Ўзбекистон | 16:30 / 02.11.2017
11877
3 дақиқада ўқилади

Германия Ўзбекистон Президентининг кенг кўламли ислоҳотларини қўллаб-қувватлайди

Фото: President.uz

Октябрь ойи охирида Берлиндаги Шарқ-Европа ва халқаро тадқиқотлар марказида "Ўзбекистон: янги Президент бошқаруви остидаги бир йил" мавзуидаги брифинг бўлиб ўтди. 

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти қошидаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти экспертлари, шунингдек Германия ТИВ, К.Адэнауэр жамғармаси, Илм-фан ва сиёсат жамғармаси ва ГФРнинг бошқа етакчи академик ва тадқиқот доиралари вакиллари иштирок этишди.

Брифинг давомида германиялик иштирокчилар 2017-2021 йиллар учун Ҳаракатлар стратегиясининг беш устувор йўналиши бўйича ўтган давр ичида амалга оширилган ишлар натижалари билан таништирилди. Хорижий экспертларнинг таъкидлашича, Германия Ўзбекистондаги жорий янгиланиш ва модернизация жараёнларини диққат билан кузатмоқда. Уларнинг баҳоларига кўра, Берлин Президент Шавкат Мирзиёевнинг ички ва ташқи сиёсатдаги янги стратегик йўналишини қўллаб-қувватлайди. 

Ўзбекистон Президент Виртуал қабулхонасининг аҳоли билан иш олиб бориш тажрибасининг жорий қилиниши хорижий мутахассисларда катта қизиқиш уйғотди. Уларнинг нуқтаи назарига кўра, бу давлат ва жамият ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқа ўрнатилишида "ноёб тажриба" бўлди. Илм-фан ва сиёсат жамғармаси экспертларининг таъкидлашича, "қисқа вақт ичида ушбу механизм орқали миллионлаб ўзбек фуқароларининг муаммолари ҳал қилингани қувонарли ҳолат". 

Шу билан бирга, германиялик экспертлар Ўзбекистон Марказий Осиё ва бутун дунёга очиқликни намойиш этиб, халқаро ҳамжамиятга "кучли сигнал" берганини қайд этишди. Бундан ташқари, уларнинг фикрича, Тошкентнинг бундай фаол сиёсати минтақадаги мамлакатлараро муносабатларга мутлақо янги динамика берди. 

Брифинг қатнашчилари фикрига кўра, Ҳаракатлар стратегиясининг амалга оширилиши нафақат Ўзбекистонда, балки бутун Марказий Осиёда "тарихий ўзгаришлар"га старт берди. Ўзбекистоннинг қўшни давлатлар билан ўзаро муносабатларининг характери ва йўналиши мамлакатнинг жаҳон ишбилармон доиралари учун иқтисодий жозибадорлигини ошириб, минтақадаги сиёсий иқлимнинг сезиларли даражада яхшиланишига олиб келди.  Бундай тенденция давлатлараро муносабатларнинг чуқурлашуви ва минтақавий ҳамкорликнинг фаоллашуви тарафдори бўлган Германияда ижобий қабул қилиниши шубҳасиз.

Мавзуга оид