Ўзбекистон | 11:30 / 10.11.2017
16013
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Марказий Осиёда транспорт логистикасини яхшилаш бўйича таклиф билдирди

Фото: KUN.UZ

10 ноябрь куни Самарқанд шаҳрида БМТ шафелигида «Марказий Осиё: бир ўтмиш ва бир келажак, барқарор ривожланиш ва ўзаро фаровонлик учун ҳамкорлик» номли халқаро конференцияси ўз ишини бошлади. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё давлатларининг ўзаро ҳамкорликда янги босқичга қадам қўйиши лозимлигини таъкидлаб ўтди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар беради.

«Транспорт, логистика ва транзит йўлаклари борасида минтақада ҳамкорлик ривожланиши лозим. Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасида темир йўл инфратузилмаси, хусусан автомобиль кўприги фойдаланишга топширилгани, кейинчалик ундан Туркманистон-Эрон-Уммон йўналишида логистика йўлаги пайдо бўлишини алоҳида таъкидлаш керак. Бундай ҳамкорликни Ўзбекистон-Қирғизистон-Хитой темир йўлида ҳам кузатиш мумкин. Биз ана шу тармоқда автомагистрал лойиҳасини якунлашни ҳам режалаштирганмиз», дейди Шавкат Мирзиёев. 

Ана шу билдирилган фикрларни хулоса қилган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси президенти 2018 йил Тошкент шаҳрида «Марказий Осиё халқаро транспорт йўлаги тизимида: стратегик истиқболлар ва амалга ошмаган имкониятлар» мавзусида халқаро анжуманни ташкил этишни таклиф қилди.

«Ўйлайманки, бунда ҳамкор давлатлар фаол қатнашади», деб қўшимча қилади президент.

Мавзуга оид