18:37 / 23.11.2017
15264

Вьетнамдаги уруш фахрийлари маълум бир касаллик туфайли бирин-кетин вафот этмоқда

Фото: Getty Images

Вьетнамдаги уруш фахрийлари бўлган америкаликлар ўша йилларда юқтириб олган паразитлар туфайли ҳаётдан кўз юмишмоқда. Буни АҚШнинг Фахрийлар иши бўйича вазирлиги мутахассислари аниқлашган, деб хабар бермоқда Tech Times портали.

Вьетнамда уруш якунланганидан 40 йил ўтиб АҚШда фахрийлар ўт пуфаги йўли касалликларидан азият чекишмоқда. Холангиокарцинома (ўт пуфаги йўлидаги салбий ўсимта) жуда кам учрайди, у билан касалланиш йилига 100 минг аҳолида 1 ёки 2 маротаба учрайди. Бироқ, вазирлик маълумотларига кўра, сўнгги 15 йил давомида холангиокарцинома юзлаб фахрийларда топилган.

Жануби-Шарқий Осиёда эса холангиокарцинома жигар сўрувчилари – иссиқ қонли сутэмизувчилар, жумладан кишилар организмига хом ёки яхши пиширилмаган балиқ билан тушадиган паразитлар билан касалланишга боғлиқдир. Жигар сўрувчилари, жумладан, Вьетнамдаги дарёларда ҳам кўп учрайди.

Фахрийларнинг сўзларига кўра, улар захиралар якунига етиб қолганида, балиқ «овлашган» - сувга граната ташлашган ҳамда карахт бўлиб қолган балиқларни тутишган, кейин эса уларни паст оловда тайёрлашган. Бу тутун орқали ўзларига эътибор тортмаслик мақсадида қилинган. Албатта, балиқ паразитлар йўқ бўладиган даража тайёрланмаган.

50 нафар фахрийнинг қон таҳлили шуни кўрсатдики, намуналарнинг 20 фоизида жигар сўрувчиларига антижисмлар (организмда антигенлар пайдо бўлиши билан юзага келадиган ва уларнинг таъсирини йўқотадиган моддалар) бўлган. Замонавий тиббиёт паразитлардан қутулишга имкон беради, бироқ улар ўн йиллар давомида яшириниб ўтириши, вақт ўтган сайин эса турли касалликларни чақириши мумкин. Касаллик аломатлари – вазннинг йўқолиши, оғриқ, сариқ касали – унинг энг сўнгги босқичида ривожланади, бунда беморнинг ўлимига бир неча ой вақт қолган бўлади.

Top