10:56 / 22.11.2017
5639

Кремль​ Google​'га қарши даъво аризасини тайёрламоқчи

Фото: Reuters

Расмий Кремль Alphabet корпорациясига тегишли Google платформасига қарши даъво аризасини тайёрлашини билдирмоқда. Гап шундаки, Россия ҳукумати кўмагида молиялаштириладиган Спутник, Russia Today RT каби медиа тарқатган хабарлар Google қидирувида қуйи рейтингда кўрсатилмоқда.

«Роскомнадзор» медиа назорати бошқармаси бошлиғи Александр Жаровнинг айтишича, ташкилот Google раҳбариятига сешанба куни хат йўллаб, вазиятга ойдинлик киритишини сўраган. Маълум қилинишича, Alphabet​ ижрочи директори Эрик Шмит бундан аввал «рус медиа веб сайтлари энди қидирув хизматида қуйи рейтингда келиб чиқиши»ни билдирган.

Интерфакс нашрининг ёзишича, Жаров «Alphabet​ раҳбарияти сўровни ўрганиб чиқиб, асосланган жавоб» беришидан умидвор.

АҚШ разведка бошқармаларининг ҳисоботида айтилишича, 2016 йил АҚШда ўтган президентлик сайлов кампанияси даврида, Россия ҳукумати кўмагида яратилган RT ва Спутник номзод Ҳиллари Клинтон ҳақида турли хабарларни тарқатишни кўпайтирган. Хусусан, бу икки медиа компанияси ишончсиз хабарларни ёритишда жонбозлик кўрсатган.

Эслатиб ўтамиз, Google раҳбарият жорий йилнинг апрель ойида шубҳали хабар, янгилик ва маълумотларни қидирув хизматидан олиб ташлашини ёки қуйи рейтингда тақдим этишини билдирганди.

Top