Жаҳон | 17:30 / 24.11.2017
15395
2 дақиқада ўқилади

Зимбабвенинг янги президенти Ғарб давлатларига мурожаат қилди

Зимбабвенинг янги президенти Эммерсон Мнангагва Ғарб давлатларини мамлакатда инсон ҳуқуқлари бузилиши ҳолатлари туфайли аввал қўлланган санкцияларни бекор қилишга чақирди. У Зимбабведа хорижий инвестициялар сақлаб қолинишини маълум қилган.

«Биз шуни сўраймизки, ўтмишда бизга қўлланган жазолар қайта кўриб чиқилиши керак», — деган Мнангагва президент сифатидаги илк чиқишида.

У Зимбабве ҳукумати хорижий инвестициялар хавфсизлигини кафолатлашини ваъда қилган.

Бундан ташқари, у аввалги ҳукумат томонидан ерлари тортиб олинган оқ танли фермерларнинг зарарлари қоплаб берилишини маълум қилди.

Қайд этиш керакки, янги президент мамлакатни 37 йил бошқарган диктатор Роберт Мугабега вице-президент ҳисобланарди. У октябрь ойида лавозимидан истеъфога чиқарилган, Мугабе уни давлат тўнтариши амалга оширишга уринишда айблаганди. Шундан сўнг у мамлакатдан қочиб кетди. 15 ноябрь куни эса мамлакат армияси Мнангагвани қўллаб чиқди ва пойтахтни эгаллаб, Мугабени ҳокимиятдан четлаштирди. Бир неча кун ўтиб, Мугабе лавозимини ўз ихтиёри билан тарк этди.

Мавзуга оид