Жамият | 21:30 / 17.11.2017
29731
3 дақиқада ўқилади

SOS: Ўзбекистон Кўзи ожизлар жамияти босмахонаси биносиз қолиши мумкин

Марказий Осиёда йириклиги бўйича Брайл ёзувида китоблар ва дарсликлар чоп этувчи ягона босмахона дуч келган муаммо Тошкент шаҳар ҳокимиятининг нотўғри чиқарган қарори билан боғлиқ. Шаҳар ҳокимининг 2017 йил 3 майда чиқарган 543-сонли қарори билан ижтимоий аҳамиятга молик ташкилотга тегишли бинолари ва ҳудуди тўлиғича Тошкент шаҳар ИИББ 62-бўлимига бериб юборилган. 

1949 йилда ташкил этилган босмахонанинг бош муҳаррири Рихсивой Аббосхоновнинг айтишича, босмахона 1981 йилдан бери шу бинода фаолият юритиб келади. Аммо Тошкент шаҳар ҳокимияти Бинолардан фойдаланиш департаменти йўл қўйган хатоликни тузатишни истамаяпти. Даставвал куч билан босмахонанинг биринчи корпусида қонуний асосда ижарада турган тадбиркорлар чиқариб юборилган бўлса, эндиликда, ички ишлар бўлими томонидан бинонинг ўзларига тегишли бўлмаган қисмида фаолият юритаётган тадбиркорлардан ҳам чиқиб кетишни талаб қилишмоқда. Ваҳоланки, улар ўзларига ажратилган бинонинг бир қисмида таъмирлаш ишларини олиб боришганида, бошқа тадбиркорлар фаолиятини давом эттиришлари мумкинлиги, босмахонанинг бошқа биноларига, уларнинг фаолиятига аралашмасликларини ваъда қилишган. 

Лекин, амалда иш умуман бошқача бўлмоқда. Айни вақтда Аббосхонов шаҳар ҳокими қароридаги тушунмовчилик туфайли бино батамом ШИИББ бўлимига ўтиб кетишидан, босмахона кўчага қувилишидан хавотирда. 

У ҳолда Ўзбекистон Кўзи ожизлар жамиятига қарашли 12 та кўзи ожиз болалар мактаб интернатида таҳсил олувчи 2 мингдан ортиқ ўқувчига дарсликлар етказиб бериш масаласи нима бўлади. Чунки, шундоғам уларни дарсликлар билан таъминлаш 50 фоизни ташкил этмоқда, холос. 

Афсуски, Рихсивой Аббосхонов додини ҳеч ким эшитаётгани йўқ. Эшитганлар эса, арзнинг мағзини чақиб кўришни шунчаки исташмаяпти ёхуд кўз юмишмоқда. Акс ҳолда апелляция судида иштирок этган прокурор қарорнинг нотўғри чиқарилганини қайд этгани ҳолда якунда судьядан аввалги суд қарорини ўз кучида қолдиришни сўрармиди?

Шу ва қарор билан боғлиқ бошқа тафсилотлар хусусида Рихсивой Аббосхонов KUN.UZ сайтига интервью берди. 

Мавзуга оид