маблағи 15 млрд доллардан ошиқроқ бўлган. Компания капитализацияси қарийб 190 млрд долларни ташкил этган.

Бугунги кунда компаниянинг турли давлатларда жойлашган корхоналарида қарийб 80 минг одам меҳнат қилмоқда. Компания асосчиси Фил Найт 86 ёшда. Билл Бауэрман эса 1999 йилда вафот этган.

Компанияга Марк Паркер (директорлар кенгаши раиси) ва Жон Данахо (компания президенти) раҳбарлик қилмоқда.

Nike‘нинг бугунги раҳбарлари
hypebeast.com

Бугунги кунда компаниянинг дунё бўйлаб қарийб 1200 та махсус дўкондан иборат савдо тармоғи бор. Forbes нашрига кўра ҳозирда Nike дунёдаги энг қиммат спорт маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи бренд ҳисобланади.

Сўнгги йилларда компания Nike брендидан ташқари Nike Golf, Nike Pro, Nike +, Air Jordan, Nike Blazers, Air Force 1, Nike Dunk, Air Max, Foamposite, Nike Skateboarding, Nike CR7, Hurley International, Converse номлари остида ҳам маҳсулотлар ишлаб чиқармоқда.

Компания 2022 йилда дунёнинг энг йирик компаниялари орасида 212-ўринни, энг қиммат брендлар орасида эса 13-ўринни, АҚШда энг яхши фойда кўриб ишловчи компаниялар орасида эса 83-ўринни эгалланган.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид