Жаҳон | 22:15 / 05.06.2026
2699
3 дақиқада ўқилади

Трамп Эрон масаласи «ҳал бўлгач» Кубадаги режимни ўзгартириш режасини эълон қилди

Вашингтон Кубада сиёсий режимни ўзгартиришга эришмоқчи ва бу билан Эронга қарши уруш тугаганидан кейин шуғулланади, деди АҚШ президенти Доналд Трамп.

Фото: AP / Evan Vucci

«Бизнинг Куба бўйича жуда яхши режаларимиз бор. Менимча, биз жуда қаттиқ, жуда ёқимсиз бўлган режимдан қутулишимиз керак. Биз Эрон билан шуғулланамиз ва бу иш якунлангач, қайтиш йўлида бироз тўхтаб, Куба билан шуғулланамиз. Биз уларга ёрдам бермоқчимиз», деди Оқ уй раҳбари журналистлар билан мулоқот чоғида.

Ушбу баёнотлар фонида АҚШ Молия вазирлиги Куба раҳбарияти вакилларига қарши янги санкциялар жорий этилишини эълон қилди. Чекловлар остида Куба президенти Мигел Диас-Канел, унинг оила аъзолари, шунингдек, Куба собиқ раҳбари Раул Кастронинг ўғли ва набираси Алехандро Кастро Эспин ва Раул Алехандро Кастро Калис ҳам бор. Бундан ташқари, Куба инқилобий қуролли кучлари вазирлиги, Куба халқлари дўстлиги институти, инқилобни ҳимоя қилиш қўмиталари ва яна бир қатор ташкилотларга қарши санкциялар жорий этилди.

Январь ойида Трамп АҚШ ҳудудида фавқулодда ҳолат эълон қилди ва буни Куба томонидан миллий хавфсизликка таҳдид билан изоҳлади. Шундан сўнг Вашингтон амалда оролни энергетик блокадага олди. Май ойидаёқ Куба ҳукумати мамлакат энергетика тизимининг жиддий ҳолати ҳақида хабар берган эди. Оқ уй раҳбари, ўз навбатида, Куба режимининг яқинлашиб келаётган қулаши ҳақида бир неча бор гапирган. Шу билан бирга, Пентагон Трамп шундай буйруқ берган тақдирда оролда ҳарбий операцияга тайёргарлик кўришни бошлайди, деб хабар берди USA Today манбалари.

Куба ҳукумати АҚШнинг эҳтимолий ҳужумини қайтаришга тайёрлигини маълум қилди.

«Бизнинг қуролли кучларимиз ҳар доим тайёр ва ҳозирда улар ҳарбий тажовуз эҳтимолига тайёргарлик кўрмоқда», деди Куба ташқи ишлар вазири Карлос Фернандес де Коссио.

Айни пайтда АҚШ ва Куба музокаралар олиб бормоқда, унинг давомида Вашингтон Ҳаванага республиканинг амалдаги президенти Диас-Канел истеъфога чиқиши кераклигини билдирди, деб ёзади The New York Times. Америка томони уни қатъий сиёсат тарафдори ва иқтисодиётдаги зарур ислоҳотларга қарши деб ҳисоблайди. The Wall Street Journal маълумотларига кўра, АҚШ маъмурияти 2026 йил охиригача Кубада ҳокимиятни ўзгартиришни режалаштирмоқда.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид