Ўзбекистон | 20:40 / 10.11.2017
30056
4 дақиқада ўқилади

Кўмир конлари «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ таркибига ўтказилмоқда

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбеккўмир» АЖ ва «Шарғункўмир» АЖни «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ таркибига ўтказиш ҳамда кўмир саноати корхоналарини молиявий соғломлаштириш борасидаги ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори имзоланди.

Президентнинг «Кўмир саноатини бошқариш тузилмасини такомиллаштириш ва унинг корхоналари фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш ҳамда кўмир саноати корхоналарининг молиявий барқарорлигини оширишга доир тадбирларни ўз вақтида бажариш мақсадида:

- «Ўзбекэнерго» АЖга тегишли «Ўзбеккўмир» АЖ ва «Шарғункўмир» АЖнинг акциялари пакетларини «Ўзбекистон темир йўллари» АЖнинг устав капиталига давлат ҳиссаси сифатида белгиланган тартибда баланс қиймати бўйича топшириш;

- «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ томонидан жамиятларнинг акцияларини бошқа акциядорлардан қонунчиликда белгиланган тартибда бозор қиймати бўйича харид қилган ҳолда «Ўзбеккўмир» АЖ ва «Шарғункўмир» АЖни унитар корхоналар этиб қайта ташкил этиш;

- «Ўзбеккўмир» АЖга қарашли ҳудудий дистрибьюторлик марказларининг 13 та унитар корхоналарини тугатиш, кейинчалик кўмир омборларини «Ўзбекистон темир йўллари» АЖга қарашли «Темирйўлёнилғитаъмин» бошқармасига топшириш;

- «Ўзбекистон темир йўллари» АЖга қарашли «Темирйўлёнилғитаъмин» бошқармасининг бирлашган ёқилғи-омборхона хўжаликлари негизида аҳолини, бюджет ташкилотларини, иқтисодиёт тармоқлари корхоналарини кўмир маҳсулоти билан таъминлаш учун кўмир омборхоналари ташкил этиш тўғрисидаги «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ, «Ўзбекэнерго» АЖ, Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, Иқтисодиёт вазирлиги ҳамда Молия вазирлигининг таклифларига розилик берилган.

Президент қарорида белгиланишича, «Ўзбеккўмир» УК ва «Шарғункўмир» УК энергия манбаларининг нархлари (тарифлари) қайта кўриб чиқилгунга қадар кўмир тармоғи ташкилотлари томонидан олинаётган электр энергия учун ҳақ тўлашни Х тариф гуруҳи бўйича қонунчиликка мувофиқ хўжалик эҳтиёжлари учун белгиланадиган энергия тизими тарифлари асосида амалга оширади;

Иловага мувофиқ, «Ўзбеккўмир» АЖ томонидан жалб этилган кредитлар бўйича берилган «Ўзбекэнерго» АЖнинг топшириқномалари белгиланган тартибда «Ўзбекистон темир йўллари» АЖга қайтадан расмийлаштирилади.

2017–2018 йиллар куз-қиш даврида кўмир қазиб чиқариш ва республика бўйича етказиб беришнинг режа-жадвали тасдиқланмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари — «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти бошқарувчи раиси А.Ж. Раматов, «Ўзбеккўмир» УК, «Шарғункўмир» УК раҳбарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг раиси, вилоятлар ҳокимлари зиммасига:

- куз-қиш даврида аҳолига ҳамда бюджет ташкилотларига ушбу қарор билан тасдиқланган ҳажмларда кўмир маҳсулоти ўз вақтида ва тўлиқ етказиб берилишини;

- кўмир маҳсулотини етказиб беришнинг барча босқичларида унинг сақланишини;

- бюджет ташкилотлари учун кўмир маҳсулотига нарх белгиланиши даражаси, аҳолига сотиладиган кўмирнинг чакана нархига риоя этилиши, шунингдек, уларнинг асоссиз равишда қимматлашиб кетишининг олдини олиш ва чек қўйиш чоралари кўрилиши устидан самарали назоратни таъминлаш юзасидан шахсий жавобгарлик юкланган.

«Ўзбеккўмир» УК ва «Шарғункўмир» УК объектларини қўриқлаш «Ўзбекистон темир йўллари» АЖнинг Ҳарбийлаштирилган қўриқлаш бошқармаси кучлари томонидан амалга оширилади.

Мавзуга оид