Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
БМТ Эрондаги уруш туфайли дунёда рекорд даражадаги очарчилик ҳақида огоҳлантирди
Агар йил ўрталарига қадар кескинлик тўхтамаса, 45 миллионгача одам озиқ-овқат танқислигига дуч келиши мумкин.
Эрон атрофидаги можаро дунёда озиқ-овқат билан боғлиқ вазиятни кескин ёмонлаштириши ва очлар сонини рекорд даражага ошириши мумкин, деб ёзди Bloomberg нашри БМТ Жаҳон озиқ-овқат дастурига (WFP) таяниб.
Очликка қарши кураш бўйича дунёдаги энг йирик гуманитар ташкилотнинг фикрича, агар йил ўрталарига қадар кескинлик тўхтамаса, 45 миллионгача одам озиқ-овқат танқислигига дуч келиши мумкин. Озиқ-овқат таъминоти барқарор бўлмаганидан азият чекаётганларнинг умумий сони 363 миллион.
БМТ асосий хавф омилларидан бири сифатида Ҳўрмуз бўғози орқали кема қатновининг бузилиши, шунингдек, Қизил денгизда юк ташиш учун ўсиб бораётган таҳдидларни кўрсатмоқда.
Эрон билан уруш ёқилғи ва ўғит нархининг ошишига олиб келади, бу эса Яқин Шарқдан ташқаридаги озиқ-овқат бозорларига босимни кучайтиради.
«Агар можаро давом этса, у бутун дунё бўйлаб шок тўлқинларини келтириб чиқаради ва озиқ-овқат сотиб олишга қурби етмайдиган оилалар энг кўп зарар кўради», деди WFP ижрочи директори ўринбосари Карл Скау.
Форс кўрфазидаги логистика узилишлари аллақачон энг заиф мамлакатларда, жумладан, асосий товарлар нархи тез ўсиб бораётган Судан ва Сомалида ўз аксини топмоқда. Энг кўп озиқ-овқат ва ёқилғи импортига боғлиқ бўлган Африка мамлакатлари инқирозга дучор бўлган. WFP прогнозларига кўра, ушбу ҳудудларда озиқ-овқат танқислигини бошдан кечираётган одамлар сони 20 фоизга ошиши мумкин.