Ўзбекистон | 21:20 / 17.11.2017
6433
2 дақиқада ўқилади

Ўзбeкистон ва Грузия ўртасида сиёсий маслаҳатлашувларнинг навбатдаги раунди бўлиб ўтди

Фото:Sputnik/ Катерина Совдагари

2017 йилнинг 14-15 ноябрь кунлари Тбилиси шаҳрида Ўзбекистон ва Грузия ташқи ишлар вазирликлари делегациялари ўртасида сиёсий маслаҳатлашувларнинг навбатдаги раунди бўлиб ўтди.

Грузия делегациясига вазир ўринбосари Давид Жалагания бошчилик қилди.

Учрашувда Ўзбекистон-Грузия кун тартибининг асосий масалалари ҳамда сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги давлатлараро ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишлари юзасидан фикр алмашилди.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Грузия Бош вазири Георги Квирикашвилининг 2017 йил сентябрь ойида Нью-Йoрк шаҳридаги учрашуви икки давлат муносабатларида муҳим босқич бўлди ва ҳамкорликни чуқурлаштиришнинг истиқболли йўналишларини белгилади.

Грузия делегацияси Ўзбекистон Республикаси Президентининг БМТ Бош Ассамблеяси 72-сессиясида ва 10 ноябрда Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган “Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик” мавзусидаги халқаро конференцияда сўзлаган дастурий нутқларининг асосий қисмлари тўғрисида хабардор қилинди.

Давлатимиз раҳбари илгари сурган ташаббуслар Ўзбекистон-Грузия алоқаларини кенгайтириш, унга кўп қиррали тус бериш ва ҳамкорликнинг биргаликдаги механизмларини фаоллаштириш учун мустаҳкам асос яратиши таъкидланди. Бунга кўра, Савдо-иқтисодий муносабатлар бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги мажлисини ўтказиш муддати ва кун тартиби бўйича таклифлар кўриб чиқилди.

Учрашувда халқаро ва минтақавий муаммоларнинг алоҳида мавзулари ҳам муҳокама қилинди.

Мавзуга оид