22:10 / 20.11.2017
8148

Киберҳужумга учраган айрим давлат органлари сайтлари фаолияти созланди

20 ноябрь куни Ўзбекистондаги бир қатор муассасаларнинг ахборот ресурсларига, жумладан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Давлат тест маркази веб сайтига кибер ҳужумлар амалга оширилди. 

Ахборот технологиялар ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Матбуот хизматининг Kun.uz'га хабар қилишича, жаҳон миқёсида оммавий уюштирилган виртуал ҳужумлар оқибатида турли мамлакатларда 60 мингдан зиёд ресурслар зарарланган. Ахборот хавфсизлиги ва жамоат тартибини таъминлашга кўмаклашиш маркази томонидан амалга оширилган тезкор чора-тадбирлар натижасида, тегишли ташкилотларнинг веб-сайтларининг фаолияти қайта тикланди.

UZINFOCOM Маркази ҳамда Ахборот хавфсизлиги ва жамоат тартибини таъминлашга кўмаклашиш марказлари ҳамкорлигида ҳужум манбасини аниқлаш ҳамда кейинчалик бу турдаги ҳужумлардан ҳимояланиш мақсадида, зарарланган ресурсларнинг заҳира нусхаларини яратиш юзасидан ишлар амалга оширилди.

Айни пайтда мазкур ҳужум оқибатлари тўлиқ бартараф этилган, ҳозирда зарарланган ахборот ресурслари тўлақонли режимда ишламоқда. Шунингдек, истиқболда ҳимоя чораларини ишлаб чиқиш учун ушбу кибер ҳужумларнинг уюштирилиши сабаблари ҳамда усуллари яқиндан тадқиқ қилинмоқда.

Top