Ўзбекистон | 17:10 / 26.10.2017
20166
3 дақиқада ўқилади

Пуллик тиббий хизматлар бўйича имтиёзлар қўллаш тартибига аниқлик киритилди

Фото: Fotolia

Президентнинг 20.10.2017 йилдаги ПФ–5212-сон «Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қарори эълон қилинди.
 
Norma.uz’нинг ёзишича, ҳужжат билан президентнинг 19.09.2007 йилдаги ПФ–3923-сон фармонининг 7-банди ва президентнинг 1.04.2017 йилдаги ПҚ–2863-сон қарорининг 8- ҳамда 9-бандларида кўзда тутилган имтиёзларни қўллаш тартибига аниқлик қиритилган.
 
Тиббиёт муассасалари ва хусусий тиббий ташкилотлар
 
Эслатиб ўтамиз, аввал тиббиёт муассасалари 2007 йилнинг 1 октябридан аҳолига пуллик тиббий хизматлар кўрсатувчи (стоматология ва косметология хизматлари бундан мустасно) тиббиёт муассасалари 2018 йилнинг 1 январигача барча турдаги солиқлар ва Республика йўл жамғармаси ҳамда Бюджетдан ташқари Молия вазирлиги ҳузуридаги таълим ва тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базасини ривожлантириш жамғармасига ўтказиладиган мажбурий ажратмалар тўлашдан озод этилган, бўшайдиган маблағлар тиббиёт муассасаларини замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозлашга мақсадли равишда йўналтирилган эди.
 
Аҳолига пуллик тиббий хизматлар кўрсатадиган (стоматология ва косметология хизматларидан ташқари) хусусий тиббиёт муассасалари эса, жумладан, хорижий инвесторлар иштирокидаги хусусий тиббиёт муассасалари 2022 йилнинг 1 январигача барча турдаги солиқлар ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалар тўлашдан озод этилган, бунда бўшаган маблағлар хусусий тиббиёт муассасаларини замонавий тиббий, муҳандислик-техник ускуналар билан жиҳозлаш, уларга сервис-техник хизмат кўрсатиш, тиббиёт мақсадлари учун эҳтиёт қисмлар, материаллар, инвентарь ва бошқа буюмлар харид қилиш, тиббий хизматлар кўрсатиш учун янги бинолар қуриш, мавжудларини реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш, шунингдек, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига бепул тиббий хизматлар кўрсатишга йўналтирилган эди.
 
Энди мазкур солиқ имтиёзларини қўллаш мақсадида ҳисобот даврига кўра фаолиятининг асосий тури тиббий хизматлар кўрсатиш (стамотологик ва косметологик хизматлардан ташқари) бўлган тиббиёт муассасалари (ташкилотлари) киритилишига аниқлик қиритилган.
 
Бунда имтиёз фақат тиббий хизматлар қисми учунгина тақдим этилади. Агар тиббий хизматлар кўрсатиш асосий фаолият тури бўлса, у бошқа турдаги даромадларга ҳам тегишли бўлади.
 
Қишлоқ жойлардаги тиббий хизмат кўрсатувчи микрофирмалар ва кичик корхоналар
 
Эслатиб ўтамиз, қишлоқ жойларда тиббий хизматлар кўрсатиш соҳасида ташкил этиладиган янги микрофирмалар ва кичик корхоналар давлат рўйхатига олинган кундан бошлаб 10 йил муддатга ягона солиқ тўловидан озод этилади.
 
Мазкур имтиёз фақат тиббий хизматлар борасида тақдим этилиши, стоматологик ва косметологик хизматлар учун берилмаслигига аниқлик қиритилган.

Мавзуга оид