Сўнгги вақтларда Ўзбекистонда давлат ташкилотларининг расмий сайтлари ва турли тўлов тизимларига ҳам киберҳужумлар кўпайиб бормоқда. Бунга жавобан ушбу сайтларда ташқи трафик ёпиб қўйилди. Аввалроқ эса 200 мингдан ортиқ ўзбекистонликларнинг браузерлардаги пароллари ҳакерлар томонидан ўғирланиб, очиқ интернетга чиқариб юборилгани маълум бўлган эди. Kun.uz мухбири ушбу масалалар юзасидан киберхавфсизлик бўйича мутахассис Жасур Эркинбоев билан суҳбатлашди.

Мутахассисга кўра, киберҳужумларга қарши ташқи трафикни ёпиш орқали ҳужумни “бартараф қилиш” анча вақтдан бери қўлланади. Лекин қисқа вақт учун кенг кўламли интернет тармоғидан узилишдан кўра оптимал ечимлар ҳозирда чет эл давлатларида амалга татбиқ қилинган.

“Сан-Францискода жойлашган Cloudflare компанияси айнан DDoS ҳужумларидан ҳимояланиш ечимларини амалда қўллаш, шу орқали бошқа ташкилотларга ечимлар таклиф қилиш бўйича дунёдаги энг етакчи киберхавфсизлик компанияси ҳисобланади. Кўпинча дунёдаги рекорд даражада қайд қилинадиган DDoS ҳужумлари уларнинг тармоқларида учрайди. Энг охирги рекорд – 2023 йил август ойида, 201 миллион сўров/секунд, тахминан 4 тбит/с интернет трафиги. Компания ҳар томонлама (техник ва дастурий) ечимлардан фойдаланади, шунингдек, ушбу кўрсаткичларни доимий ошириб бормоқда. Агарда уларнинг методларини ўрганадиган бўлсак, кичик ҳажмдаги DDoS ҳужумларига бизда қўлланаётган усулдан анча яхшироқ ва ресурсларни тежайдиган ечимларни ўйлаб чиқиш мумкин. 10 йиллардан бери жуда кўп қўлланадиган киберҳужумларга ҳалигача интернетни ўчириш билан жавоб қайтариш — қўполроқ қилиб айтганда, дангасанинг иши бўлади.

Энг оддий ечимлардан бири — ҳар бир фойдаланувчи сайтни очишга ҳаракат қилганда, энг биринчи ҳимоя воситаси сифатида интернет ботларидан ажратувчи саҳифа очилиб (captcha), ушбу фойдаланувчининг иштирокисиз (бунда фақатгина браузернинг ўзи еча оладиган, бажариш қийин бўлган топшириқ берилади ва жавобини серверга қайтармагунча ушбу фойдаланувчи кириш ҳуқуқидан вақтинча узилади) уларни филтрдан ўтказиш бўла олади. Captcha технологияси интернет ботларидан ҳимояланишдаги керак бўлган кучли сервер технологиясини талаб қилмайди, аксинча ушбу ресурсни фойдаланувчига юклайди, натижада фақатгина ишончли фойдаланувчигина сайтга киради. Буларнинг бари браузернинг ўзида автоматик бажарилгани фойдаланувчига қулайлик яратади”, — дейди Эркинбоев.