Ўзбекистон | 11:20 / 16.11.2017
36574
3 дақиқада ўқилади

Ёшлар иттифоқи фаоллари олий таълим муассасаларига имтиёзли қабул қилинади

Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи фаолларига ҳам олий таълим муассасаларига имтиҳонсиз кириш имконияти берилади.

Вазирлар Маҳкамасининг 14 ноябрдаги "Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг фаол аъзоларига олий таълим муассасаларига киришда имтиёзлар бериш тўғрисида"ги қарорига мувофиқ Ўзбекистон ёшлар иттифоқи тизимидаги сардорлар, бошланғич ташкилотлардаги йўналиш етакчилари, икки йиллик меҳнат стажига эга бўлган фидоий ёшлар тавсиянома асосида доимий яшаш жойидаги олий таълим муассасаларининг педагогика таълим йўналишларига имтиҳонсиз қабул қилинади.

Қарорнинг тўлиқ матни билан www.lex.uz сайтида келтирилган.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг фаол аъзоларига олий таълим муассасаларига имтиёзли қабул қилиш бўйича тавсияномалар бериш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, тавсияномалар - республика комиссияси томонидан танловда ғолиб номзодларни олий таълим муассасаларига имтиёзли қабул қилиш учун Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича давлат комиссиясига тақдим этиладиган ҳужжатдир;

Номзодлар қуйидаги тоифалар бўйича тавсияномага эга бўлиши мумкин:

а) Ёшлар иттифоқининг сардорлари;
б) Ёшлар иттифоқининг бошланғич ташкилотларидаги йўналиш етакчилари;
в) Ёшлар иттифоқи тизимида икки йиллик меҳнат стажига эга бўлган фидойи ёшлар.

Тавсиянома фақат тақдим этилган йил учун амал қилади. Тавсияномалар Ўзбекистон Республикасида жойлашган хорижий олий таълим муассасаларига татбиқ этилмайди.

Номзод танловларда иштирок этиш учун ўз ҳудудидаги туман (шаҳар) комиссиясига Низомнинг 3-бандига мувофиқ қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

а) туман (шаҳар) комиссияси раиси номига ариза;
б) умумий ўрта таълим (11-синф негизида) ёки ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасасини тугатганлиги ҳақидаги ҳужжат ҳамда баҳолар кўрсатилган илованинг нусхалари;
в) таълим муассасасидан битирувчи ўқувчи эканлиги тўғрисида маълумотнома (маълумотномада охирги икки йилда фанлардан олган баҳолари кўрсатилади);
г) 086-У-шакл бўйича тиббий маълумотнома;
д) паспорт (паспорт ёшига етмаганлар учун туғилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома)нинг нусхаси;
е) 3.5 х 4.5 см ҳажмдаги 4 дона рангли фотосурат;
ё) меҳнат дафтарчасининг нусхаси (иш стажи мавжуд бўлса);
ж) Ёшлар иттифоқи тизимида эришган натижаларини тасдиқловчи ҳужжатларнинг (диплом, сертификат, фахрий ёрлиқ ва бошқа ҳужжатлар) нусхалари.

Номзодлардан бошқа ҳужжатларни талаб қилиш тақиқланади.

Ҳужжатлар ҳар йили 1 мартдан 25 мартгача туман (шаҳар) комиссияси томонидан қабул қилинади.

Бундан олдинроқ ташкилот раҳбарияти ўз ходимларига Тошкентдан прописка сўраши мумкинлиги, шунингдек, ташкилотнинг айрим ходимларига автокредит ажратилиши ҳақида хабарлар берилганди. 

Мавзуга оид