07:31 / 25.11.2017
15874

Куба етакчиси Шимолий Корея ташқи ишлар вазирини қабул қилди

24 ноябрда Куба пойтахти Гаванада Куба раҳбари Рауль Кастро Шимолий Корея ташқи ишлар вазири Ли Ён Хо билан учрашди.

“Томонлар Куба ва Шимолий Кореяни тарихий дўстлик ришталари боғлаб туришини таъкидлаб ўтдилар ва ўзаро манфаатга эга халқаро масалаларни муҳокама қилишди”, деб маълум қилинган Куба телевидениеси хабарида.

Учрашув вақтида Ли Ён Хо Кастрога Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Иннинг саломини етказган ҳамда 2016 йил 25 ноябрда Кубанинг кўп йиллик раҳбари Фидель Кастронинг ҳаётдан кўз юмганининг бир йиллиги муносабати билан таъзия билдирган.  

Куба ва Шимолий Корея 1960 йилдан дипломатик алоқаларни йўлга қўйган. 2013 йилда икки давлат ўртасида фан ва техника соҳасидаги алоқаларни ривожлантириш ҳақидаги баённома имзоланган. Ушбу баённома “товарлар айирбошлашни” назарда тутади.  

2015 йилда Гаванага Шимолий Корея Ишчи партиясининг халқаро алоқалар бўйича котиби Кан Сок Су ташриф буюриб, Рауль Кастро билан учрашув ўтказган. Пхеньянга жавоб ташрифи шу йилнинг ўзида амалга оширилган: Куба давлат кенгаши раиси Мигел Диас-Канел Пхеньянда Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин билан учрашган.

Top