08:29 / 09.11.2017
10670

БМТ Яманга даҳшатли очарчилик хавф солаётганидан огоҳлантирди

Фото: Fotolia

БМТ бош котибининг гуманитар масалалар бўйича ўринбосари Марк Лоукокнинг айтишича, Саудия Арабистони бошчилигидаги коалиция Ямандан блокадани олиб, ҳудудга гуманитар ёрдам етказилиши тикланмагунча Яман “охирги ўн йилликлар ичидаги энг даҳшатли очарчилик” хавфи олдида туради.  

“Бу чоралар бекор қилинмагунча Яманда очарчилик бўлади. Бу 2011 йилда Сомалида 250 минг кишининг ҳаётига зомин бўлган очарчилик каби бўлмайди. Бу охирги ўн йилликлар ичида дунёдаги энг даҳшатли очарчилик бўлади, миллионлаб одамлар унинг қурбонларига айланишлари мумкин”, деб айтган Лоукок журналистларга.

Лоукок вазиятнинг ёмонлашишига йўл қўймаслик учун 5 та қадамни амалга оширишга чақирган. Жумладан, “гуманитар ёрдам, айниқса, озиқ-овқат, ёнилғи, тиббий воситалар ва бошқа маҳсулотларнинг етказилишини дарҳол тиклаш учун Яманнинг барча денгиз портларига киришни очиш зарур”.

6 ноябрда араб коалицияси қўмондонлиги Ямандан Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёд томон ҳусийлар ракета отгандан кейин Яманнинг барча қуруқликдаги, ҳаво ва денгиз портларини ёпишга қарор қилган. Коалиция портларнинг ёпилишини улардаги амалдаги назорат ҳусийларга баллистик ракеталар олишга имкон бергани билан тушунтирган. 8 ноябрда коалиция Яманнинг энг йирик порти Адандан тақиқловни олди.

Top